International Journal of Intellectual and Cultural Heritage
Volume: 2 Issue: 02 | 2022
ISSN: P – 2181-2306, E – 2181-2314
http://ihm.iscience.uz/index.php/ijich
37
Таҳлил ва натижалар (Analysis аnd results)
Домла Икром 1894-1896 йилларда Муҳаммад Аваз Хўжандий ҳамроҳлигида ҳажга
борган ва ўша вақтдаги Истанбул, Бағдод, Шероз ва бошқа исломий шаҳарлардаги
тараққиётни кўриб таъсирланган. Сафардан қайтгач, Бухоро
мадрасаларидаги таълим
дастурларини танқид қилиб, уларни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлайди. Бу эса Бухоро
мударриси ва муфтиси Абдураззоқ бошчилигидаги уламоларнинг кескин қаршилигига
учрайди. Улар домла Икромни Россия ҳукуматига сотилганликда ва “ислом динига қарши
бўлган” усули жадид мактабларини тарғиб қилганликда айблайдилар. Муллабаччаларни унга
қарши қўйишга ҳаракат қиладилар. Рамазон ҳайити куни Домла Икромни Намозгоҳ масжиди
майдонида ўлдиришга қарор қиладилар. Бундан хабар топган Бухоро ҳукумати уни Зандана
туманига қози қилиб юборади. Унга қўшбеги томонидан лавозими учун 600
танга маош
белгиланади. Орадан бир оз вақт ўтгач, амир Домла Икромни Қоракўл туманига қози этиб
тайинлайди ва ҳар ой унга 1000 танга маош беради [1].
1914 йил январида мутаассиб уламоларининг ҳомийси муфти Абдураззоқ ҳаж сафарига
кетиб, Маккада вафот этади. Амир Олимхон унинг ўрнига домла Икромни муфти лавозимига
тайинлайди [2].
1917 йил апрель ойи охирларида Мулла Холмурод бошчилигидаги қадимчилар
муфтиларга жадид мактаблари шаръан “жоиз эмас”лиги, жадидлар билан мулоқот қилмаслик
керак¬лиги ҳақидаги фатвога муҳр бостириб олишади. Домла Икромча бунга қарши чиқади ва
қушбегига норозилик хати ёзади. Қушбеги ва қозикалоннинг аралашуви билан ҳукумат Домла
Икромни Ғузор вилоятига қозилик қилиш баҳонасида иккинчи бор сургун қилади [3].
1918 йил баҳорида Туркистон Халқ комиссарлари Совети раиси Ф. Колесовнинг
Бухорога қарши қуролли ҳаракатни амалга ошириши оқибатида амир Ёш бухороликларни
хоинликда айблаб, жазолашни буюради. Улар орасида Домла Икромнинг Ҳабибулло
исмли
ўғли ҳам бор эди. Бухоро ҳукумати Ҳабибуллони қатл этиб, Домла Икромни ҳибсга олади.
Унинг уй-жойи мусодара этилиб, барча китоб ва қўлёзмалари ёндирилади.
Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати томонидан 1920 йилда Домла Икром бутун оиласи
билан озод қилиниб, Бухорога келтирилади ва адлия вазирлиги нозири этиб тайинланади. 1922
йилга келиб эса шаръий қозилик маҳкамаси ташкил этилади ва унга раис қилиб тайинланади.
Домла Икром 1925 йилда нафақага чиққан ва шу йили вафот этган [4].
Домла Икром амирлик даврида, яъни 1912 йилда эса Бухоро жамиятидаги муаммолар ва
уларни бартараф этишга оид фикрлари ўрин олган “Ийқозу-н-ноимийн ва иълому-л-
жоҳилийн” (Жоҳилликка олиб борувчи ўнгдаги тушлар) асарини чоп эттирган. У ижтимоий
ҳаётдаги нуқсон ва камчиликларни
кузатиб борар экан, буни бартараф этиш учун бир асар
ёзишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аммо асарни ёзишдан олдин анча вақт ўйлаб юради.
Қуръони карим ва Ҳадис илмидан тўлиқ хабардор бўлгани учун бидъатларни баён қилишни
амир ҳукуматига нисбатан нонкўрлик деб ҳисоблайди ва “... уни изҳор қилишга журъат
қилмас эдимки, мабодо бу шикоят ҳукуматга
тегиб кетиб, куфрони неъмат ва кўрнамаклик
бўлмасин деб. Негаки тасаввуф китобларида кўрганманки, замона султонлари Илоҳнинг
жалол ва жамол сифатларининг мазҳаридирлар. Агар раиятлар лутф ва марҳаматга лойиқ
бўлсалар, жамол ва лутф сифатларини зоҳир қилурлар ва агар қаҳру ғазабга лойиқ бўлсалар,
жалол ва қаҳр сифтларини зоҳир қилурлар” [5], - дейди. Бу ҳолат Домла Икром “Фатава
камила” (“Мукаммал фатволар”) асарини ўқигунича давом этади. Бу асар Муҳаммад Комил
ибн Мустафо ат-Таробулисий (1829-1900) томонидан ёзилган бўлиб, тўлиқ номи “ал-Фатово
ал-комилия фий ал-ҳаводис ат-таробулисия”дир. Ҳанафийлик мазҳаби фиқҳига оид ушбу асар
1895 йилда Мисрда нашр қилинган.