Сикхийлик, ислом ва ҳиндуийлик динлари аралашмасидан ҳосил бўлган диний ҳаракатдир. Ҳозирги кунда ҳинд диний ва сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган бу диннинг 17 миллионга яқин издошлари мавжуд.
Сикхийлик Ҳиндистон халқи диний тафаккурининг бир босқичи сифатида кучли ислоҳотчилик ҳаракатлари заминида юзага келди. Бу ҳаракат Рамананд, Горакхнатх, Чайтаньях, Кабир ва Валлабхачарья номлари билан боғлиқ бўлиб, бутун XVI асрни ўз ичига олди.
Мазкур динга Панжобда гуру, яъни устоз Нанак (1469-1539) томонидан асос солиниб, унга эргашганлар ўзларини сикхлар, яъни шогирдлар деб аташган. “Сикх” атамаси ғарбликлар томонидан бу динга “сикхийлик” номи берилишига сабаб бўлган. Панжобликларнинг ўзи динларини “гурмат” деб атайдилар.
Гуру Нанак 1469 йили, ҳозир Нанкана Соҳиб деб номланувчи, Талванди қишлоғида туғилган. Унинг болалиги ва ўсмирлик даври шу қишлоқда ўтган. У бу қишлоқдан чиқиб кетишидан аввал оила қурган ва иккита ўғли бўлган. Камбағал бўлишига қарамай у кшатрийлар оиласига мансуб ҳинд муҳити фарзанди эди.
Нанак Талванди қишлоғини (Нанкана Соҳиб) ташлаб, Султонпур шаҳрига боради. У ерда мусулмон бир идорачининг хизматига ишга киради ва бир неча йил шу вазифада хизмат кўрсатади. Ривоятларга кўра, у зоҳидона ҳаёт кечиради, натижад унга “Яратувчи, қўрқув ва душманликдан узоқ, туғилмаган, зоти билан қоим, Улуғ бир тангрининг мавжудлиги” кўринишида маъруза қилиш вазифаси топширилади. Шу сабаб бўлиб Нанак, 1500 йилларда Султонпурни тарк этиб, яккаю-ягона бўлган “тангри”си ҳақидаги тушунчаларини кенг тарғиб қила бошлайди. Бу мавзудаги маърузалари билан анчагина обрў-эътиборга етишган Нанак, муқаддас жойларни зиёрат қилган ва турли дин вакиллари билан тортишган. Бу орада унинг шарафига бир бой томонидан Рави дарёси қирғоғида қурилган Картапур қишлоғига жойлашади ва ҳаётининг сўнгги ўн йилини шу ерда ўтказади. Бу қишлоқда ўзи кўтариб чиққан янги эътиқодни ёйишни бошлайди. 1539 йил, 70 ёшида, шу қишлоқда ҳаётдан кўз юмади. Ортидан эса икки ўғил ва кўп сонли сикх – шогирдлар қолдиради.
Исломий фикрлардан фойдаланган Нанак, дастлаб бир дин қуриш даъвосида бўлмаган. У Ҳиндуийликнинг урф, одат ва маданиятини тозалаш, кўпхудолик, бутпарастлик ва каста тизимини йўқ қилиб, ислом билан Ҳиндуийлик орасида ўрта йўлни топишни мақсад қилган эди. Дастлаб сиёсий кўринишда бошланган бу ҳаракат, кейинчалик диний тус олган. Ислом мутасаввифларининг таъсири остида қолган Нанак, Ҳиндистон шимолида маърузалар қилган ва синкретист Сикх ҳаракатининг пайдо бўлишига сабабчи бўлган. У исломнинг яккахудо ва унинг сифатлари каби баъзи жиҳатларини ўзлаштириб олган. Унга кўра тангри бир, абадий, кўзга кўринмас, сўз билан тушинтириб бўлмас, ҳамма жойда ҳозиру-нозирдир. Шу билан бирга, у ҳинд фалсафаси асосларидан бўлмиш “нирвана”, реинкарнация тушунчаларини сақлаб қолган ҳамда аватараларга ишонишни инкор қилган.
Нанак вафотидан сўнг унинг таълимоти 9 гуру томонидан давом эттирилди. Сикхлар эътиқодига кўра Гуру Нанакнинг руҳи ўзидан кейинги узтозларга кўчиб ўтар эмиш. Шундай қилиб, Нанакдан кейин 2-гуру вазифасини куёви Ангад бажарган. Ундан сўнг Амар Дас, Рам Дас, Аржун, Харгобинд, Хар Рай, Хари Кишен, Тегх Баҳодир ва сўнгги гуру Говинд Сингх бўлган.
Сикхийликнинг бугунги ҳолатига келишида Говинд Сингхнинг ўрни катта бўлган. Айнан унинг ташаббуси билан “Халса” деб номланувчи жамоа тузилган. Халса, кучли эътиқодга эга бўлган сикхлар гуруҳи бўлиб, унда ўзига хос ички тартиб-қоидалар мавжуд. Жумладан, уга киришни истаганлар пахул деб номланувчи махсус маросимидан ўтиши ва “к” ҳарфи билан бошланувчи беш асосни амалга оширишлари шарт. Булар:
1) Кеш – соч ва соқолларнинг олинмаслиги;
2) Кангха – тароқ тақилиши ва салла билан уларнинг тартибининг таъминланиши;
3) Кач – тизза остида боғланувчи шим кийилиши;
4) Кара – ўнг билак устига пўлат билакузук тақилиши;
5) Кирпан – Ҳанжар олиб юриш.
Шуингдек, халса аъзоларига алкоголли ичимликлар ичиш, сигарет чекиш тақиқланади.
Говинд Сингх билан гуру силсиласи ниҳоясига етган. У, ўзига эргашганларни энди муқаддас китоб “Адигрантх”ни гуру қилиб олишларини айтган. Шу сабабли ҳам сикхлар ўз муқаддас китобларини Гуру Грантх деб номлаганлар.
Юқорида зикр этилганидек сикхларнинг муқаддас китоби – Адигрантх (“Бошланғич китоб) бўлиб, бешинчи гуру Аржун (1581-1606) томонидан тузилган. Унга аввал дастлабки беш гурунинг, кейинчалик эса бошқа гуруларнинг мадҳиялари кирган. Жумладан, Кабирнинг, Намдевнинг, Фаридиддин Ганжишакарнинг (XV аср) мадҳиялари билан бир қаторда бир неча бхакти ва суфийлик ҳаракати намояндаларининг ҳам мадҳиялари кирган. У панжоб тилида ёзилган бўлиб, ҳозирги кунда Амритсар шаҳридаги сикхларнинг бош ибодатхонаси ҳисобланмиш “Олтин Ҳарам”да сақланади.
Сикхийлик таълимотига кўра ҳиндуийликдаги Брахма, Вишну, Шива ва исломдаги Аллоҳ бир илоҳиётда мужассам бўлади. У ниргун (“сифатлардан ҳоли”) ва сагун (“сифатлар эгаси”) деб талқин қилинади. Унинг асосий ҳолати ниргун бўлиб, бу ҳолат ҳар қандай сифатлардан ҳолидир. Бироқ инсон уни қандайдир сифатлар орқали таниши учун у ўз хоҳиши билан сагун ҳолатига ўтади. Унинг томонидан яратилган дунё ўзгарувчан ва фонийдир. Илоҳиёт эса – абадий. У азалда ҳам, ҳозирда ҳам, келажакда ҳам мустақил равишда мавжуддир. Азалийлик, вақтдан ташқарида бўлиш, туғилмаганлик, ўлмаслик каби унга берилган сифатлар унинг моҳиятини англатади. Худога бўлган муҳаббат, ишонч, садоқат йўлини тутган ҳар бир инсон Унга етишиши ва У билан бирлашиб кетиши мумкин. Худога ибодат қилиш, Сикхийлик таълимоти бўйича, асло дунёвий ҳаётдан узилишни, роҳиблик йўлини тутишни англатмайди, аксинча, ҳаётда фаолликни, тўла меҳнатни ва оиладаги ўз вазифасини бажаришни англатади. Бу тамойилларга тўла амал қилиш пировард натижада туғилишлар занжирининг узилишига ва инсоннинг худо билан бирлашиб кетишига олиб келади. Ҳар ким худо билан бевосита мулоқотда бўлиши мумкин.
Сикхларнинг диний ва ижтимоий фаолиятлари маркази Амритсар олтин ибодатхонасидир. Айни дамда, гурдвара деб номланувчи маҳаллий ибодатхоналари ҳам мавжуд. Ибодатхона сикхлар ҳаётида муҳим ўрин тутади. Гурдварада қилинган ибодат, муқаддас китобнинг песажларининг ўқилишидан иборат. Бу ерга кирган ҳар бир сикх, дарҳол муқаддас китобга қараб интилади ва пешонасини ерга тақайди.
Бугунги кунда сикхлар асосан Ҳиндистоннинг Панжоб штатида истиқоммат қиладилар. Сонларининг озлигига қарамасдан мудофаа, транспорт, сиёсат, спорт, таълим ва иқтисод сохаларида ўзига хос мавқеъга эгалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |