1. Риг Веда – “Мадҳиялар ведаси” – 1017 та қўшиқдан ташкил топган. Ҳар бир қўшиқ 10 га яқин сатрдан иборат. Бу қўшиқлар ўнта китоб, яъни Мандалага бўлинади. Улар ичида энг узуни 191, энг қисқаси 43 та қўшиқ мавжуд. Риг Веда ведалар ичида энг муҳими ва қадимийси ҳисобланади. Унда ўзига хос адабий вазн мавжуд бўлгани сабабли у баланд овозда ўқилади. Бу веда шукр ва истак, улуғлаш шаклидаги дуолар, жанг пайтида айтиладиган шеърларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Риг Веда Авестонинг баъзи жиҳатларини ҳам очиб бергани сабабли кўплаб ноаниқ афсонавий шахслар бу икки манбани бир-бири билан қиёслаш натижасида пайдо бўлган.
Риг Веданинг қадимий ҳиндлар маданиятидаги ўрнини тушуниш учун китобнинг пайдо бўлиш тарихига ҳам назар солиш лозим. Орий қабилаларининг кўчиб келишлари кўп асрларга чўзилган ва жуда кенг миқёсни қамраб олган узоқ жараён бўлган. Орийлар бу минтақага келганларида уларнинг нафақат жанг аравалари, балки худоларга бағишланган, жангчиларнинг жанговар руҳини қўллаб-қувватловчи, душман устидан ғалаба қилишлари, шон-шуҳрат, бойлик, эркак авлод қолдириш, тараққий этиш учун бўлган интилишларини акс эттирувчи мадҳиялари мавжуд бўлган. Бу мадҳиялар руҳоний оилаларида оғиздан-оғизга, авлоддан-авлодга ўтди ва кейинчалик китоб ҳолига келтирилди.
Риг Веда Ҳиндистон ҳудуди, асосан, Панжоб, Ҳинд дарёси ҳавзасида ягона асар ҳолига келтирилди ва Шимолий Ҳиндистоннинг милоддан аввалги II-I минг йилликларида юз берган воқеалари ҳақида маълумот берувчи ягона манбаи ҳисобланади.
Риг Веда худоларга айтилган мадҳиялар тўплами, яъни диний ёдгорлик бўлиб, унинг муаллифлари – риши куйловчиларнинг асосий вазифалари худоларни орийлар томонига оғдириш бўлган. Улар мадҳияларни куйлаб худоларни мақтаганлар, қаҳрамонлик ва шарафларини улуғлаганлар, қурбонлик келтириш маросимларига таклиф этилганлар, орийларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаёт фароғатларини ато этишларини сўраганлар. Худоларга таъcир этишнинг энг асосий йўли – уларга мадҳия айтиш, деб ҳсоблаганлар.
2. Сама Веда – “Қўшиқлар ведаси” ҳисобланиб, у Риг Ведадан олинган қўшиқлар, шунингдек, турли хил мавзулардаги роҳиблар ўқийдиган назмий мадҳиялардан иборатдир.
Сама Веда ҳозирги кунгача икки таҳрирда етиб келган: Каутхума (Kauthuma) ва Ранаяния (Rānāyaniya). Каутхума тўплами 1810 қўшиқдан иборат бўлиб, ундан фақатгина 76 таси Ригведада учрамайди, қўшиқлар, асосан, Риг Веданинг VIII ва IX мандаласидан олинган бўлиб, улар тантанали қурбонлик маросимида роҳиблар томонидан ўқилади.
Каутхума ҳам ўз навбатида икки қисмдан иборат: биринчи кичикроқ бўлган ҳажми Агни, Индра илоҳиётларига, иккинчиси Сомага қурбонлик келтириш маросимида айтиладиган қўшиқлардан иборат. Шеърлар орасида ички боғлиқлик бўлмай, улар тартиби маросимларнинг боришига қараб белгиланган. Бу шеърлар оҳанг билан қўшиқ тарзида айтиш учун мўлжалланган. Ушбу веданинг мақсади диний маросимларда айтиладиган қўшиқларни ўргатишдан иборат. Ҳиндистонда ҳозиргача ведаларни куйга солиб куйловчилар – самавединалар сақланган бўлиб, уларнинг турли мактаблари мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |