4. Ўзбекистонда жамоат бирлашмалари ва ННТларнинг ривожланиши.
Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг энг янги тарихи миллий истиқлол ғояси билан йўғрилган сиёсий-ҳуқуқий таълимот, яъни адолатли жамият барпо этишнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган пухта фалсафаси билан узвий боғлиқдир. Давлатимиз раҳбари ўзининг кўплаб маъруза ва асарларида мамлакатимизда шакллантирилаётган инсонпарвар демократик фуқаролик жамиятининг маъно-моҳиятини, мазмуни ва хусусиятларини, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар йўналишларини аниқ белгилаб бердилар. Айниқса, “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли”, “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари”, “Юксак маънавият енгилмас куч” номли асарлари, “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари”, “Мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш–устувор мақсадимиздир”, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги маърузалари халқимиз табиати, тарихий қадриятлари ва менталитетини инобатга олган ҳолда юртимизда фуқаролик жамияти барпо этишнинг назарий ва амалий жиҳатларини аниқ белгилашда улкан методологик аҳамият касб этади.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, биз учун фуқаролик жамияти – ижтимоий макон ҳисобланади. Бу маконда қонун устувор бўлиб, у инсоннинг ўз-ўзини камол топтиришига монелик қилмайди, аксинча, ёрдам беради. Шахс манфаатлари, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла даражада рўёбга чиқишига қўмаклашади. Айни вақтда бошқа одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўйилмайди. Яъни эркинлик ва қонунга бўйсуниш бир вақтнинг ўзида амал қилади, бир-бирини тўлдиради ва бир-бирини тақозо этади.
Фуқаролик жамияти институтларига нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, (маҳаллалар), сиёсий партиялар, ижтимоий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва фондлар, оммавий ахборот воситалари киради. Улар фуқаролик жамиятининг негизини шакллантириб, унинг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.
Фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожланиши, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни кафолатлаш билан уйғун жараёндир. Инсон, унинг манфаатлари олий қадрият деб тан олинган Ўзбекистонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, авваламбор, инсон учун”дир. Фуқаролик жамияти институтлари ўз моҳияти жиҳатидан жамият аъзоларининг фуқаролик фаоллиги, миллий ўзлигини англаши, сиёсий маданияти ва юксак маънавияти шаклланишига, уларда ўз қадр-қимматини ҳис этиш туйғуси, мустақил фикрлаш, ўз имкониятларини намоён қилиш ва ўз келажагини ўз қўллари билан барпо этиш истаклари ортишига хизмат қилишга йўналтирилган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда мамлакатни фаол демократик янгилаш ва модернизациялаш даврида фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш бўйича талайгина ишлар амалга оширилди. Эн аввало, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари шакллантирилиб, фуқаролик жамияти институтлари эркин ривожланишининг иқтисодий ва ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Бунга мисол тариқасида фуқароларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Мустақиллик йилларида, шунингдек, жамиятни эркинлаштириш ва демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирокини таъминлаш бўйича ҳам кенг кўламли вазифалар бажарилди. Эркин, мустақил ва ҳеч кимга тобе бўлмаган, етарлича молиявий маблағларга эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларигина ўз вазифаларини самарали бажара олишлари учун зарур шарт-шароитлар тизими бунёд этилди.
Чунончи, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари, давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий ҳамкорлиги ривожланишининг яхлит бир тизимини белгилаб берди. Бу борада 2008 йили июлда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Қўшма Қарорини алоҳида таъкидлаш лозим.
Ушбу Қарорга мувофиқ парламент ҳузурида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ташкил этилди ҳамда Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Бу билан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб қувватлаш ва ривожлантириш масалалари ижро этувчи ҳокимият тасарруфидан – мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган олий вакиллик органи - Парламент ихтиёрига ўтказилди;
Натижада биргина 2008-2011 йиллар мобайнида 1000 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари Парламент комиссияси томонидан қўллаб-қувватланди. Фуқаролик институтларининг турли ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишга 15,4 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Жорий 2012 йилда эса фуқаролик жамияти институтларининг муҳим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Парламент комиссияси томонидан 6 млрд. сўм ёки ўтган йил билан таққослаганда 20% кўп миқдорда маблағлар давлат бюджети ҳисобидан йўналтирилиши режалаштирилган.
Мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашга қаратилган ушбу чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда 5100дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Буларнинг аксарият қисми, яъни 4,5 мингдан ортиғи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўз фаолиятларини олиб бормоқда. Таққослаш учун қуйидаги рақамларни келтириш мумкин: истиқлолнинг илк йилларида мамлакатимизда 200 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритган, 2001 йилга келиб уларнинг сони тахминан 2300 тани ташкил этган.
Бугунги кунда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг 40%и фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳимояси билан, 14,2%и - аёллар ва ёшлар муаммоларини ҳал қилиш билан, 13,6%и - соғлиқни сақлаш, таълим, экология масалалари билан, 32 %и - бошқа соҳалардаги масалалар билан шуғулланмоқдалар.
Ушбу нодавлат нотижорат ташкилотлари давлатга жамоат бирлашмаларининг кўмаги бевосита талаб қилинадиган соҳаларда фаолият юритмоқдалар. Бу эса мамлакатда олиб борилаётган илоҳотлар жаранида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида самарали ижтимоий ҳамкорлик ўрнатилганлигидан далолат беради.
Ўзбекистонда фуқаролар бирлашмаларининг ривожланишини шартли равишда бир неча даврларга бўлиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |