Статик ва айланма-динамик кучланиш ҳолатларида мувозанат сақлаш ва унинг пульсометрик қиймати
Юқорида таъкидланганидек, кураш турларида, айниқса белбоғли кураш амалиётида статик ва айланма-динамик кучланиш ҳаракатлари техник-тактик усуллар таркибидан кенг жой олган бўлиб, ана шундай ҳолатларда мувозанат сақлаш функциясининг мукаммал шаклланган бўлиши мазкур усулларни самарали натижа билан ижро этишга имкон яратади. Маълумки, машғулот ҳамда мусобақа жараёнларида сурункали қўлланиладиган ва жисмоний имкониятларга асосланган бундай ҳаракатлар давомида мувозанат сақлаш турғунлиги устувор жиҳатдан вестибуляр анализаторининг функционал тайёргарлиги билан белгиланади. Қисқа муддатда, лекин тез-тез қўлланиладиган бундай ҳаракатлар нафақат вестибулосоматик рецепцияси томонидан бошқарилади, балки марказий нерв системасининг координацион назоратида бўлган қуйи нерв марказлари (қизил ядро, рангсиз шар, думли тана, мияча, оралиқ, ўрта, узунчоқ ва орқа мия), юрак-томир, нафас олиш ва бошқа физиологик органларнинг интеграцион фаолияти билан ҳам бошқарилади [9; 200-б. 10; 117-135-б.]; [55; 179-б.]; [64; 21-32-б.]; [71; 78-85-б.]. Бинобарин, мазкур тоифадаги ҳаракатларнинг функционал қийматини аниқлаш ўта муҳим аҳмият касб этади. Бу борада биз томонимиздан ўтказилган тадқиқотлар бир қатор илмий-амалий қийматга лойиқ маълумотларни олишга имкон яратди. Жумладан, “жипслаштирилган оёқлар учида туриб кўзлар юмилган ҳолатда белбоғни ушлаш тақлиди билан мувозанат сақлаш” вақти ўртача 3,8±0,2 сек. билан ифодаланади (3.8-жадвал).
“Бир оёқда тик туриб, иккинчи оёқни кўтариб буккан ҳолатда гавдани орқага эгиб, белбоғни ушлаш тақлиди билан мувозанат сақлаш” вақти ҳам жуда қисқа муддатни ташкил этди ва 3,5±0,3 сек га тенг бўлди. Тестларни бажаришдан аввал ЮҚС мувофиқ равишда 70,5±2,7 зарба/дақ ва 72,7±2,8 зарба/дақ билан қайд этилди. Тестларни бажариб бўлган заҳоти ЮҚС мос тартибда 87,7±3,2 зарба/дақ ва 89,2±3,1 зарба/дақ билан ифоадаланди. Кўриниб турибдики, статик ҳолатларда мувозанат сақлаш вақти ўта қисқа кўрсаткичлар билан намойиш этилган бўлса-да, ушбу тестларнинг пульсометрик қиймати 17,2-18,4 зарба/дақгача кўтарилиб кетди. Тестлар бажарилганидан кейин 3 дақ ўтганидан сўнг ҳам юрак ритмининг тикланиши 79,1±80,2 зарба/дақ даражасида сақланди. Бундай ҳолат тадқиқотда иштирок этган юқори малакали курашчиларда мувозанат сақлаш функцияси ҳам, уни бошқарувчи марказ-вестибуляр анализатори ҳам ниҳоятда мукаммал шаклланмаганлигидан дарак беради.
“Оёқларни жипслаштириб турган ҳолатда кўзни юмиб, бошни чап томонга айлантириш таъсирида мувозанат сақлаш” вақти 7,4±0,9 секни ташкил этди (3.9.-жадвал). Шу тестни бошни ўнг томонга айлантириб бажарганда эса мувозанат сақлаш вақти 5,3±0,6 сек билан ифодаланди. Бошни чап ва ўнг томонларга айлантириш давомида мувозанат сақлаш вақтларининг бундай фарқ билан қайд этилганлиги шунга боғлиқки, одатда ўнақай одамлар учун бошни ҳам, ўз танасини ҳам чап томонга айлантириш қулай ҳисобланади, чапақайлар учун эса аксинча [111; 161-168-б.]. Бу борада фақат танани айлантиришгина эмас, балки у ёки бу томонга айланиб, ўнг томондан ҳам, чап томондан ҳам рақибни кўтариб ташлаш функциясини симметрик тартибда бажараолиш қобилияти белбоғли курашчилар учун муҳим роль ўйнайди. [111; 161-168-б.] фикрига қараганда спорт тренировкаси давомида узликсиз юз берадиган проприорецептив импульсияр нейронлар функционал ҳолатини ўзгартириб, вестибулосенсор, вестибулосоматик ва вестибулосенсор реакулялар шиддатини сусайтириш мумкин экан. F.B.Asseman [2008]ваA.A.Meinikov [2012]ларнинг таъкидлашича, статокинетик турғунлик махсус жисмоний машқлар, жисмоний имкониятлар ривожланган сари ва спорт билан мунтазам шуғулланиш натижасида жадал ўсиши мумкин экан. W.Starosta [2003]ўнақай ва чапақай ҳаракат функциясини эрта ёшликдан бошлаб симметрик тартибда шакллантириш яхши натижа беради–деб таъкидлайди. Лекин у бундай ҳаракат функцияларини кейинги босқичларда ҳам шакллантириш мумкинлигини инкор этмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |