Муаммоли вазиятларни ҳал қилиш мақсадида, қуйидаги тақдим этилган “Муаммоли вазият” жадвалини тўлдиришга киришинг. Муаммоларни ечиш учун мавзугача бўлган тегишли билимларни ва мавзуга оид Кирхгоф қонунлари мазмунини эсланг. Кичик муаммоларни ҳал қилиш учун ток манбаи Э.Ю.К. (ичидаги бегона куч) йўналишини ва занжир қаралаётган қисмларида оқаётган токнинг йўналишларини аниқлаш йўлларини (қоидаларини) эсланг. Жадвални тўлдиринг. Шундан кейин масала шартида баён қилинган электр занжирини чизинг. Жадвалдаги ёзувларнинг асосида занжирдаги Э.Ю.К. ва токларга йўналишлар бериб, уларни стрелкалар орқали чизиб тасвирланг.
Шундан кейин бош муаммони ечишга киришинг. Бунинг учун Крихгоф қонунини занжирга қўлланг. Биринчи қонун бўйича ток кучларининг алгебрик йиғиндисини олишда қуйидаги қоидага риоя қилинг: Электр тугунига кираётган токлар мусбат, чиқаётган токлар эса манфий ишора билан олинади.
Иккинчи қонун бўйича алгебрик йиғинди олишда қуйидаги қоидага риоя қилинг: қаралаётган ёпиқ занжирни айланиб чиқиш йўналишингизни ихтиёрий танланг. Шу айланиб чиқиш йўналишингизга йўналиши мос тушадиган Э.Ю.К. ва токларнинг ишораси мусбат, тескари йўналган Э.Ю.К. ва токлар эса манфий ишора билан олинади.
Ҳар иккита Кирхгоф қонуни бўйича тузиладиган тенгламалар сони масала шартида берилган мураккаб занжир қисмларида оқаётган токлар сонига тенг бўлиши зарур. Шулардан биринчи қонун бўйича тузиладиган тенгламалар сони, занжирдаги электр тугунлари сонидан биттага кам бўлиши зарур. Қолган тенгламалар иккинчи қонун бўйича тузилади. Шундай қилиб ҳосил бўлган тенгламалар системасини номаълумларга (топилиши сўралган занжир параметрларига) нисбатан ечинг. Бунда сизга математикадан тенгламалар системасининг ечишга оид илм зарур бўлади. Ҳар бир номаълумни аниқлаш ифодасининг тўғрилигини ўлчов бирлик орқали текшириб кўринг. Сўнгра математик ҳисоблашларни бажаринг. Ҳисоблаш натижаларни таҳлил қилинг. Тегишли хулосалар чиқаринг.
Кейс билан ишлаш натижаларини ёзма шаклда дарсхонада ишлаш дафтарингизга ёзинг.