Харажатларни назорат қилиш даражаси бўйича, яъни объект таннархнинг калькуляция қилиниши мумкинлигига қараб тўғри ва эгри (тўғри бўлмаган) харажатларга бўлиш мумкин.
Тўғри харажатлар – бу алоҳида турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда таннархига бевосита киритиладиган харажатлар: Аниқ маҳсулот учун қилинган тўғри харажатларни ва бўлимлар учун қилинган тўғри харажатларни фарқлай билиш керак.
Агар харажатларни тўғридан-тўғри аниқ маҳсулотга олиб бориш мумкин бўлса бу ушбу маҳсулот учун тўғри харажат бўлиб ҳисобланади. Корхонанинг бўлимлари билан бевосита боғлиқ харажатлар бу бўлимнинг тўғри харажати хисобланади, лекин ушбу бўлимда чиқариладиган аниқ маҳсулотга нисбатан улар эгри харажат ҳисобланади.
Тўғри харажатлар бевосита маҳсулот таннархига ишлаб чиқариш харажатлари миқдорида олиб борилади. Бу харажатлар бутунлай ўз қийматини аниқ ишлаб чиқарилган маҳсулотга ўтказади.
Тўғри харажатларнинг асосий моддалари қўйидагилар:
хом ашё ва асосий матераллар;
сотиб олинадиган ашёлар ва ярим фабрикантлар;
ишлаб чиқариш ходимларининг асосий иш ҳақи;
электр қуввати қиймати кабилар.
Эгри харажатларни, уларни яна билвосита харажатлар дейилади. Уларни маҳсулотнинг аниқ турига бевосита олиб бориб бўлмайди (агар маҳсулотнинг бир неча тури ишлаб чиқарилса). Бир вақтнинг ўзида маҳсулотларнинг ҳар хил турларига олиб бориладиган харажатлар ишлаб чиқаришнинг қўшма ёки комплекс харажатлар дейилади ва эгри харажатлар туркумига киради. Масалан, цех ходимларининг меҳнат ҳақи (цех бошлиғининг, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг), коммунал хизмати, цех биноларининг амортизацияси ва умумий фойдаланишдаги ускуналар ва бошқалар
Эгри харажатларнинг асосий моддалари қўйидагилардир:
умумцех харажатлари;
умумзавод харажатлари;
ноишлаб чиқариш харажатларининг бир қисми.
Харажатлар бўлимлар учун тўғри харажат, шунинг билан бирга маҳсулот учун эгри харажат бўлиши мумкин. Ремонт-механика цехи бошлиғининг меҳнат ҳақи цех учун тўғри харажатдир, лекин шу цехда тайёрланадиган кўплаб маҳсулот турлари учун эгри харажат ҳисобланади.
Тўғри харажатлар бевосита «Асосий ишлаб чиқариш счётида ўз аксини топади, эгри харажатлар эса «Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётига тааллуқлидир ва харажатларни тақсимлаш усули қўллаш йўли билан маҳсулот турлари бўйича улар ой охирида «Асосий ишлаб чиқариш» счётига олиб борилади.
Корхона раҳбарияти тўғри ва эгри харажатларни таҳлил қилганда, маҳсулот сифатини пасайтирмай унинг таннархини пасайтириш бўйича бошқарув қарорларини қабул қилишига эришиш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |