2.7. Оралиқ бекатларнинг иш технологияси
Темир йўл тармоғида оралиқ бекатлар энг кўп сонли ҳисобланади. Уларда қуйидаги амаллар бажарилади:
-йўловчи ва юк поездларни қабул қилиш, жўнатиш ва тўхтамасдан ўтказиш;
-терма поездлар билан ишлаш (вагонларни ажратиш ва бириктириш);
-поездларнинг ўзаро кесишиши ва қувиб ўтиши;
-юк ва багажни қабул қилиш, ортиш, тушириш, сақлаш ва топшириш (баъзи бекатларда тортиш), юк ҳужжатларини расмийлаштириш, йўловчиларни поездларга чиқариш ва тушириш, чипта сотиш.
Юқорида санаб ўтилган амалларни бажариш учун оралиқ бекатларда қуйидагилар мавжуд: бош, қабул қилиш-жўнатиш, юк ортиш-тушириш, тортилган йўллар, ҳамда сақлаш берк йўллар, шаҳобча йўлларнинг бирикмалари; йўловчи бинолари, платформалар, тоннеллар ёки ўтиш кўприклари, юк омборлари, майдончалари, юк ортиш тушириш механизмлари; СМБ ва алоқа қурилмалари ва бошқалар. Оралиқ бекатларнинг қабул қилиш жўнатиш йўлларнинг ўзаро бўйлама, ярим бўйлама ва кўндаланг жойлашган схемалари 2.6-расмда келтирилган.
2.6-расм. Оралиқ бекатларнинг схемалари икки бош йўл линияларда: а-кўндаланг; б-ярим бўйлама; в-бўйлама: I,II-бош; 2,3,4,6-қабул-жўнатиш; 7,8-тортиш йўллари; ГУ-юк райони.
Оралиқ бекатларидаги асосий иш терма поездлар билан ишлашдир. Терма поезд деб участканинг оралиқ бекатларида юклаш-тушириш амаллари бажариладиган вагонлардан тузилган поездга айтилади. Участка бўйлаб ҳаракатланиш мобайнида ушбу поезд оралиқ бекатларида юкдан бўшаган ва ортилган вагонларни йиғиб чиқади ва уларни ўрнига шу бекатларда юк ортиш-тушириш ишлари мўлжалланган вагонларни тарқатади.
Терма поезд билан оралиқ бекатларга келтирилган вагонлар билан қуйидаги амаллар бажарилади: поезддан ажратиш, юк ортиш ва тушириш учун узатиш, бир юк ортиш-тушириш жойидан бошқасига узатиш, юклаш амаллари бажарилган вагонларни йиғиштириш ва поездга улаш.
Мисол тариқасида оралиқ бекатида жуфт терма поезд билан ишлаш технологиясини кўриб чиқамиз (2.6-расм). поезд 6-йўлга қабул қилинади. Таркибдан ажратилган ушбу бекатга мўлжалланган вагонлар гуруҳи билан поезд локомотиви тортилган 7-йўлга ҳаракатланади. У ердан вагонлар юк омбори ёнидаги йўлга узатилади. Агар юк омбори ёнида терма поездга уланувчи вагонлар турган бўлса, уларни локомотив бўш йўлга (масалан, 4-йўлга) олиб чиқади. Бўш йўлдан локомотив тортилган 8-йўлга узатилади ва у ердан 4-йўлга кириб, турган вагонларни олиб, 6-йўлда турган терма поезд таркибига улайди.
Терма поездни тузиш бекатида вагонлар юк тушириш бекатлари бўйича гуруҳларга тўпланади ва бу гуруҳлар таркибда бекатларнинг жойлашиш тартибида жойлаштирилади. Вагонларни ажратиш поезднинг бош томонидан, улаш эса орқа томонидан амалга оширилади (2.7-расм). Ушбу схема оралиқ бекатларда юклаш қурилмаларининг жойлашишига, бекатнинг йўл тармоғига, бекатда мавжуд маневр воситаларига боғлиқ равишда ўзгартирилиши мумкин.
2.7-расм. Терма поезд таркибида вагонларнинг жойлашиши: а-участкага жўнаганида; б-охирги бекатга келганида
Оралиқ бекатларда маневр ишлари терма поездларнинг локомотивлари, бир ёки бир неча бекатларга бириктирилган махсус локомотивлар, баъзан эса туртувчи ва чиқарувчи локомотивлар ёрдамида бажарилади. Агар оралиқ бекатларга хизмат кўрсатиш учун махсус локомотив ажратилган бўлса, унинг ишини терма поездларнинг ҳаракат графиги билан мувофиқлаштирилган график бўйича ташкил этилади. Шу йўл орқали терма поезд билан жўнатилиши лозим бўлган вагонлар поезд келгунга қадар уланишга тайёрлиги, терма поезддан ажратиб қолинган вагонларнинг эса, юк тушириш ёки ортиш учун узатишни кутиб туриб қолмаслигига эришилади. Бундай бекатларда маневрларни поезднинг орқа томонида маневр локомотиви, бош томонида эса терма поезд локомотиви бажаради. Локомотив бириктирилмаган бекатларда эса маневр ишлари терма поезд локомотиви ёрдамида бажарилади.
Терма поезд билан бажарилувчи амалларнинг намунавий графиги 2.8-расмда кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |