Зарар етказувчи айби деликт жавобгарлигининг шарти сифатида. Айб учун жавобгарлик тамойили умумий аҳамиятга эга бўлиб, у «бош деликт» тушунчасининг мажбурий унсури ҳисобланади. Баъзан қоунун мазкур тамойилдан истисно ҳолатларни ҳам белгилайди, бироқ бу мазкур тамойилни рад этиш учун асос бўла олмайди. Таъкидлаш лозимки, фуқаролик ҳуқуқида узоқ муддат мобайнида айбни шахснинг ўз ҳатти-ҳаракатларига нисбатан руҳий муносабати сифатида талқин этиш концепцияси амал қилиб келган. Айбни бундай тушуниш деликт жавобгарлиги учун ҳам хос бўлган100. Айб тушунчасининг замонавий талқинига кўра, айбни ҳуқуқбузарнинг ўз ҳатти-ҳаракати ва унинг натижасига нисбатан «руҳий муносабати» сифатида талқин этиш амалий жиҳатдан фойдасиздир101. Айбдорлик ёки айбсизлик масаласини шахснинг ўз ишлари ва мажбуриятларига нисбатан муносабатини таҳлил қилиш орқали ҳал қилиши мумкин. И.Зокировнинг фикрича, айб деганда шахснинг мажбуриятини бажаришга талаб қилинган тарзда муносабатда бўлмаганлиги, қонун ва ахлоқ талабларига мувофиқ риоя қилмаганлиги тушунилади102. Агар шахс муайян вазиятда зарур бўлган масъулият ва кузатувчанликни намоён эта олган бўлса, унда бу шахсни айбсиз деб топиш мумкин. Мазкур ҳолатлар одатда айбнинг эҳтиётсизлик шакли учун хосдир. Қасд шаклидаги айбда эса бир шахснинг бошқа шахсга мулкий зарар етказишга қаратилган ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги аҳамиятга эга бўлади.
Деликт жавобгарлигининг асоси ҳисобланган айб тўғрисидаги умумий қоида қонунчиликда шундай ифодаланади: зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади (ФКнинг 985-моддаси 4-қисми). Мазкур нормада деликт жавобгарлигининг шарти ҳисобланган айб билан боғлиқ қуйидаги икки масала ўз ечимини топган:
- деликт жавобгарлигинигг шартларидан бири сифатида зарар етказувчининг айби ҳисобланади;
- зарар етказувчининг айби тахмин қилинади, яъни қонун унинг айбдорлиги презумпциясини белгилайди ва жабрланувчини зарар етказувчи айбини исботлашдан озод қилади.
Деликт жавобгарлигининг шарти ҳисоблангана айбнинг умумий асослари билан бирга ФКнинг 985-моддаси 4-қисми уни истисно этувчи ҳолтани ҳам белгилайди: қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин. Бундай истисно махсус деликтлар ҳақидаги қоидаларда белгиланган. Масалан, ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик (ФКнинг 999-моддаси), суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга ҳилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик (ФКнинг 991-моддаси) да айбсиз жавобгарлик ҳолатлари белгиланган.
Деликт ҳуқуқида айбнинг турли шакллари мавжуд: қасд, эҳтиётсизлик, қўпол эҳтиётсизлик ва бошқалар. Бироқ жиноят ҳуқуқидан фарқ қилиб фуқаролик-ҳуқуқида айбнинг даражалари жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида эътироф этилмайди ва айбнинг даражаси зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда аҳамиятга эга бўлмайди.
Деликт муносабатлари иштирокчиларининг айби даражаси етказилган зарарни қоплашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига хос истисно ҳолат фуқаролик қонунчилигида ўз ифодасини топганда. Масалан, жабрланувчи ўзининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли зарарнинг юзага келишига ёки ортишига кўмаклашган бўлса, унда жабрланувчининг ва зарар етказувчининг айби даражасига қараб товон миқдори камайтирилиши лозим (ФКнинг 1004-моддаси). Агар мазкур вазиятда жабрланувчининг ҳаракатлари енгил (одатдаги) эҳтиётсизлик бўлганида эди, етказилган зарар учун тўланадиган товон миқдори камайтирилмас эди.