3. Жиноят ҳуқуқи тизими. умумий ва махсус қисмлар.
Жиноят ҳуқуқи (унинг шакли сифатида Жиноят кодекси ҳам) икки қисмдан — Умумий ва Махсус қисмлардан ташкил топган.
Умумий қисми жиноят ҳуқуқининг умумий қоидалари ва принципларидан иборат. Жиноят ҳуқуқининг Умумий қисми иккита асосий тушунча билан боғлиқ бўлиб, улар жиноят ва жазо тушунчаларидир. Қонун Жиноят кодексининг вазифалари ва принципларини; жиноят қонунининг ҳудуд ва вақт бўйича амал қилиш кучини; жиноий жавобгарликнинг асосларини белгилайди; ҳар бир фан тармоғи ўзига тегишли соҳага тушунча беради ва жиноят ҳуқуқи ҳам жиноятларни туркумларга ажратади (таснифлайди); айб ва унинг шаклларини белгилайди; жиноий жавобгарликка тортилиш ёшини ва жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган шахслар доирасини белгилайди; қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар доирасини белгилайди ва уларнинг мазмунини очиб беради; жиноят босқичлари ва иштирокчиликда содир этиладиган жиноятларнинг таснифини беради; жазонинг мақсади ва ҳар бир жиноий жазонинг тизимини бериб, ҳар бир жазонинг мазмунини очиб беради; жиноий жавобгарлик ва жазо тайинлаш ҳамда жавобгарликдан ёки жазодан озод қилишнинг мазмунини очиб беради; вояга етмаганларнинг жавобгарлигини алоҳида ажратиб белгилайди ва ниҳоят тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини белгилайди.
Махсус қисми алоҳида жиноятлар ва шу жиноятларни содир этганлик учун тайинланадиган жазоларни белгилайди. Жиноят ҳуқуқи ана шу икки қисмдан иборат бўлсада Умумий ва Махсус қисмлари бир биридан алоҳида мустақил ҳуқуқ соҳалари бўлмасдан, улар бир-бири билан чамбарчас боғланган бир бутун ягона жиноят ҳуқуқини ташкил этади. Уларнинг ягоналиги вазифаларининг бирлигида ва бири иккинчисисиз мавжуд бўла олмаслигидадир. Жиноят ҳуқуқининг Махсус қисмида алоҳида жиноятлар ва шу жиноятни содир қилганлик учун жазо белгиланган бўлса, Умумий қисми моддаларида Махсус қисми моддаларининг амалда қўлланиш қоидалари ўз ифодасини топган. Қисқа қилиб айтганда, Умумий қисмининг моддалари Махсус қисми моддаларининг амалда қўллашнинг калити ҳисобланади. Улар ҳаётда амалда тадбиқ этишда биргаликда қатнашади. Жиноят кодексининг Умумий қисмининг нормаларига мурожаат қилмасдан Махсус қисмининг нормаларини амалда тадбиқ этиб бўлмайди, Умумий қисмининг нормаларини амалда тадбиқ этилиши эса фақат Махсус қисми нормалари орқали амалга оширилади. Шундай қилиб, жиноят ҳуқуқи Умумий ва Махсус қисмларининг ягоналиги уларнинг вазифаларининг бирлигида, яъни шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашдаги вазифаларининг бирлигида ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |