Давлат контрактини тузиш тартиби. Давлат контракти лойиҳаси давлат буюртмачиси томонидан ишлаб чиқилади ва маҳсулот етказиб берувчи (ижрочи)га юборилади. Аммо шартномада тарафлар келишувига кўра аксинча бўлиши ҳам мумкин.
Давлат контракти лойиҳаси икки нусхада тузилади. Иккала нусхани иккинчи тарафга юборилади. Давлат контракти лойиҳасини олган тараф кечи билан 30 кунлик муддатда уни имзолаб, бир нусхасини биринчи тарафга қайтаради, давлат контракти шартлари юзасидан келишмовчиликлар мавжуд бўлса, 30 кунлик муддатда келишмовчиликлар баённомасини тузади ва уни имзоланган давлат контракти билан биринчи тарафга юборади ёки унга давлат контрактини тузишдан бош тортишини маълум қилади.
Давлат контракти билан келишмовчиликлар баённомасини олган биринчи тараф 30 кун ичида келишмовчиликларни кўриб чиқиши, контракт шартларини бошқа тараф билан мувофиқлаштириш чораларини кўриши ва унга давлат контрактини келишилган таҳрирда қабул қилиши ёки келишмовчиликлар баённомасини рад этиши ҳақида хабар бериши лозим. Бу муддат тугагач, манфаатдор тараф ҳал қилинмаган барча келишмовчиликларни 30 кунлик муддатда суд муҳокамасига топшириши мумкин.
Давлат контракти давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш тўғрисидаги буюртмани жойлаштириш танлови натижалари бўйича тузиладиган ҳолларда давлат контракти танлов ўтказилган санадан бошлаб 30 кун ичида тузилиши лозим.
Агар давлат контрактини тузиши мажбурий бўлган тараф уни тузишдан бош тортса, иккинчи тараф бошқа тарафни давлат контрактини тузишга мажбур қилиш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўлади (460-модда).
ХХVIII-Боб. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар
1 §. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар
тўғрисида умумий тушунча
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият тушунчасига фуқаролик қонунчилигида таъриф берилмаган. Бироқ, мазкур тушунча бевосита, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги тарзда ФКнинг 985-моддасида ўз ифодасини топган. Мазкур нормадан зарар етказган шахснинг етказилган зарарни тўлиқ қоплаш мажбурияти, ҳамда жабрланувчининг етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлигини англаш мумкин. Бу эса ўз навбатида мажбуриятнинг анъанавий тузилиши (конструкцияси) – кредитор ва қарздор муносабатлари мавжудлигини билдиради. Мазкур ҳолатда зарар етказувчи - қарздор ҳисобланса, жабрланувчи (мулкига, ҳаёти ёки соғлиғига зарар етган шахс) – кредитор ҳисобланади. Шу билан бирга зарар етказилганда жабрланувчининг талаб қилиши ҳуқуқи зарар етказувчи учун мажбурият сифатида намоён бўлади.
Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ, шахс (жисмоний ёки юридик шахс) нинг ҳаёти ва соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказган шахс етказилган зарар тўлиқ қоплаш мажбуриятини олади, жабрланувчи эса ўзига етказилган зарар қоплашни талаб қилиши ҳуқуқига эга бўлади.
Таъкидлаш лозимки, кишиларнинг бир-бири билан доимий равишда ўзаро муносабатларида баъзан уларнинг моддий ёки номоддий манфаатларига зарар етиш оқибатлари келиб чиқади. Бу зарарлар турли тасодифлар, эҳтиётсизлик, қасд орқали, табий офатлар натижасида юзага келади73. Шундай ҳолатда етказилган зарар ким томонидан тўланиши (зарар етказилган шахс ёки жабрланган шахс ёхуд учинчи шахслар томонидан) масаласи юзага келади. Ҳозирги вақтда юридик ва жисмоний шахслар кутилмаган зарарлардан ҳимояланиш мақсадида суғурта хизматидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Аммо ҳар доим ҳам вақтида суғурта хизматидан фойдаланишининг иложи бўлавермайди. Натижада кутилмаган зарар келиб чиқади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, суғурта товони ҳар доим ҳам етказилган зарарни тўла қоплай олмайди. Шу сабабли етказилган зарарни бир ҳуқуқий институт ёрдамида тартибга солишнинг иложи йўқ74. Мазкур муносабатларни тартибга солишда зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбурият институти асосий ўринга эга бўлади. Фуқаролик ҳуқуқида мажбуриятларнинг бу тури деликт мажбуриятлар – деб ҳам аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |