Режа
Кириш...............................................................................................................3
Валюта курси режимлари ва унинг турлари..............................................5
Валюта курси режимларига таъсир этувчи омиллар................................12
Валюта курси режимларини ифода этувчи асосий кўрсаткичлар ва уларнинг таҳлили........................................................................................20
Валюта курси режимларини такомиллаштириш йўналишлари.............38
Кириш Мавзунинг долзарблиги. Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат сифатида жаҳонга танилган биринчи куниданоқ ташқи иқтисодий алоқаларга катта эътибор бериб келинди. Ҳеч бир давлат ташқи иқтисодий алоқаларсиз мукаммал ривожлана олмайди. Шу сабабли хўжалик юритувчи субъектларга ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қўшма корхоналарни барпо этиш ва иқтисодиётга чет эл сармояларини жалб этиш учун Ўзбекистон Республикасида кенг имконият ҳамда шароитлар яратиб қўйилди.
Мустақилликнинг биринчи куниданоқ ушбу масала Республика Президенти ва Ҳукуматининг диққат эътиборида бўлди. Дастлаб Ўзбекистон Республикаси миллий пул бирлиги "сўм"ни муомалага киритиш ва ҳозирги кун орасидаги давр мобайнида республикада валюта тизимини барпо этиш, уни ривожлантириш билан боғлиқ бир талай ишлар амалга оширилди. Натижада Республикамизда валюта биржаси шаклланди ва у валюталар олди-сотдиси билан боғлиқ оператсияларни мувафаққиятли амалга ошириб бормоқда.
Кейинги йилларда валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолияти соҳасини такомиллаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвеститсияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий, экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришларни ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини барқарор ривожлантиришга хизмат қилгани қайд этилди.
Мақбул миқдорда ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича изчил амалга оширилаётган сиёсат Ўзбекистоннинг мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган ишончли, тўловга лаёқатли халқаро шерик сифатидаги имиджини таъминлади, кейинчалик валюта курсини либераллаштириш учун зарур олтин-валюта захирасини шакллантириш, валюта ресурсларини реал иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизатсия қилиш, техник қайта жиҳозлаш ва диверсификатсия қилишнинг устувор соҳаларига йўналтириш, жаҳон молиявий инқирозининг салбий оқибатларини юмшатиш имконини берди. Шу билан бирга, валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солиниши алоҳида тармоқлар ва хўжалик юритувчи субектлар учун имтиёз ва преференсияларнинг асоссиз равишда кам самарали бўлган тизимини шакллантирди, бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келиши ва рақобатнинг бозор тамойиллари бузилишига олиб келди, хорижий инвеститсияларни жалб қилишда, товарлар ва хизматлар экспортини оширишда, умуман, мамлакатимиз иқтисодий ривожланишида тўсқинлик қилувчи омилга айланди.