УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР
Бугунги кунда нафақат, она тили фанидан, балки бошқа фанлардан ҳам умумий (мактаблар учун, академик лицей, касб-ҳунар колежлари учун), мавзувий ўқув луғатларига бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. 2006-2009 йиллар оралиғида “Янги аср авлоди” нашриёти томонидан йигирмага яқин ўқув луғатларининг тузувчилар ҳисобидан нашр этилди. Баъзиларининг эҳтиёж туфайли Халқ таълими вазирлиги томонидан маълум бир ададда қайта нашр қилинганлиги ҳам юқоридаги фикрни исботлайди. Бироқ тилшунослигимизда ўқув луғатчилиги соҳаси етарли даражада шаклланмаганлиги, қолаверса, луғатларни нашр қилиш билан боғлиқ молиялаштириш тизими яратилмаганлиги сабабли мазкур луғатларни замонавий луғатлар даражасида деб бўлмайди. Улар такомиллашган янги ўқув луғатлари учун сўзликлар вазифасини бажара олади, холос.
Ўзбек ўқув луғатчилигининг кейинги тараққиёти қуйидаги муаммолар ечими билан боғлиқ:ўзбек лексикографияси негизида ўқув луғатчилиги тармоғини ташкил қилиш;ўқув луғатчилигининг назарий ва амалий масалалари билан шуғулланадиган Доимий анжуман ташкил этиш;ўқув луғатларининг лингвистик ва педагогик асосларини яратиш;ўқув луғатларини тузиш тамойилларини ишлаб чиқиш;ўқув луғатларини тузиш назарияси ва амалиёти билан шуғулланувчи марказ ташкил қилиш ва улар учун маблағ ажратиш;луғатларни нашр қилишни молиялаштириш;яратилган луғатларни таълимнинг тўлақонли ёрдамчи воситасига айлантириш, она тили бўйича дастур ва дарсликлар мундарижасини шу мақсадда қайта ишлаб чиқиш, ўқувчининг луғатлар билан ишлаш кўникма ва малакасини шакллантириш, ҳар бир луғат учун унинг иш услуби билан таништирадиган илмий-методик кўрсатмаларни ишлаб чиқиш;ўқув луғатларининг электрон версияларини яратишни йўлга қўйиш.
Бу муаммоларнинг ечими она тили таълимидаги катта бўшлиқнинг бартараф этилишига олиб келади. Ўйлаймизки, фарзандларимизнинг кучли, билимли, доно, юксак маънавиятли, мустақил тафаккур соҳиблари бўлиб вояга етишига тўсқинлик қилаётган мазкур муаммолар ва уларнинг ечимига дахлдор соҳа мутасаддилари, мутахассислар, таълим фидойилари бизнинг фикрларимизга бефарқ муносабатда бўлишмайди деган умиддамиз.
Таълимнинг уч босқичи учун ихтисослашган она тили таълимини йўлга қўйиш, она тили таълимини бошланғич (тил қурилиши таълими), таянч (тил имконияти таълими) ва юқори (тил маданияти таълими) узвий босқичларига ажратиб амалга ошириш бугунги кунда давр талаби, ижтимоий зарурат сифатида намоён бўлмоқда. Қолоқ анъаналарга боғланиб қолиш тараққиёт заволи бўлганидек, зарурат асосида иш кўриш эса ривожланиш гаровидир.
Ўқув изоҳли луғатини тузишда қуйидагиларга амал қилинади. Луғатга киритилган лексемалар алифбо тартибида берилади ва улар, одатда, луғатнинг сўзлиги деб қаралади. Луғатга қўлланилиши чегараланган ва ўқувчига тушунарсиз деб ҳисобланган лексемалар берилади. Масалан, улар қуйидагилар: 1.Кўпчилик ўқувчи одатда қўлламайдиган ва тушунмайдиган, дарслик, илмий-оммабоп асар ва даврий матбуотда қўлланадиган терминлар.2.Касб-ҳунар лексикасидан ҳам кўпчилик тушунмайдиган ва қўлламайдиган лексемалар, шунингдек, каби касб эгасини билдирувчи лексемалар ва улардан ясалган соҳа номини билдирувчи лексемалар. 3.Шевага оид лексемалар: 1) адабий тилда параллел қўлланадиган лексемалар; 2) адабий тилга мансуб бўлмаса ҳам, кўпчилик шеваларда қўлланадиган ва ёзма манбаларда ҳам учрайдиган лексемалар; 3) адабий тилда варианти бўлмаган, маълум бир ёки бирдан ортиқ шевада қўлланадиган лексемалар. 4.Тарихий лексемалардан ўтмишни ёритиш ва тасвирлашга оид ишларда қўлланадиган лексемалар.6.Эскирган лексемалардан ўз вақтида кенг истеъмолда бўлиб, ҳозирда бошқа лексема билан алмашган ёки илмий, бадиий асарлар ва бошқа манбаларда қўлланувчи лексемалар.7.Ҳозирги тилда мустақил ҳолда деярли қўлланмайдиган, ҳатто бутунлай истеъмолдан чиққан, лекин истеъмолда бўлган мақол, матал ва фразеологизмлар таркибида, шунингдек, маълум бир лексема билангина қўлланувчи лексемалар.8.Диний тушунчаларни билдирувчи, оғзаки ва ёзма нутқца кенг қўлланадиган лексемалар.9.Халқ номларидан: 1) халқларни билдирувчи лексемалар; 2) тарихда маълум роль ўйнаган, шу туфайли номи ҳозирги ёзма манбаларда учрайдиган халқ, қабила ва сулолаларни билдирувчи лексемалар; 3) ўзбек халқи таркибига кирувчи қабила ва уруғ номлари лексемалари. 10.Шўро даврида кенг истеъмолда бўлган, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгандан кейин бошқа лексема билан алмаштирилганлексемалар. Қисқартмалар (ЎзЛиДеП, УЎК каби), атокли отлар ҳам изоҳланувчи бирлик (бош лексема) сифатида луғатга киритилади.
Турғун бирикмалар ҳам луғатга киритиладиган лексемаларга қўйиладиган (юқорида қайд этилган) талаблар асосида луғатга киритилади. Улар:1.Оғзаки ва ёзма нуткда кам қўлланадиган, турли соҳага оид бирикмалар. 2.Таркибидаги бирор лексема кўчма семемали бўлган бирикмалар. 3.Фразеологизмлар. 4. Изоҳталаб идиомалар.Бирор лексемага тузилган луғат сўзлигига киритиладиган юқорида келтирилган типдаги турғун бирикмалар бўлса, улар худди шу беш банддаги тартибда берилади ва ҳар бирининг семемаси (семемалари) қайд этилиб, уларга изоҳ берилади, шунингдек, бу семема ва изохдарни тасдиқловчи мисоллар ҳам келтирилади.
Бош лексемалар (мустақил лексемалар) ноль шаклда (бош шаклда) берилади. Халқ, қабила, элат номлари, шунингдек, айрим терминлар кўплик шаклида берилмайди. Бирлик шакл бош лексема сифатида берилади.
Омонимлар алоҳида-алоҳида лексема сифатида рим рақамлари билан (нуқтасиз) бош лексема қилиб берилади. Омографлар ҳам бошқа-бошқа лексема сифатида бош лексема қилиб берилади. Уларнинг урғудаги фарқи қайд этилади. Лексеманинг бирор шакли шу шаклга хос семема ва вазифадан бошқа семема ва вазифа касб этган бўлса, шу шакл бош лексема сифатида берилади ва ҳар бир семема, вазифаси қайд этилади. Бош лексема мустақил қўлланмай, бирор лексема билан ёки фразеологизм таркибида қўлланадиган бўлса, унинг кетидан остин-устун икки нуқта (:) қўйилиб, сўнгра шу лексема билан берилади.
Бош лексема кўп семемали бўлса, фразеологизмлар бош лексеманинг қайси семемасига алоқадор бўлса, шу семемасида (шу семемасининг изоҳи ва унга берилган мисоллардан сўнг) берилади. Фразеологизмлар ҳам лексемалар қатори берилади.
Фразеологизмлар шу фразеологизм таркибида албатта қатнашадиган (мажбурий компоненти бўлган), шу фразеологизмнинг шаклланишида асосий лексема ҳисобланувчи лексемага тузилган луғат сўзлигида берилади. Мустақил бўлмаган лексема туркумларига оид лексемаларнинг ҳаммасига грамматик характеристика берилади.
Услубий характеристика ва уни қайд этувчи белгилар барчалексемалар учун берилади.Бош лексемасемемаси ёки семемаларидан бирининг изоҳи олдидан грамматик ва услубий белги қўйиладиган бўлса, аввал грамматик, сўнгра услубий белги берилади.
Луғатда бош лексеманинг ҳар қандай семемаси эмас, балки унинг ҳозирги умумистеъмолда бўлган, кўпчиликка тушунарли бўлмаган семемаси (семемалари) қайд этилади.Бош лексема бир семемали бўлса, луғат сўзлиги шу семемасига тузилади. Кўп семемали бўлса, ҳар бир семемаси, маълум тартибда, тўқ қора рангли араб рақами билан алоҳида-алоҳида қайд этилади. Ёрдамчи лексемалар (боғловчи, кўмакчи, юкламалар) ҳам кўп семемали бўлиши мумкин. Уларнинг барча семемаларини қайд этиш шарт эмас. Лексемасемемасини изоҳлаш таъриф, тавсиф, тушунтириш каби йўллар билан бўлади. Мустақил лексеманинг, аниқроғи, номловчи лексеманинг семемаси унинг таркибий қисмлари (семалари) асосида изоҳланади. Ёрдамчи лексематорсемема ва вазифага эга бўлса, у таърифланади ва тасдиқловчи мисол келтирилади. Кўп семемали лексема бирор семемаси ёки бир неча семемаси орқали бошқа лексемага синоним бўлса ҳам, шу семемаси билан синонимик қатордаги асосий лексемага ҳавола этилмайди.Феълнинг нисбат шаклларини ишлаш ва изоҳлашда ҳам юқоридагича йўл тутилади, яъни луғатга киритилган феълнинг қайси нисбат шакли экани, агар нисбат янги семемабермаётган бўлса, берилиши тўғри эмас.
Далилловчи мисол, гарчи ҳар бир семеманинг изоҳидан сўнг берилса-да, лекин у олдинги беш моддада қайд этилганларнинг, яъни изохланувчи бирликнинг (жумладан, бош лексеманинг) айтилган талаблар асосида киритилганлигини, унга қўйилган грамматик ва услубий белгиларнинг тўғрилигини, изоҳланувчи бирлик семемаси (семемалари)нинг тўғри, аниқ белгиланганлигини, ниҳоят, ҳар бир семемага берилган изоҳнинг тўғрилигани тасдикдаш учун келтирилади. Кўринадики, далилловчи мисоллар луғат сўзлигида муҳим вазифа бажаради ва унинг қиймати ана шу вазифаларни бажаришга қай даражада муносиблиги билан белгиланади.
Луғат мақолалари 22 қисмдан иборат бўлади: 1)туркумий белгиси; 2)талаффузи; 3)имлоси; 4)таркиби; 5)туб/ясама; 6)тузилиши; 7)к/чиқиши; 8)омоними; 9)пароними; 10)варианти; 11)маъноси; 12) қўлланиши; 13)даври; 14)услуби; 15)синоними; 16)антоними; 17)уяси; 18)уядоши; 19)даражаланиши; 20)рус; 21)инглиз; 22)мисол.
Кўп маъноли сўзларнинг ҳар бир маъноси 11 – қисмдан сўнг бошланади. 1)туркумий белгиси; 2)талаффузи; 3)имлоси; 4)таркиби; 5)туб/ясама; 6)тузилиши; 7)к/чиқиши; 8)омоними; 9)пароними; 10)варианти; 11) 1-МАЪНОСИ; 12) қўлланиши; 13)даври; 14)услуби; 15)синоними; 16)антоними; 17)уяси; 18)уядоши; 19)даражаланиши; 20)рус21)инглиз; 22)мисол.11)2-МАЪНОСИ; 12) қўлланиши; 13)даври; 14)услуби; 15)синоними; 16)антоними; 17)уяси; 18)уядоши; 19)даражаланиши; 20)рус21)инглиз; 22)мисол.
Do'stlaringiz bilan baham: |