4.4. Тижорат банклари ўз маблағлари ва унда банк капиталининг ўрни
Банк балансининг пассивида кредит бериш, қимматли қоғозларга инвестиция қилиш ва бошқа турдаги операцияларни бажариш ҳамда юқори фойда олиш мақсадида маблағлар йиғилади. Биз олдинги параграфларда кўриб чиққанимиздек, банк пассивларининг ичида муҳим ўринни банкнинг ўз капитали ва унга тенглаштирилган маблағлар эгаллайди.
Мулк шаклидан қатъий назар ихтиёрий корхона ва ташкилотларнинг молиявий ресурсларининг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб, уларнинг ўз капитали ҳисобланади. Банклар ҳам бошқа ихтиёрий корхоналар сингари ўз фаолиятини бошлашда ўз капиталини шакллантириш билан боғлиқ босқичдан ўтадилар.
Ҳозирги замон тижорат банкларининг ресурс базаси таркибида ўз маблағларининг улуши одатда анча кичиклигини эътироф этиш мумкин. Тижорат банкларининг пассив операциялари ривожлана борган сари уларнинг ўз маблағларининг улуши ҳам ошиб боради. Шу билан бирга пассив операцияларнинг ривожланиши банкнинг умумий жалб қилинган маблағларининг ҳам салмоғини ошишига олиб келади. Банк барқарорлигини таъминлаш, хавф-хатарли қўйилмаларни суғурталаш ҳамда актив ва пассив операциялар орасидаги чегараларни аниқлашда банкнинг ўз капитали муҳим база ҳисобланади. Айнан шунинг учун ҳам, банк ўз капиталининг функциялари, роли ва ҳажми бошқа тадбиркорлик соҳаларига қараганда ўзгача хусусиятларга эга. Банк фаолиятида унинг капитали ролининг муҳимлиги шундан далолат берадики, охирги йилларда банкларнинг капиталлашувини жадаллаштиришда ҳукуматимиз томонидан катта эътибор берилмоқда.
Одатда банклар ўз капитали ва резервлари ҳисобига маблағларга бўлган умумий эҳтиёжнинг 10 фоизидан камроқ қисмини қоплайди, номолиявий корпорацияларда эса ушбу муносабат 40-55 фоизни (баъзи тармоқларда ундан ҳам юқори) ташкил этади.
Банкнинг акционерлик капитали ва унга тенглаштирилган моддаларнинг муҳим бир функцияси сифатида банк барқарорлигини ва фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўлиб, унда банк маблағлари таркиби муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Ўз маблағлар – банк учун молиявий ресурслар манбаси. У банк фаолияти бошланғич босқичида қатор биринчи навбатдаги харажатлар амалга оширилаётганда (ер ва бинони сотиб олиш, асбоб – ускуналарни ўрнатиш, ишчи ходимларга иш ҳақини тўлаш ва ҳоказолар) ниҳоятда зарурдир. Кейинги босқичларда ҳам, банк операцияларини кенгайтиришда, банкнинг ўз капитали муҳим роль ўйнайди. Банкнинг ўз капитали ҳисобига турли хилдаги резервлар ташкил қилинади. Чет элда гарчи банк операциялари кўламини кенгайтириш учун зарур бўлган молиявий маблағлар манбаси банк фойдаси бўлсада, баъзан янги акцияларни ва узоқ муддатли заёмларни муомалага чиқариш орқали йирик структуравий характердаги тадбирлар (бўлимларни кенгайтириш, қўшиб юбориш ва бошқалар) амалга оширилади.
Банк капиталининг бошқа зарурий функцияси - ҳимоявий кафолат функциясидир. Ўз капитали ёрдамида банк кутилмаган зарарлар ёки одатдагидан ташқари харажатларни қоплайди. Гарчи бундай харажатларни қоплаш учун махсус резервлар мавжуд бўлсада, катта салбий ҳодисалар юз берганда резервлар етмай қолиши ва айнан шу пайтларда акционерлик капиталининг маълум бир қисми ишлатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда фақат облигацияларни сотишдан тушган тушумлар эвазига банкнинг жорий харажатларини қоплаш мумкин эмас, чунки облигацияларнинг ўзи қарздорлик гувоҳномасидир. Албатта, банкротлик юз берганда ёки банк фаолияти тўхтатилганда, барча мол-мулки аукционда сотиладиган ҳолати мустасно. Банк капиталининг бошқа корхоналар капиталидан фарқи шундан иборатки, банк ўз жорий фаолиятининг зарар ва харажатларини қоплашда акционерлик капиталидан фойдаланмагунча, у тўловга қобилиятли ҳисобланади.
Мавжуд иқтисодий адабиётларда банкнинг ўз ресурслари ва банк капитали тўғрисидаги тушунчаларнинг турли хил таърифларини учратиш мумкин. Россиялик иқтисодчи В.П.Ивановнинг фикрича «Банк капитали - бир томондан бозор иқтисодиёти маҳсули, иккинчи томондан эса у тараққиётнинг зарурий шартидир».1
Банк капитали албатта банк фаолиятини олиб бориш ва уни ривожлантириш учун жуда муҳим эканлиги муаллиф томонидан таъкидланганлигини эътироф қилиш мумкин. Лекин шу билан бирга банк капиталининг мавжудлиги нафақат бозор иқтисодиётининг маҳсули, балки қайси тизимда бўлишидан қатъий назар банк фаолиятини олиб боришнинг асоси ҳисобланади.
Украиналик бир гуруҳ олимларнинг фикрича, «Банковский капитал - совокупность капиталов привлеченных банком, которые используется ими в виде банковских ресурсов для кредитно-расчетных и других операций. Собственный (акционерный и резервный) капитал банка составляет меньшую часть банковского капитала. В отличие от торгового промышленного капитала собственный капитал банка вполне в банковском деле и приносит банковскую прибыль».1
Бу гуруҳ олимларнинг фикрича банк капитали ҳам аксарият ҳолларда маблағ жалб қилиш орқали келган маблағдир ва уларни банклар ресурс сифатида кредит ва ҳисоб-китоб операциялари учун ишлатадилар. Энди банклар фаолияти нуқтаи назаридан олиб қарайдиган бўлсак, банкларнинг капитали корхона, ташкилотларнинг капиталидан кўра камроқ, уларнинг фаолиятини олиб боришда ўз капиталидан кўра четдан жалб қилинган маблағлардан кўпроқ фойдаланадилар. Банклар ихтиёрида четдан жалб қилинган маблағлар салмоғи бошқа хўжалик субъектлариникига қараганда бир неча баробар ортиқдир. Шу боис тижорат банклари ўз фаолиятини олиб боришда биринчи навбатда четдан жалб қилинган маблағларни оборотга қўйишади, банк капитали эса банк фаолиятини турли хил рисклардан ҳимоя қилувчи дастак сифатида ҳаракатда бўлади. Қачонки банк ихтиёрида мавжуд бўлган маблағлар, унинг фаолиятини нормал олиб бориш учун етарли бўлмаса ва банк фалиятида молиявий жиҳатдан қийинчиликлар юзага келса, банк капиталидан кредит операцияларни амалга ошириш, турли хил ҳисоб-китоблар олиб бориши, умуман банк мажбуриятлари бўйича тўловларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин. Бу ҳол банк фаолиятининг ва унинг ликвидлигининг нобарқарорлигидан далолат бериши мумкин.
Рус иқтисодчилари томонидан тайёрланган «Финансово-кредитный словарь» китобида «Банковский капитал – Совокупность денежных капиталов, привлеченных в капиталистические банки и используемые ими для кредитно- расчетных и других операций» 2 деган таъриф келтирилган бўлиб, бу таъриф украиналик иқтисодчиларнинг таърифига ўхшаб кетади ва унда ҳам банк капиталига жалб қилинган маблағлар сифатида қаралади.
Албатта, банк капитали, аввалом бор, унинг иқтисодий жиҳатдан барқарорлигини таъминлашининг асоси ҳисобланади. Банкда доимий равишда барқарор капитал базасининг бўлиши банк фаолиятини доимий равишда хавф-хатарсиз фаолият юритиши банкнинг операциялари кўламини кенгайтира боришга асос бўлади. Банк капитали базасининг барқарор бўлиши унинг рискли операциялар олиб боришга ҳам бир манба сифатида таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга банк томонидан ташкил қилинган турли фондларни банк капитали деб қараш бизнинг фикримизча банк капитали тушунчасининг банкнинг ўз маблағлари тушунчаси билан аралашиб кетишига ва улар ўртасидаги фарқнинг йўқолиб боришига олиб келиши мумкин. Банкнинг ўз маблағлари тушунчаси банк капитали тушунчасига қараганда кенг маънога эга бўлиб, у ўз ичига банк капиталини ҳам қамраб олади. Мавжуд иқтисодий адабиётларнинг қисқа таҳлили шуни кўрсатадики, О.И.Лаврушиннинг фикрича «Под собственными средствами банка следует понимать различные фонды, создаваемые в хозяйственной деятельности, а также полученную прибыль по результатом деятельности текущего и прошлых лет»1.
Бизнинг фикримизча юқорида келтирилган таърифлар аксарият ҳолда бир-биридан унчалик фарқ қилмайди, яъни юқорида муаллифлар банкнинг ўз маблағлари ва банк капиталини айрим бир хил тушунчага эга эканлигини кўрсатмоқда. Америкалик иқтисодчилар Крис Дж Барлтон ва Диана МакНотоннинг фикрича, банк капитали банк фаолиятида юзага келадиган турли хил кўзда тутилмаган ҳолатларнинг олдини олиш учун етарли резерв бўлиши билан бирга, ўзгарувчан шароитга мослашишда юзага келадиган тўловга қобилиятсизликни бартараф қилишда ёрдам беради. Шу сабабли улар банк капиталига «амортизатор на случай неожиданной аварии»2 деб таъриф берганлар ва банк капиталининг ҳажми ҳар бир мамлакатда банк тизими ҳамда унинг иқтисодининг ривожланишига қараб турлича бўлишини таъкидлашган. Маҳаллий иқтисодчилардан А. Омонов “Тижорат банкларининг капитали барқарор манба бўлиб, банкнинг операцион жараёнида кутилмаганда юзага келадиган зарарларни қоплаш имконини берувчи ўзига хос ҳимоя воситасидир”3 деб таъкидлайди.
Банк капитали бу банк таъсисчилари томонидан қўйилган маблағлар бўлиб, у устав капитали ва резерв фондлари, ҳамда тақсимланмаган фойдадан иборат. Банкнинг капитали тўғрисида гапирганда, аввалом бор, банк капитали унинг таъсисчилари томонидан тўпланган маблағ эканлигига эътибор бериш лозим. Турли хил фондлар, тақсимланмаган фойда эса банк фаолияти махсули сифатида юзага келиши мумкин ва улар банк капиталининг ўзгаришига, яъни ошиб боришига замин яратади.
Замонавий йирик банкни миллионлаб доллар маблағга эга бўлган банк сифатида эмас, балки ўнлаб ва юзлаб миллиард долларлаб пул маблағига эга бўлган муассаса сифатида қараш мумкин 50 - йилларнинг ўрталарида фақат “Bank of Ameriсa” 10 млрд. доллардан ортиқ активга эга бўлган. 1985 йилга келиб 42 та Америка банки ва 100 дан ортиқ бошқа давлатларнинг банклари 17 млрд. доллардан ортиқ активга эга бўлган. Қарийиб икки асрлик тарихга эга бўлган хорижий мамлакатлар банкларидан фарқли равишда Ўзбекистон Республикаси банклари энди ўзининг биринчи қадамларини қўймоқда. Шу боис бу тижорат банкларининг устав фондлари кам миқдорга эга. Барча ривожланаётган давлатларда банк капитали ташкил қилишда унинг энг кам миқдори, банкларнинг моддий техника базасининг ва кадрлар касб маҳоратининг бозор иқтисодиёти юксак ривожланган давлатларга нисбатан пастлиги банк тизими ташкил қилишнинг биринчи босқичларнинг хусусиятларидан ҳисобланади. Банк капитали ташкил топишининг яна бир хусусияти бу собиқ иттифоқ тизимдаги фаолиятни бозор муносабатига трансформация қилишдан иборат ва бу ҳол чуқур иқтисодий ва молиявий инқирозлар асосида кечиши билан ҳам характерланади.
Жаҳоннинг барча мамлакатларида банкларнинг ликвидлигини ошириш ва мижозлари ўртасида ишончлилигини мустаҳкамлаш мақсадида Марказий Банк томонидан устав капиталининг минимал ҳажми ўрнатилади. Ўтган йиллар давомида тижорат банкларининг қўшимча акцияларини ва бошқа қимматли қоғозларини чиқариш ва реализация қилиш, юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг маблағларини депозитларга жалб қилиш орқали банкларнинг капиталлашувини ошириш бўйича дастурлар қабул қилинган. Албатта, капиталлашувнинг ошиши ўз-ўзидан банк ресурсларининг ошишига асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |