Ишчиларни узлуксиз касбий ва иқтисодий ўқитишни таъминлаш учун ишлаб чиқаришда қуйидаги ўқитиш турлари ташкил қилинади:
ишлаб чиқаришда янги ишчиларни тайёрлаш;
малакали ишчиларни қайта тайёрлаш;
ишчиларни иккинчи (яқин) касбларга ўқитиш;
ишчиларнинг малакасини ошириш.
Санаб ўтилган таълим турлари курс ёки алоҳида ўқтиш шаклида олиб борилиши мумкин. Ҳар бир турини алоҳида кўриб чиқамиз.
Ишлаб чиқаришда янги ишчиларни тайёрлаш – ишчи касбларнинг шогирдлари сифатида ишга қабул қилинган шахсларни дастлабки касбий ва иқтисодий ўқитишдир. У муайян касбий тайёрлаш турига индивидуал кўрсаткичлар бўйича кўпроқ жавоб берадиган шахсларни индивидуал ва психофизиологик асосида танлаб олиш ва уни ҳисобга олган касблар бўйича ўқитиш амалга оширилади.
Янги ишчиларни ўқитиш давомийлиги мазкур касб бўйича меҳнатнинг малакавий жиҳатдан мураккаблигига қараб 6 ойгача, энг мураккаб ишчи касб турлари учун эса – 1 йилгача белгиланади. Ишлаб чиқаришда янги ишчиларни тайёрлаш курс ва индивидуал тарзда ўқитиш шакллари бўйича олиб борилади. Курс бўйича ўқитиш шаклида ўқув гуруҳда 10-30 киши (ўқув муассасаларида – 25-30 киши) бўлган ҳолда назарий таълим берилади.
Ишлаб чиқариш таълими икки босқичда олиб борилади:
биринчи босқичда – ўқув цехи (участка)да ишлаб чиқариш таълими уста раҳбарлиги остида ўқув гуруҳда олиб борилади;
иккинчи босқичда - корхона цехларида бевосита ишчи ўринларда ишлаб чиқариш таълим устаси раҳбарлиги остида ёки асосий ишдан озод этилмаган юқори тоифали ишчи –ишлаб чиқариш таълим инструктори раҳбарлиги остида камида 10 кишидан иборат ўқув гуруҳда олиб борилади.
Индивидуал ўқитиш шаклида ишчи-шогирд дастурининг назарий курсини ўқитувчи ва маслаҳатчилар ёрдамида мустақил тарзда ўрганади, ишлаб чиқариш ўқув ва кўникмаларини ишлаб чиқариш таълим инструктори раҳбарлиги остида бевосита ишчи жойида олади. Янги ишчиларни ниҳоят мураккаб касбларга тайёрлаш жараёнида уларни янги технологияларни қўллаб янги техникани ишлаб чиқарадиган ўқув полигон ёки заводларга ишлаб чиқариш таълимини олиш учун юбориш лозим.
Ишлаб чиқаришда янги ишчиларни тайёрлаш (ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан) иш вақтида (иш куни давомийлиги тегишли ишчилар тоифаси учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган) олиб борилиши ва малакавий имтиҳонларни топшириш ҳамда тегишли гувоҳномаларни топшириш билан якунланиши лозим.