VIII-Боб. НОТИЖОРАТ ЮРИДИК ШАХСЛАР
1-§. Матлубот кооперативи - юридик шахс сифатида
Матлубот кооперативи тижоратчи бўлмаган юридик шахс хисобланади. Амалдаги ФКнинг 73-моддасига асосан иштирокчиларнинг моддий (мулкий) эҳтиёжларини қондириш мақсадида фуқароларнинг аъзолигига асосланган ихтиёрий бирлашмаси матлубот кооперативи ҳисобланади ва бирлашув унинг аъзолари томонидан ўз мулкий (пай) бадалларини қўшиш йўли билан амалга оширилади.
Матлубот кооперативининг ташкилий-ҳуқуқий шакли уни нотижорат ташкилотлар тизимида объектив ажратиб кўрсатувчи ва уни бошқа шаклларидан жиддий даражада фарқлаб турувчи муайян фуқаролик-ҳуқуқий белгилар ва механизмларнинг мажмуидан иборат.18
Матлубот кооперативининг олий бошқарув органи кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши хисобланади.
Матлубот кооперативи уставида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: унинг номи, манзили, фаолиятининг мақсадлари, кооператив аъзолари қўшадиган пай бадалларининг миқдори, кооператив аъзолари пай бадалларининг таркиби ва уларнинг қўшиш тартиби, бадални қўшиш мажбуриятини бузганлик учун жавобгарлик, кооперативни бошқариш органларининг таркиби ва ваколатлари, улар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, шу жумладан, қарорлар бир овоздан ёки овознинг кўпчилиги билан қабул қилинадиган масалалар ва шунингдек, кооператив кўрган зарарларни кооператив аъзолари томонидан тўлаш тартиби, кооперативнинг қайта ташкил этилиши ва фаолиятининг тугатилиши, матлубот кооперативининг филиаллари ва ваколатхоналари тўғрисидаги масалалар кўрсатилади.
Матлубот кооперативининг номидан унинг фаолиятини асосий мақсади кўрсатилиши, шунингдек,“кооператив” сўзи ёки “матлубот жамияти” деган сўзлар бўлиши керак.
Матлубот кооперативининг аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича ҳар бир кооператив аъзоси тўлайдиган қўшимча бадалнинг тўланмаган қисми доираси субсидиар жавобгар бўладилар. Бу ҳолда кооператив аъзолари солидар жавоб берадилар (ФКнинг 73-моддаси, 5-банди).
Матлубот кооперативининг аъзолари кўрилган зарарни йиллик баланс тасдиқланганидан кейин уч ой мобайнида қўшимча бадаллар тўлаш йўли билан қоплашлари шарт. Ушбу бурч бажарилмаган тақдирда кооператив кредиторларнинг талабларига мувофиқ суд томонидан тугатилиши мумкин.
Матлубот кооперативининг аъзолари унинг мажбуриятлари бўйича ҳар бир кооператив аъзоси тўлайдиган қўшимча бадалнинг тўланмаган қисми доирасида субсидиар жавобгар бўладилар. Бу ҳолда кооператив аъзолари солидар жавоб берадилар.
Матлубот кооперативининг тижорат фаолиятига нисбатан ФКнинг тижоратчи ташкилотлар тўғрисидаги қоидалари қўлланилади.
Матлубот кооперативларининг ҳуқуқий мақоми, шунингдек, улар аъзоларининг ҳуқуқ ва бурчлари ФКга ва бошқа қонунларга мувофиқ белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |