3. Яжур Веда – “Қурбонликлар ведаси”дир. Унинг асосий қисмини қурбонлик қилиш усуллари – яжус ташкил қилади. Мазкур яжуслар қурбонлик маросимнинг маълум бўлимларида жуда паст овозда, ижро этилади, улар маъносини эса маросимнинг ўтказилиш тартибидан келиб чиқиб тушуниш мумкин. Яжусларнинг баъзи қисмлари назм, баъзилари эса наср шаклида ёзилган бўлиб, қурбонлик билан боғлиқ сўз ва дуоларни ўз ичига олади.
Яжур Веда таркиби маросим, яжус ва мантралар, Брахмана шарҳлари каби уч қисмдан иборат.
Яжур Веда матни турли маросим ўтказувчи брахманлар мактаблари томонидан қайта ишланган шаклларга эга. Ҳинд анъанасига кўра, веданинг бу мактаблари Қора ва Оқ Яжур Ведага бўлинган. Қора Яжурведанинг турли мактабларга хос бўлган Катхака, Капиштхала-Катха, Майтрайани, Тайттирия каби қайта ишланган шакллари мавжуд. Унинг “қора” деб аталишига сабаб унда шеърий яжус ва мантралардан ташқари насрий изоҳлар, яъни брахмана қисмининг мавжудлигидир. Оқ Яжур Веданинг Важасанейи номли биргина таҳрири бор. У фақат яжус ва мантралардан иборат бўлиб, насрий изоҳлардан ҳоли бўлгани учун “соф, оқ” деб номланади.
4. Атхарва Веда – “Афсун ва жодулар ведаси” коинот билан боғлиқ, мистик парчалар ва сеҳр билан алоқадор дуолардан иборат. Ўша даврда афсун ва жодулар олов устида бажарилгани сабабли, у афсонавий руҳоний Атхарвана – “Олов руҳонийси” номи билан узвий боғлиқ.
Брахманлар, бу матнларни ҳаётнинг турли даврларида ўқиб юришга мажбурдирлар. У бошқа ведалардан кейинги даврларда ёзилган бўлиб, 730 та илоҳийни ўз ичига олади. Бу веда халқ ишончлари, донишмандлик ва сеҳргарлик каби мавзуларда маълумотлар беради.
Атхарва Ведада руҳонийларининг асосий ибодати ҳисобланган Сомага қурбонлик қилишга умуман эътибор қаратилмаган. Шунинг учун ҳам у юқоридаги уч ведага эътиқод қилувчилар томонидан тан олинмаган. Ушбу веда асосан оила атрофида марказлашган маросимлар билан боғлиқ. Шу туфайли, Атхарва Веда ўзидан аввалги уч ведадан ўз маросимларининг негиз ва моҳияти билан фарқланади, асосида узоқ ўтмишга бориб тақаладиган халқ сеҳргарлик маросимлари ётади.
Атхарва Веда 6000 шеърдан иборат 371 мадҳияни ўз ичига олади. Улар жами 20 китобда жамланган.
Ведаларда бутун табиатнинг илоҳий экани ҳақидаги таълимот илгари сурилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ҳиндистон кўпхудоликнинг ўчоғи ҳисобланади. Ундаги тасаввурларда бири иккинчисидан юқори бўлган, иккинчиси, аксинча, пастроқ бўлган қатор илоҳлар сиймоси намоён бўлади. Бироқ бу даражалар тўхтовсиз алмашиниб туради. Ведалар илоҳлари орасида “энг улуғи, энг кичиги, энг қариси, энг ёши” бўлмай, улар барчаси улуғликда тенгдир. Энг юқори ҳокимият ҳам кўпчиликка тегишли. Бир вақтнинг ўзида бир худо бутун борлиқ ҳукмдори бўлиши ва шу билан бирга у иккинчи бир худога тобе бўлиши мумкин. Масалан, Индра ва барча худолар Варунага тобе бўлган бир пайтда, Варуна ва бошқа барча худолар Индрага бўйсунадилар. Худди шу муносабат бошқа худоларга ҳам тегишли. Бу белги веда илоҳиётига ҳам хосдир.
Ведаларда худолар – осмон, қуёш, ҳаво, ер, аёл худолар каби худолар тоифаси ҳақида мадҳиялар баён этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |