Курс ишининг мақсади ва вазифаси: Курс ишининг мақсади Валюта курси режимлари ва унинг турларини таҳлил этишда шахсий фикрларни беришдир.
Курс ишининг вазифалари қуйидагиларни курс ишининг бўлимлари сифатида ёритишдир:
Валюта курси режимлари ва унинг турларини ёритиш
Валюта курси режимларига таъсир этувчи омилларни ўрганиш
Валюта курси режимларини ифода этувчи асосий кўрсаткичлар ва уларнинг таҳлил қилиш
Валюта курси режимларини такомиллаштириш йўналишларини ўрганиш
Валюта курси режимлари ва унинг турлари.
Ташқи иқтисодий муносабатлар тараққиёти турли мамлакатларнинг валюталари қийматининг ўзаро нисбатини ўлчашни талаб этади. Шу сабабли валюта курси валюта тизимининг муҳим элементи ҳисобланади.
Ҳар бир мустақил давлат ўзининг валюта сиёсати стратегиясида валюта курси режимини танлаш ва уни ислоҳ қилиш борасида комплекс чоратадбирлар тизимига таянилган (фундаментал макроиқтисодий тадқиқотлар таъсиридаги) концептуал илмий асосларига эга бўлиши зарурдир. Бу борада қўйилган биринчи муҳим қадам (гап аввал бошданоқ валюта сиёсатидаги концептуал стратегиянинг мавжуд бўлиши ҳақида боряпти) кейинги даврлар ислоҳотлари учун дастурул амал ҳисобланади.
Ҳеч кимга сир эмаски, бизда, бу борада аввал бошданоқ узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқилмаган. Валюта сиёсати муносабатларига оид қабул қилинган ва қилинаётган комплекс чора-тадбирлар тизими қисқа муддатли даврларга йўналтирилган. Шундай бўлсада, валюта сиёсати муносабатларида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларига замин яратишга ҳисса қўшмоқда. Мана шу замин асосида амалга ошириб келинаётган валюта сиёсати ислоҳотларининг валюта курси режими билан боғлиқ айрим жиҳатларига ўз эътиборимизни қаратмоқчимиз.
Валюта курси режимини оқилона танлаш нафақат ички муносабатларга, шу билан бирга ташқи муносабатлар учун ҳам энг муҳим масалалардан ҳисобланади. Айниқса ушбу омил мамлакатимизнинг асосий савдо шериклари ҳудудида юритилаётган валюта курси режимига жуда таъсирчан аҳамият касб этади. Ҳар хил ёки бир хил валюта курси режимида бўлган мамлакатлар ўртасида ташқи савдо алоқаларини олиб бориш ўзига хос афзаллик ва камчиликларга эгаки, бу ўз навбатида, давлатлар ўртасидаги савдо алоқалари ва рақобат муҳитини ривожлантириш масалаларини долзарб вазифага айлантиради.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндошганда, мазкур жиҳат кўпгина мамлакатларда ўз валюта сиёсати методологиясини жаҳон иқтисодий-молиявий коньюнктурасида юз бераётган ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда мунтазам мониторинг қилиб боришни ва уни босқичма-босқич эркинлаштириш чоратадбирларини устувор йўналишлар сифатида белгиламоқда.
Мана шундай ёндошувдан келиб чиққан ҳолда биз ушбу параграфимиз доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган валюта сиёсатининг валюта курси режими масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, унинг истиқболдаги ҳаракат траекторияси қайси йўналишда бўлиши лозимлиги ҳақида ўз илмий қарашларимизни баён қиламиз.
Валюта курси режимига оид дастлабки назарий қарашлар классик иқтисодчи олим Дж.М.Кейнс томонидан амалга оширилган. У валюта тизимидаги олтин стандарт (1821-1914), олтин-валюта стандарти (1915-1931) ва валюта стандарти (Бреттонвудс, 1944-1976) босқичларини ўша даврнинг энг йирик марказий банклари ҳисобланган Англия ва АҚШ марказий банклари мисолида тадқиқ қилиб, уларни ўзаро таққослаб, қуйидаги муҳим хулосага келган: бошқариладиган валюта курси режими (Managed floats) қатъий белгиланган (Fixed) ёки эркин сузувчи (Free floats) валюта курси режимига нисбатан бир қанча устуворликка эга бўлиб, уни оқилона бошқариш ҳисобидан валюта курси ва фоиз ставкаларининг тебранишларини мўътадиллаштириш ҳамда ишсизлик муаммосини сезиларли даражада камайтириш мумкин, дея таъкидлаган. Бу билан муаллиф ўз тадқиқотида уч турдаги валюта курси режими мавжудлигини эътироф этган.
Ушбу масала юзасидан бошқа бир иқтисодчи олим тамомила тескари фикрни билдиради. Хусусан, Роберт Манделл ўзининг “Мақбул валюта ҳудуди” деб ном олган назариясида муайян ҳудуддаги мамлакатлар учун ягона валюта, ягона валюта режими ва ягона пул-кредит тизими бўлиши кераклиги тўғрисидаги фикрни билдирган. Айнан муаллифнинг ушбу назарий қарашларига мувофиқ 1999 йилда Евро ҳудудида ягона валюта, ягона валюта режими ва ягона пул-кредит тизими жорий қилинишига муваффақ бўлинган. Аммо бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, евро ҳудудида бўлган мамлакатлар ўз миллий валюталари курсини Евро ва бошқа мамлакатлар валюталарига нисбатан доимий равишда мониторинг қилиб борадилар. Бу уларни фавқулодда ҳолатлар ва бошқа сабабларга кўра евро ҳудудидан чиқишда муаммоли вазиятларга тушиб қолмаслик мақсадида амалга оширилади.
Манделлнинг ушбу назариясини қўллаб-қувватловчи иқтисодчилар бу ҳақда қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришади. Хусусан, Бордо иқтисодий интеграция ҳудудда қатъий валюта курси режимининг барқарорлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланишини таъкидлайди. Шунингдек, мақбул валюта ҳудуди унга аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини ривожлантириш билан бирга ва улар ўртасида ҳар хил кутилмаган молиявий-иқтисодий инқирозларни (шокларни) бартараф этишда ҳам қўл келиши мумкинлигини таъкидлайди.
Валюта курси режимини танлаш борасида Р.Манделл ва М.Фридманларнинг баҳс-мунозаралари эътиборга лойиқдир. Икки таниқли иқтисодчи қатъий ва эркин валюта курси режими назарияси тўғрисида бирбирига қарама-қарши фикрларни билдиришади. Хусусан, Фридман кўпроқ эркин валюта курси режимини ёқлаб фикр-мулоҳаза билдирса, Манделл эса қатъий валюта курси режимининг устуворликлари ҳақида тўхталади1.
Валюта курси режими билан боғлиқ яна бир фундаментал тадқиқот Р.Манделл қаламига мансубдир. Муаллифнинг валюта курси режими назариясига қўшган муҳим ҳиссаси шундаки, у “Номутаносиб учлик” (impossible trinity or trillemma) деб номланган жумбоқли назарий қарашни илгари суради. Хусусан, муаллиф ушбу назарияда мамлакатлар ўз ташқи иқтисодий муносабатларини тартибга солишда учта иқтисодий воситадан фақат иккитасини танлаш имкониятига эга эканликлари таъкидланади. Булар очиқ капитал бозори, мустақил пул-кредит сиёсати ва қатъий валюта курси режими билан боғлиқ воситалардир. Ҳар учала иқтисодий воситани бир вақтда қўллаб бўлмаслиги, ушбу тадқиқотнинг объекти ҳисобланган. Мамлакатлар ўз ижтимоий-иқтисодий имкониятлари ва манфаатларига кўра ушбу учликнинг фақат иккитасини танлаган ҳолда ички ва ташқи муносабатларни амалга оширмоқдалар. Айни вақтда Ўзбекистонда қатъий (бошқариладиган) валюта курси режими ва қаттиқ пул-кредит сиёсати воситалари амалиёти амал қилмоқда.
Мазкур назарий қарашнинг тарихий омили сифатида олтин стандарт тизимини келтириб ўтиш мумкин. Олтин стандарт тизими даврида очиқ капитал бозори ва қатъий валюта курси режими воситаларининг танланиши жуда самарали ҳисобланган. Урушлар сабабли ушбу тизим ўзининг аҳамиятини йўқотди. Унинг ўрнига пул-кредит воситаси муҳим омилга айланди. Пулкредит воситаси орқали ишсизлик муаммоларини ҳал этишга асосий эътибор қаратила бошланди. Бреттонвудс валюта тизимига асос солиниши билан қатъий (бошқариладиган) валюта курси ва пул-кредит воситалари жуфтлиги мамлакат иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида эътироф этила бошланди. Капиталлар ҳаракати қаттиқ назорат остига олинди.
Валюта курси режимини муайян ҳудудий бирликларга кўра танлаш борасидаги ёндошувларда асосан иккита, яъни интеграциялашган (ҳудудий интеграция –Евро ҳудуд) ва интеграциялашмаган (мустақил) ёндошувлар мавжуддир. Интеграциялашган шаклдаги ёндошув кўпроқ эркин валюта курси режимига мойилликни ифодаласа, мустақил шаклдаги ёндошув эса қатъий ёки аралаш турдаги валюта курси режимини ифодалайди.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам давлатлар ўзларининг ўзига хос танлаган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлига (очиқ ёки ёпиқ иқтисодий сиёсатни юритиш, иқтисодий интеграция ва ҳак.), ташқи сиёсатда тутган позициясига (иттифоқчилик, блокларга қўшилиш ва ҳак.), бир қатор иқтисодий омилларга (пул-кредит, солиқ-бюджет, ташқи савдо ва бошқа институционал тизимларининг ривожланганлик даражаси) ҳамда табиий-ресурсларининг салоҳиятига кўра у ёки бу валюта курси режимини танлаш бўйича қарор қабул қилишлари мумкин.
Ушбу танлов ўз аҳамиятига кўра, маълум бир даврлар оралиғида яхшиланиш ёки ёмонлашиш тенденциясига эга бўлиши мумкин. Яхшиланиш тенденцияси валюта курси режими сиёсатига оид чора-тадбирларнинг такомиллашувини (эркинлаштириш жараёнларини) назарда тутса, ёмонланиш тенденцияси (чекловлар жараёнини) унинг аксини ифодалайди.
Валюта курси режими таснифини танлашда валюта курсини шакллантириш масаласи ўта муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис, у билан боғлиқ айрим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Маълумки, валюта курсини шакллантиришнинг бир нечта назарий моделлари мавжуд бўлиб, улардан асосийлари монетар модел, баланслашган портфелли модел, умумий мувозанат модели ҳамда валюта бозоридаги микроструктуравий ўзгаришлар2ни ҳисобга олган ҳолда шаклланадиган модел.
Айни вақтда биз ушбу номлари қайд этилган моделларнинг туб замиридаги концепциялар ҳақида фикр билдирмоқчимиз. Мазкур моделларнинг асосини Харид Қобилияти Паритети (ХҚП)3 концепцияси ташкил этади. Ушбу концепция илк бор Швециялик иқтисодчи олим Густав Кассель томонидан ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон айни вақтда ўз валюта курси режими таснифини ислоҳ қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар стратегиясига эга эмас. Фикримизча, мамлакатимиз бу борада ўзининг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиши ва қабул қилиши лозим. Хусусан, стратегияда қуйидагилар ўзининг аниқ ечимига эга бўлиши керак:
а) валюта курси режими таснифини ислоҳ қилишнинг аниқ мақсадга қаратилган босқичлари ва муддатлари;
б) валюта муносабатларини ислоҳ қилиш ва эркинлаштиришнинг устувор йўналишлари ва мақсадли параметрлари;
в) валюта курси шаклланишининг аниқ методологияси;
г) валюта сиёсати инструментларидан фойдаланишнинг чекланган меъёрлари ва талаблари (ваколатлар доирасида тақсимланиш, тартибга солиш ва мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан);
д) электрон валюта бозори тизимига тўлиқ ўтишнинг аниқ босқичлари ва муддатлари (жисмоний ва юридик шахслар бўйича, шу жумладан норезидент жисмоний ва юридик шахслар бўйича табақалаштирилган механизм назарда тутилмоқда);
с) валюта муносабатлари қонунчилик асосларини такомиллаштириш шулар жумласидандир.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг мавжуд валюта курси режими таснифи асосий савдо шерик мамлакатлар валюта курси режими таснифлари билан етарлича мувофиқлаштирилмаган. Хусусан, 4та асосий савдо шерик мамлакатлар билан (булар Қозоғистон, Корея Республикаси, Туркия ва Украина давлатлари) “Сузувчан” валюта курси режимида, 2та шерик давлат (Россия ва Германия) билан “Эркин сузувчан” валюта курси режимида, битта шерик давлат, яъни Хитой билан “Бошқа бошқариладиган боғлиқлик”даги валюта курси режимида ўз ташқи савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Бу эса ўз навбатида, халқаро валюта муносабатлари механизмларидаги манфаатлар муштараклигига салбий таъсирини ўтказмоқда. Шу боис, мамлакат валюта курси режимини амалга оширилаётган валюта сиёсатининг либераллашув йўналишлари ва аксарият савдо ҳамкорлар валюта курси режимларининг “сузувчан” ва “эркин сузувчан” таснифда эканлигини инобатга олиб, уни “сузувчан” валюта курси режими таснифига ўтказиш мақсадга мувофиқдир;
Валюта курси режими таснифининг ўзгартирилиши монетар сиёсат йўналишлари таркибининг ҳам қайта кўриб чиқилишини тақозо этади. Шу боис, мазкур жараёнда ҳам асосий савдо шерик мамлакатлар амалиётига эътибор қаратган ҳолда уни “монетар агрегатлар таргети” йўналишидан “инфляцияни таргетлаш” йўналишига ўтказиш мақсадга мувофиқдир;
ХВФ томонидан валюта курси режими таснифларига қуйиладиган талаб ва мажбуриятлар тизимига амал қилиш механизми етарлича такомиллашмаган. Фикримизча, мамлакатлар олдига валюта курси режими таснифига оид ислоҳотлар талабларини қатъий равишда белгилаш ва унга амал қилиш тизимини кучайтириш лозим. Бунда ҳар бир давр ва ислоҳотлар босқичи аниқ муддат билан белгиланиши ва орқага қайтиш кучига эга бўлмаслиги лозим. Бошқача айтганда, валюта курси режими таснифидаги ислоҳотлар жараёнига “орқага қайтмаслик” тамойилини жорий мақсадга мувофиқдир. Бу эса ўз навбатида, ХВФга аъзо бўлган давлатларнинг ислоҳотларни амалга ошириш бўйича қабул қилаётган қарорларининг ижроси ва аҳамиятини ошириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.