2.2. Таҳлилнинг моҳияти ва бошқаришдаги ўрни. Иқтисодий таҳлилнинг ўзига хос хусусиятлари.
Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларида бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини танлаб, уни изчил амалга ошириши натижасида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда, ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасининг кескин пасайиб, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймасликка эришди. 1991–1995 йилларда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши, МДҲ давлатлари ўртасида энг кам кўрсаткични – 18,8 фоизни ташкил этди. Ҳолбуки, бу рақам Россияда – 53 фоиз, Украинада – 52 фоиз, Беларусда – 54,6 фоиз, Қозоғистонда эса 75,4 фоизга тенг бўлди14.
3.1-расм. Ўзбекистон иқтисодий ўсиш суръатлари, фоизда15
Ўзбекистон иқтисодиёти 2000-2003 йиллар давомида йилига 3,8–4,2 фоиз ўсиш даражасида ўртача суръатлар билан ривожланди. Қулай ишчан муҳит яратиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнларининг натижаси сифатида мамлакатимиз иқтисодиёти 2004 йилдан эътиборан йилига 7–9 фоиз даражасидаги юқори ва барқарор ўсиш суръатларини намойиш қила бошлади.
Жаҳон иқтисодиётида сақланиб қолаётган мураккаб вазият ва дунё бозорларида юзага келган ноқулай конъюнктурага қарамасдан, мамлакатимиз иқтисодиёти сўнгги йилларда ҳам юқори суръатларда ўсишда давом этди. Хусусан, 2015 йил якуни бўйича мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг реал ўсиши 2014 йилга нисбатан 8 фоизни, 2018 йил якуни 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизни ташкил этди (3.1-расм)16.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар Стратегияси қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида макроиқтисодий мувозанатни сақлаш, таркибий ва институционал ўзгартиришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.
2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар Стратегиясида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишда минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича умумий қиймати қарийб 40 млрд. долларга тенг бўлган 649 та инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутувчи тармоқ дастурларини ўз вақтида амалга ошириш белгиланмоқда.
Халқаро иқтисодиётга интеграциялашиш Халқаро Валюта фонди, Жаҳон Банки, Осиё тараққиёти банки каби халқаро молия ташкилотлар фаолиятига қатнашиш бир қанча қоидаларга риоя қилишни талаб этади. Булардан бири бўлиб мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ривожланишини таҳлил қилганда макроиқтисодий кўрсаткичларини бир хил усул ва услубларда ҳисоблаш киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |