Керакли жиҳозлар:
Сонлар тасвирланган карточкалар (бўйи 10см, эни 10см).
Кичик ўлчамдаги геометрик шакллар тўплами.
Кичик ўйинчоқлар.
Фаолиятнинг бориши:
Тарбиячи: Болажонлар, 1 дан 10 гача бўлган сонларни ёзувда фарқлашни, тўғри ва тескари санашни ўрганиб олдингиз. 1 дан 10 гача бўлган ёнма-ён турган сонларнинг орасидаги муносабатлар ҳақида ҳам биласизларми?
Болаларнинг ҳар бирига карточкалар ва геометрик шакллар берилади. Тарбиячи сонли карточкани кўрсатади ва карточкада қайси сон тасвирланган бўлса, болалар ўзларидаги карточканинг юқори қаторига шунча доира шаклини теришади.
Тарбиячи: Болажонлар, карточкада қайси сон тасвирланган?
Болалар: 1.
Тарбиячи: Тўғри, демак сиз 1 та доира шаклини карточкангизнинг юқори қаторига санаб қўйиб чиқинг. (Тарбиячи иккинчи карточкани кўрсатади). Болажонлар, кейинги қаторга мана бу сонга тенг бўлган квадратларни териб чиқинг. Нечта квадратни териб чиқдингиз?
Болалар: 2 та квадратни.
Тарбиячи: Кейинги қаторга мана бу карточкадаги сон миқдорида учбурчакларни териб чиқинг. Нечта учбурчак териб чиқар экансизлар?
Болалар: 3 та учбурчакларни териб чиқамиз.
Тарбиячи: Болажонлар, 1 2 дан 1 та кичик, 2 1 дан 1 та ортиқ. 2 3 дан 1 та кичик, 3 2 дан 1 та ортиқ. Агар кичик сонга 1 та қўшилса, кейинги сон ҳосил бўлади. Катта сондан 1 та олинса, олдинги кичик сон ҳосил бўлади.
Худди шу тарзда 10 гача бўлган сонлар орасидаги муносабатлар тушунтириб берилади.
Болаар учун амалий иш.
Ҳар бир болага кичик ўйинчоқлар берилади. Болалардан бири бирорта сонни айтади, масалан: 6. Болалар дарҳол шу сондан олдинги ва кейинги сонларни айтадилар: 5 ва 7. 3 та сонга тенг келадиган ўйинчоқларни стол устига 3 қатор қилиб териб чиқадилар. Амалий иш шу тариқа давом этади.
Билимларни мустаҳкамлаш учун ўйин: “Атомлар”.
Болаларга ўйиндан олдин атомлар ҳақида қисқача маълумот берилади: “Болажонлар, сизлар атомлар ҳақида эшитганмисиз? Ҳар бир нарса молекулалардан ташкил топган. Молекулалар атомлардан ташкил топади. Атомлар тинимсиз ҳаракат қилиб туради, яъни бирлашиб, ажралиб яна бирлашиб. Биз ҳозир сизлар билан мана шу атомларнинг ҳаракат жараёнини ўйнаб кўрамиз”. Болалар хона бўйлаб юрадилар. Бошловчи: “Атомлар бир қаторга терилинглар”, деса болалар бир қаторга териладилар. Бошловчи: “Атомлар 5 тадан бирлашинг” деса, болалар 5 тадан бирлашадилар. Бошловчи “Атомлар ҳаракатда” деса, болалар ажралиб хоҳлаган ҳаракатини қиладилар. Бошловчи “Атомлар 6 тадан бирлашинг” деса болалар 6 тадан бирлашадилар. Бошловчи “Атомлар ҳаракатда” деса болалар ажралиб хоҳлаган ҳаракатини қиладилар. “Атомлар 7 тадан бирлашинг” деса, болалар 7 тадан бирлашадилар. “Атомлар 4 тадан бирлашинг” деса, болалар 4 тадан бирлашадилар. “Атомлар 3 тадан бирлашинг” деса, болалар 3 тадан бирлашадилар. “Атомлар 2 тадан бирлашинг” деса 2 тадан бирлашадилар. Ўйин шу тариқа давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |