V. МАЛАКАЛАР ҲОСИЛ БЎЛИШ ЖАРАЁНЛАРИГА ХОС ҚОНУНИЯТЛАР
Малакалар ҳосил бўлиш жараёнига хос бир қатор қонуниятлар бор. Улардан асосийларини кўрсатиб ўтамиз.
Малакалар ҳосил бўлиш жараёнларидаги нотекислик
Малакалар ҳосил қилиш жараёнида ижобий ютуқлар билан бир қаторда, баъзан хато, нотўғри ҳаракатларга ҳам йўл қўйилади. Машқларнинг муваффақияти – ижобий ютуқларнинг ўсиши ва кўпайишидан, яъни тўғри ҳаракатларнинг кўпайишидан, хатолар сонининг озайиб боришидан иборатдир.
Ижобий ютуқларнинг ўсиши бир текисда бўлмаслиги мумкин, яъни маълум бир даражада анча вақт тўхтаб, бирдан кўтарилиб кетиб ва вақтинча яна пасайиб кетиши мумкин. Ҳар бир такрордан сўнг, хатолар сонининг озайиши ҳам худди шундай нотекис бўлади.
Малака ҳосил бўлиш жараёнини машқ эгри чизиқлари деб аталувчи кўрсаткичлар ёрдами билан график равишда ифодалаб бериш мумкин.
Машқ эгри чизиғи одатда шундай тузилади; горизонтал чизиқ ёки абсцисса баравар масофаларга бўлиниб, булар орқали такрорлаш миқдори ёки ишнинг кетма-кет бориш вақти (соат, кун, ҳафта ва бошқалар) кўрсатилади. Тик чизиш ёки ордината ҳам баравар масофаларга бўлиниб, улар орқали иш миқдори ёки сифатининг муваффақияти кўрсатилади. Абсцисса ва ординаталардаги бўлинмаларга мувофиқ равишда эгри чизиқ, ишнинг миқдори ва сифати ошганда юқорига кўтарилади, пасайганда эса пастга қараб тушади.
Қуйидаги эгри чизиқлар машқ жараёнида эришилган ижобий кўрсаткичларнинг ўсиши ва салбий кўрсаткичларнинг озайиши қандай борганлигига мисол бўла олади. Эгри чизиқ кўтарилишининг ёки пасайишининг тиклиги машқнинг қанчалик тез ва муваффақиятли бораётганини кўрсатади.
Мана шу юқорида келтирилган машқ эгри чизиқлардан кўриниб турибдики, малака ҳосил қилишдаги муваффақият ҳамма вақт ҳам такрорлаш миқдори ва машқлар вақтининг ортишига муносиб равишда ўсавермайди. Бу ерда икки хил натижа бўлиши мумкин. Баъзи малака ҳосил қилишда машқ эгри чизиғи дастлабки даврга нисбатан секин кўтарилади ижобий ютуқларнинг энг кўп ўсишини машқларнинг ўрта даврида кўриш мумкин. Охирига келиб, эгри чизиқнинг ўсиши секинлашади. Бу шундай ҳолларда бўладики, бунда ҳаракат усуллари мураккаб бўлади ва шу сабабли бирон ишни уддалашга ўрганиш учун кўп вақт сарф қилишга кўп такрор қилишга тўғри келади. Агар ҳаракат усуллари машқнинг дастлабки даврида мураккаб бўлмаса, эгри чизиқ тик кўтарилиб кетади. Машқнинг иккинчи даврида бу эгри чизиқнинг кўтарилиши секинлашади, бундан кейин эса янада кўпроқ секинлашади.
Бу ерда шундай савол туғилади: машқнинг чеки (ўлчови) борми? Маълум даражадан ошгандан сўнг малаканинг такомиллашиши мумкин бўлмай қоладиган чегара борми?
Буржуа фани бу саволга жавоб берар экан, малака тараққиётининг «физиологик чегараси» деб аталувчи сохта ва зарарли назарияни яратди. Бу назарияга кўра, ҳар бир одамда малаканинг тараққиёти маълум чегарагача бориши мумкин, бундан кейин эса малака тараққиёти тўхтар эмиш, бу назария фаталистик руҳдаги ва ҳақиқатга хилоф назариядир. Асли ҳақиқатда малака тараққиётининг чегарасини белгилаб бўлмайди. Маълум даражада такомиллашган малака тараққиётида фақат вақтинча тўхтаб қолиш ҳолати воқе бўлиши мумкин. Лекин бундан сўнг шу малакани янада тараққий эттириш учун эҳтиёж ва имконият туғилиши мумкин. Малаканинг такомиллашиши унинг жуда яхши автоматлашишида, осонлашишида ёки ҳаракатларнинг қайта ўзгариб, жуда тез ва аниқ, бўлишида, хатоларнинг камайишида ва моҳирликни тўла эгаллашда кўринади. Малака тараққиёти техниканинг такомилланишига, ҳунарнинг ва кишининг умумий маданий савиясининг юксалишига боғлиқдир.
Бирон касб юзасидан тажрибанинг ортиши ва шу касбга доир моҳирликнинг узлуксиз равишда юксалиши малакаларнинг такомиллашишига ёрдам беради
Машқ эгри чизиқларида, кўпинча, плато деб аталадиган ҳолатни кўришимиз мумкин. Бу малака тараққиёти давомидаги муваффақиятнинг ўсишини ёки салбий моментларнинг пасайишини вақтинча тўхтаб қолишидир. Машқ эгри чизиқларда плато деярли горизонтал равишда давом этувчи бир бўлак чизиқ тарзида акс эттирилади (48-расм). Плато ҳодисасининг содир бўлишига толиқиш, машққа бўлган қизиқишнинг сусайиши, зерикиш, ишнинг бир хилдалиги ва шунинг кабилар сабаб бўлиши мумкин. Ҳаракат усулларининг мукаммал бўлмаслигини ҳам шу сабаблар қаторига қўшиш мумкин баъзан бу усуллар малаканинг самаралилигини маълум даражагача олиб чиқиб, ундан кейин тараққий эттирмай сусайиши мумкин. Бундай ҳолда машқ эгри чизиғи маълум бир даражада тўхтаб қолади. Агар борди-ю янгича ҳаракат усуллари эгаллаб олинса, бундай пайтда даставвал, яъни янги ҳаракат усуллари ўзлаштирилгунча машқ эгри чизиғи ҳам маълум бир даражада тўхтаб тура бериши мумкин. Машқ эгри чизиғининг кейинги, яъни платодан сўнгги кўтарилиши, янги ҳаракат усулларининг илгаригиларига қараганда анча такомиллашган эканини кўрсатади.
Малака ҳосил қилишда баъзан кўтарилган машқ эгри чизиғининг гоҳо-гоҳо пастга тушиб кетишини ҳам кўриш мумкин. Бунда машқ эгри чизиғи кунгура-кунгурадек кўринади. Бу ҳодиса, биринчидан, машқнинг тасодифий ноқулай шароитда ўтишига, яъни кайфиятнинг ёмонлигига, толиқишга, диққатнинг бошқа нарсаларга чалғиб кета беришига ва шунинг кабиларга боғлиқ. Иккинчидан, бошқа мураккаброқ, такомиллашганроқ иш усулига ўтиш ҳам машқ эгри чизиғининг қуйи тушишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда машқ эгри чизиғининг ҳам ва платонинг ҳам вақтинча қуйи тушиши батамом қонуни ҳодиса бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |