Зарар деликт жавобгарлигининг асоси сифатида. Зарар (зарарнинг мавжудлиги) деликт жавобгарликнинг бевосита зарурий асоси ҳисобланади. Зарар мавжуд бўлмаганда деликт жавобгарлик ҳақида сўз бўлиши ҳам мумкин эмас.
Агар, баьзи ҳолларда шартнома билан белгиланадиган жавобгарлик мажбуриятни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун кредиторга зарар етказилиш ёки етгазилмаслигидан қатъи назар, бегиланса, шартномадан ташқари билгиланадиган жавобгарлик зарар бўлмаган тақдирга вужудга келиши мумкин эмас90.
Деликт жавобгарлигининг асоси сифатида зарар деганда фуқаролик ҳуқуқи субъектига тегишли мол-мулк шикастланиши ёки нобуд бўлиши натижасида, шунингдек фуқаронинг соғлиғига шикаст етиши ва вафоти натижасида вужудга келадиган салбий мулкий ва номулкий оқибатлар тушунилади.
ФКнинг 14-моддасида эса, зарар тушунчаси бузилган ҳуқуқни тиклаш воситаси сифатида таърифланади. Шу билан бирга бозор муносабатлари шароитида зарарнинг икки кўриниши мавжуд бўлиши ҳам мазкур моддада ифодаланган. Ушбу моддага мувофиқ, зарар деганда ҳуқуқи бузилган шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган харажатлари, унинг мол-мулки йўқолиши ёки шикастланиши (ҳақиқий зарар), шунингдек бу шахс ўз ҳуқуқлари бузилмаганида одатдаги фуқаролик муомаласи шароитида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари (бой берилган фойда) тушунилади. Н.Эгамбердиева эса зарар тушунчасини қуйидаги уч ҳолат асосида тушунишни таклиф этади: а) ҳақиқий зарар; б) бой берилган фойда; в) маънавий зарар91. Албатта зарар тушунчасини бундай тартибда уч «турга» бўлиш ўзига хос назарий аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, етказилган зарар миқдорини аниқлашда ва жавобгарликни белгилашда зарарни ўзига хос тарзда «туркумлаш» муҳим ўрин тутади.
ФКнинг 985-моддасига мувофиқ, зарар «шахсга» ёки «мол-мулкка» етказилади. Мол-мулкка етказилган зарар деганда, одатда шахснинг мулкий мол-мулки камайиши ёки уларнинг қиймати пасайиши тушунилади. Баъзан, мулкий зарар жабрланувчининг зарар етказишдан олдинги ҳолати ва кейинги ҳолати ўртасидаги мулкий фарқ сифатида ҳам белгиланади.
Шахсга зарар етказишда ҳуқуқбузарлик объекти бўлиб, номоддий неъмат ҳисобланган – фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғи тушунилади. Бироқ, мазкур зарар бўйича мажбурият вужудга келишида асосий эътибор мулкий ҳолатга қаратилади, яъни мулкий зарар қопланади. Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллардагина маънавий зарар ундирилади. Бироқ ҳамма вазиятларда ҳам зарар мулкий кўринишда қопланади. Зеро, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик ҳар доим мулкий кўринишда намоён бўлади92.
Таъкидлаш лозимки, фуқаролик ҳуқуқида зарар тушунчаси билан бирга, зиён тушунчаси ҳам қўлланилади. ФКнинг 1009-моддаси боқувчиси вафот этганлиги натижасида зиён кўрган шахсларга зарарни қоплаш қоидаларини белгилайди. Бироқ, фуқаролик қонунучилигида бу икки тушунча ўртасида фарқ борлиги эътироф этилмайди. Кўпчилик вазиятлар «зарар» ва «зиён» атамалари синоним сўзлари сифатида қўлланилади. Шу билан бирга пул кўринишидаги зарар (русча - убыток) атамаси ҳам мавжуд бўлиб, одатда бу атама мутахасисслар томонидан мулкий зарарнинг пул кўринишидаги ифодаланиши сифатида талқин этилади93. Зарарнинг мазкур кўринишлари ўзига хос мустақил аҳамият касб этмаслигини таъкидлаган ҳолда маънавий зарар деликт мажбуриятларида алоҳида ўрин тутишини эътироф этиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |