Тадқиқотнинг методологик асоси ва тадқиқ усуллари. Тадқиқотнинг методологик асосини тил ва тафаккур, объектив борлиқ ва лисоний белги ҳақидаги материалистик қарашлар, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни ва ундаги илмий терминологияга оид кўрсатма ва тамойиллар ташкил қилади.
Ономастик терминларни тадқиқ қилишнинг баъзи мураккаб масалаларига ёндашишда ўзбек ва рус тилшуносларининг бу соҳа терминологиясини ўрганишда қўлланган илмий тамойилларига таянилган ҳолда иш тутилди.
Тадқиқотнинг тадқиқ усуллари тавсифий усул, тарихий ва синхрон таҳлил усули, структурал таҳлил ва бошқалардир.
Ишнинг тадқиқ объекти ва материаллари. Ишнинг тадқиқ объектини ўзбек ономастикасига оид илмий тадқиқотлар матнида қўлланган 2000 га яқин илмий терминлар ташкил қилади. Ушбу материал ХХ асрнинг 50-йилларидан ХХI асрнинг бошларигача ўзбек ономастикаси соҳасида ёзилган монографиялар, илмий тўпламлар, докторлик ва номзодлик диссертациялари, авторефератлар, илмий мақолалар матнларидан тўпланди.
Иш натижаларининг жорийланиши. Ишнинг асосий мазмуни ва илмий натижалари эълон қилинган 10 та мақола ва тезисларда, шунингдек, Навоий (1998), Тошкент (2004) шаҳарларида ўтган илмий анжуманларда ўқилган маърузаларда ўз ифодасини топган.
Ишнинг мавзуи ва режаси Навоий давлат педагогика институти илмий кенгашида, ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти илмий кенгашида, шунингдек, Тилшуносликка оид илмий тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи Кенгашда номзодлик диссертацияси мавзуи сифатида тасдиқланган.
Ишнинг тузилиши ва ҳажми. Иш компьютер ёзувида 138 саҳифа бўлиб, ишнинг умумий тавсифи, кириш, уч боб ва умумий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
ТАДҚИҚОТНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Ишнинг кириш қисмида ўзбек ономастикаси соҳасининг пайдо бўлиши, шаклланиши ва ривожи, бунда ўзбек номшуносларидан Ҳ.Ҳасанов, С.Қораев, Э.Бегматов, Т.Нафасов, З.Дўсимов, Т.Раҳматов, Н.Охунов, Л.Каримова ва бошқаларнинг роли, ўзбек ономастикасига бағишланган диссертациялар, монография, рисола ва мақолаларда учрайдиган илмий терминлар, баъзи терминларнинг дастлаб қайси манбада учраши масалалари кенг таҳлил қилинди.
Ўзбек тили терминологияси илмий йўналиш сифатида анча ривожланган бўлишига қарамасдан, ўзбек тилшунослиги ономастик терминлари деярли тадқиқ қилинган эмас. Бу борада амалга оширилган баъзи ишларга Э.Бегматов, А.Жумаев, Ғ.Сатторовларнинг1, Т.Нафасовнинг2 мақолаларини киритиш мумкин.
Ишнинг биринчи боби «Ономастика терминларининг мавзуий таснифи» деб номланган бўлиб, унда ономастика терминларини таснифлаш муаммолари ўрганилган ва терминлар маъновий-мавзуий гуруҳларга ажратилган ҳолда таснифланган. Булар қуйидагилар:
Ономастика соҳасининг илмий йўналишларини ифода этувчи терминлар:
1) атоқли отларнинг ўзаро фарқли типларини тадқиқ қилувчи илмий йўналишларни англатувчи терминлар: антропонимика, топонимика, топономастика, этнонимика, космонимика, астронимика, зоонимика, гидронимика, оронимика ва б.;
2) йирик илмий йўналишларнинг маълум тармоқларини ифода этувчи терминлар: гелонимика (ботқоқлар атоқли отини ўрганувчи соҳа), геонимия (ҳар қандай физикавий-географик объектларнинг номини ўрганувчи соҳа), лимнонимика (кўл ва сув ҳавзалари номини ўрганувчи соҳа), марсионимия (Марс сайёрасидаги объектлар атоқли отини ўрганувчи соҳа), урбонимика (шаҳар ичида жойлашган объектлар атоқли отини ўрганувчи соҳа) ва бошқалар;
3) ономастик бирликларни услубий-функционал жиҳатдан (бадиий, услубий, этнографик ва б.) тадқиқ қилувчи йўналишлар номи: бадиий ономастика, ономапоэтика, поэтик ономастика, услубий ономастика, фольклор ономастикаси, шеърият ономастикаси, этник ономастика, ўзбек бадиий ономастикаси, ўзбек шеърияти ономастикаси, стилистик ономастика ва б.;
4) ономастиканинг илмий соҳаларини тарихийлик, замонавийлик нуқтаи назаридан номловчи терминлар: замонавий топонимика, тарихий ономастика, ўзбек тарихий номшунослиги, ҳозирги ўзбек номшунослиги, ўтмиш ўзбек номшунослиги ва б.;
5) ономастика соҳаларини қайси миллат тили ва тилшунослигига мансублигига кўра номловчи терминлар: ўзбек ономастикаси, ўзбек номшунослиги, ўзбек антропонимикаси, ўзбек топонимикаси, ўзбек теонимияси, ўзбек тили номшунослиги, ўзбек тили ономастикаси, қирғиз ономастикаси, қозоқ тили ономастикаси, қорақалпоқ топонимикаси ва б.;
6) ономастика соҳаси билан шуғулланувчи тадқиқотчиларни англатувчи терминлар: номшунос ғғ ономаст, топонимшунос ғғ топонимист, ўзбек номшунослари, ўзбек номшунос олимлари, ўзбек топонимистлари, филолог топонимист, тарихчи топонимист, топонимист олим, тилшунос топонимист ва б.
Do'stlaringiz bilan baham: |