www.ziyouz.com кутубхонаси
15
йиғиб-териб олинганидан кейин Жесий ва Блубел тўққизта лайчани туғиб беришди. Наполеон
кучукчалар эмчакдан чиққанларидан сўнг оналаридан ажратиб олиб, уларнинг тарбияси билан
шахсан ўзи шуғуллана бошлади. Кучўқларни омборхона томи устидаги нарвон билан
чиқиладиган чердак ичига қўйди. Лайчалар ўша ерда ўса бошлашди. Ҳатто фермадаги
ҳайвонлар уларнинг борлигини ҳам унитиб қўйдилар.
Фермадаги сигирлардан соғиб олинаётган сутларнинг қаерга ишлатилаётганлиги қаттиқ сир
тутиларди. Кейинчалик эса ҳайвонларнинг ўзлари ҳам бунга эътибор бермай қўйишди. Сутлар
чўчқаларнинг овқатлари учун ишлатиларди. Мевазордаги майсалар устида тўкилиб ётадиган
олмаларни ҳайвонлар тенг баҳам кўришарди. Чўчқалар олмаларни йиғиб олиш ва омборхонага
келтиришга буйруқ беришди. Бу воқеа ҳайвонлар орасида норозилик келтириб чиқарди.
Чўчқалар ҳайвонлар орасида уйғонган норозиликни йўқотиш учун тушунтириш ишларини
бошлаб юбордилар. Бу ҳаракатга Наполеон ва Сноубол ҳам қўшилди. Скуийлир тушунтириш
ишларини олиб бориш учун сафарбар қилинди:
– Ўртоқлар, - дерди у, - чўчқалар бу ишларни ўзлари ёки ўзларига имтиёз яратиш учун
қилишяпти деб ўйламанг . Аслида, биз, чўчқалар, сут ва олмани ёқтирмаймиз. Бизнинг ягона
мақсадимиз саломатлигимизни сақлаб қолишдир. Сут ва олмалар таркибида чўчқаларни
соғломлаштирувчи кучли моддалар бор. Ўртоқлар, бу фанда илмий жиҳатдан асосланган. Биз,
чўчқалар, эса, ўзингизга маълум, ақлий меҳнат билан шуғулланувчи ҳайвонлармиз. «Ҳайвон
ферма»даги ҳамма ишларни ташқил қилиш эса, гарданимизга юклатилган. Биз кечани кеча
кундузни кундуз демай фаровон яшашингиз учун хизмат қиламиз. Ҳа, бизнинг сут ичишимиз ва
олмани тановул қилишимиз ўзимиз учун эмас, сизлар учундир. Агар соғлигимиз ёмонлашиб
ҳайвоний бурчимизни бажаришда панд берадиган бўлса, нима бўлишини тасаввур эта
оласизларми?! Назаримда, тасаввур эта олмайсизлар! Ўртоқлар у ҳолатда Жоунз «Ҳайвон
ферма»сига қайтиб келади! Ҳа, Жоунз қайтиб келади! Албатта, сизларнинг орангиздаги ҳеч бир
ҳайвон Жоунзнинг қайтиб келишини истамаса керак!
Скуийлир ниҳоятда таъсирчанлик билан сўзларди. Думини ликиллатиб у томондан бу
томонга олиб бориб келарди. Жоунзнинг қайтиб келишини ҳайвонларнинг исташмаслиги
Скуийлир учун туёқларининг остидаги ерни босиб тургандай аён эди. Шу сабабдан ҳам буни
алоҳида таъкид билан гапирарди. Бу эса ҳайвонлар орасида тушунтириш ишларини олиб
боришнинг ишончли ва синалган усули эди. Шундай қилиб чўчқаларнинг соғлиғини сақлаб
қолишининг зарурият эканлиги ҳайвонларга аён бўлди. Ҳайвонлар бунга ишонишди. Сут ва
олмалар фақатгина чўчқалар учун ишлатилишига рози бўлишди.
Do'stlaringiz bilan baham: |