Симқурт
Симқурт карам, картошка, помидор, лавлаги ва пиёз экинларини кемириб, зарарлайди. Симқуртнинг бир қанча турлари мавжуд бўлиб, уларнинг личинкалари кўпроқ зарар етказади. Личинкалар симсимон, ингичка бўлиб, узунлиги 1,5- 2,5 см га боради. Ранги оч-қўнғир, қўнғизлари тўқ қўнғир ёки қора тусда бўлади. Катталиги 1 см гача етади. Личинкалари ва қўнғизлари қишлайди. Симқуртнинг турларига қараб, ривожланиш даври ҳам 3-4 йилгача чўзилиши мумкин. Яъни, улар 3-4 йилда бир марта авлод беради. Тўйиб етилган личинкалар кузда қўнғизга айланади ва улар тупроқ, қуруқ гўнглар остида қишлаб, баҳорда қишлашдан чиқади. Симқуртнинг айрим турлари, яъни, чўп симқуртининг личинкалари охирги ёшида қишлаб, баҳорда ёки ёзда қўнғизчага айланади. Улар кўпинча тупроқ остида яшайдилар. Урғочи қўнғизлар тупроқ кесакчаларининг орасига ёки қуруқ
гўнгларнинг юза қисмига битталаб ёки туп-туп қилиб 150 тагача тухум қўяди. Тухумлардан 30-40 кундан сўнг сариқ бошли оқ рангли личинкалар чиқади. Личинкалар катталашган сари тепа қисми сарғая боради. Личинкалар ёшлик даврида ўсимлик қолдиқлари ва ер ости ўсимликлари билан озиқланадилар.
Симқуртга қарши кураш чора-тадбирлари: Экин майдонлари кузда чуқур қилиб шудгорланади. Уруғларга экишдан аввал Фундазол дориси билан ишлов берилади. Бунинг учун 1 кг уруғ бироз намланиб, сўнгра унга 4- 7 грамм Фундазол аралаштирилади. Ўсимликнинг ўсув даврида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш симқуртлар билан зарарланишнинг олдини олади. Ўсимликнинг ўсиш даврида унга Фосфорли ва Аммиакли ўғитлардан гектарига 2-3 центнер солиш тавсия этилади. Ўсимликка 2,5% ли Децис (0,5 литр/га) ёки Фенкил дорисидан (0,6 литр/га хисобидан) пуркалади
Карам оқ капалаги
Оқ капалак қанотлилар оиласига мансуб бўлиб, қанотлари сарғиш тусда, олдинги қанотининг учида битта ва ўртасида иккита, кейинги қанотида эса қора доғлари бўлиб, уларни ёзганда ўлчами 5-6 см га етади. Карам ок капалагининг қуртларининг сариқ кўкиш чизиқлари бўлиб, ён биқинида қора доғлари бўлади ва тукчалар билан қопланиб туради. Қуртлар охирги ёшга етганда катталиги 4 см гача бўлади. Карам оқ капалагининг қуртлари ўсимлик баргларини кемириб, зарар келтиради. Натижада зарарланган карамлар умуман бош ўрамайди. Чунки қуртлар ўсимлик баргларини кемириб, факат ўзакларини қолдиради ва ундан сўнг бошқаларини ҳам зарарлайди. Карам оқ капалаклари март ойининг охири ва апрель ойи бошларидан чиқа бошлайдилар. Улар ўсимлик нектарлари билан озиқланадилар. Капалаклар оталанганидан сўнг 3-5 кун ўтгач, ўсимлик баргларининг орқа қисмига туп-туп қилиб тухум қўядилар. Она капалак 400- 600 тагача тухум қўяди. Тухумларнинг ранги оч сариқ бўлиб, орадан 5-6 кун ўтгач, тухумлардан личинкалар чиқади. Кейинчалик бу личинкалар қўғирчоқка айланадилар. Қўғирчоқлар ўзлари зарар келтирган ўсимлик
баргларининг орқа қисмида ёки дала атрофидаги дарахтларнинг ёриқларида ўзларини белидан бойлаб қўйган холда қўғирчоқлик даврини ўтказадилар. 1-
2 хафтадан сўнг қўғирчоқлардан капалаклар учиб чиқади ва улар бир мавсумда 5-6 маротаба авлод бериб кўпаяди. Табиатда карам ок капалагининг кушандалари кўп бўлиб, улардан бири Апанбелесдир. Битта она Апанбелес хаётининг охирига кадар 60-70 тагача қуртни зарарлаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |