Дилект мажбуриятларининг ҳуқуқий табиатини аниқлашда, мажбуриятнинг мазкур турини фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик тушунчаси билан ўзаро нисбатани белгилаш алоҳида аҳамият касб этади. Ҳуқуқий адабиётларда «зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият» ва «зарар етказганлик учун жавобгарлик тушунчалари» айний тушунчалар сифатида қўлланилади, ҳамда «жавобгарлик» тушунчаси бу ҳолатда асосий ўринни эгаллайди75. Мазкур ҳолат ФКнинг 57-бобида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, ушбу боб «зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар» - деб номланса, бобнинг биринчи моддаси (ФКнинг 985-моддаси) зарар етказганлик учун жавобгарликнинг умумий асосларига бағишланади. Шу билан бирга кейинги моддаларда ҳам асосан «мажбурият» тушунчаси эмас, «жавобгарлик» тушунчаси қўлланилади. Бу эса ушбу тушунчалар ўртасида қарама-қаршилик мавжуд эмаслигини, уларнинг узвий боғлиқлигини англатади76.
Фуқаролик ҳуқуқий жавобгарлик деганда, мулкий тусдаги санкцияларни ҳуқуқбузарга нисбатан татбиқ этиш тушунилади. Фуқаролик ҳуқуқининг умумий асосларига мувофиқ, фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик мулкий тусга эга бўлиб77, шартномали мажбуриятларга ҳам, шартномадан ташқари вужудга келадиган мажбуриятларга ҳам татбиқ этилади. Бироқ, шартномали мажбуриятларда жавобгарлик иккиламчи тусга эга бўлади. Фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик шартномали мажбуриятларни «кузатиб боради» ва мажбурият бузилгандагина қўлланилади. Агар мажбурият лозим даражада бажарилса, жавобгарлик масаласи вужудга келмайди.
Зарар етказишдан вужудга келадиган мажбуриятларда эса, жавобгарлик ҳуқуқбузарлик факти асосида вужудга келади. Яъни, зарар етказишдан вужудга келадиган мажбурият вужудга келиши билан у ўз мазмунида жавобгарликни, ҳуқуқбузарга санкция қўллаш имкониятини мавжудлигини ифодалайди. Албатта бу вазиятда жавобгарлик бошқа бир мажбуриятни тўлдирмайди, «кузатмайди» (шартномали мажбуриятлардаги каби), у зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлардаги ҳуқуқбузар мажбуриятининг мазмунини ташкил этади.
Етказилган зарар учун ҳуқуқбузар қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда етказилган зарар қоплаш шаклидаги жавобгарликка тортилади.
Таъкидлаш лозимки, баъзи хорижлик юристлар деликт ҳуқуқи ва у билан боғлиқ доктриналар тезликда эскириб ўз аҳамиятини йўқотиб бораётганлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга оид бўлган ҳолатлар «техника асрида аравани бошқариш қоидаларига ўхшаш» дир. Зеро замонавий жамиятда зарарларни қоплашнинг катта қисми суғурта хизматининг зиммасига тушади78. Баъзи мутахассислар эса, бу ҳолат (зарарни қоплашда суғурта хизматидан фойдаланиш) «дилект ҳуқуқини кўмиш» учун асос бўлмаслигини, етказилган зарарларни қоплашда суғуртанинг ўрни шубҳасиз катта эканлигини, бироқ, суғурта институти деликт ҳуқуқи билан биргаликда қўлланилиб келинаётганлигини ва бу ҳолат узоқ вақт давом этишини таъкидлашади79. Дарҳақиқат, етказилган зарарни қоплашда суғурта хизматининг ўрни беқиёс бироқ, етказилган зарарни қоплашга доир қоидаларнинг мавжудлиги суғурта ташкилотлари учун суброгация80 (ФКнинг 318, 957-моддалари) қилиш имкониятини беришини ҳам назарда тутиш ва суброгацияни қўллаш фақатгина деликт институти орқали амалга оширилишини ҳисобга олсак, деликт мажбуриятларининг аҳамияти жамият ривожланишининг ҳар қандай босқичида ҳам пасаймаслигини англаш мумкин.
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг қуйидаги ўзига хос белгилари мавжуд:
а) бу мажбуриятларнинг таъсир доираси зарарни қоплаш моддий хусусиятларга эга бўлишига қарамасдан, мулкий ҳамда шахсий номулкий муносабатларни қамраб олади;
б) улар мутлақ характерга эга бўлган мулкий ҳуқуқлар ( мулк ҳуқуқи, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи, юритиш ҳуқуқи, оператив бошқариш ҳуқуқива бошқалар) ёки шахсий номулкий манфаатларининг бузилиши натижасида келиб чиқади;
в) гарчи ҳуқуқ жабрланувчи билан шартномавий муносабатларида бўлган шахс томонидан тбўзилган бўлса-да, мажбуриятлар мутлавқ ҳуқуқлар бузилганлиги туфайли шартномасиз характерга эга бўлади;
г) бу мажбуриятлар зарар ким томонидан кимга етказилгани, зарар қай ткўринишда етказилгани ва зарарни қоплаш усулларидан қатъи назар, тўлиқ қопланишини назарда тутади;
д) қонунда назарда тутилган ҳолларда зарарни тўлаш мажбурияти бошқа шахсларга ҳам юклатилиши мумкин81.
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар ўзига хос эквивалентлик вазифасини бажаради. Яъни, деликт мажбуриятлари орқали ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолат тикланади. Масалан, фуқаронинг соғлиғига зарар етказилганда, унинг соғлиғини тиклаш учун қилган харажатлари ҳуқуқбузар томонидан қопланиши ҳуқуқни бузилишини бузилишидан олдинги ҳолатини тиклаш ҳисобланади. Шу билан бирга, деликт мажбуриятлари учун жавобгарликнинг белгиланганлиги ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда ҳам аҳамиятли ҳисобланади.
Деликт институтининг аҳамияти, унинг функциялари фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарликнинг аҳамияти ва функциялари билан бир хилда деб ҳисоблаш мумкин. Зеро, деликт институти ҳам фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик каби ҳуқуқни тикловчи, ҳуқуқбузарликнинг олдини олувчи, тарбиявий вазифаларни бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |