Фойдаланилган адабиётлар.
1. В.А.Никитин тахрири остида. “Ижтимоий педагогика”. Олий ўқув юртлари талабалари учун ўқув қўлланмаси. (русча). М.2002 й.
2. Л.С Выготский «Дефектология муаммолари» (русча). М.1995 й.
Ақлий жиҳатдан ожиз, яшаш учун, ишлаш учун, имкониятлари чегараланган одамларга мусулмон оламида доимо рахм-шафкат ва мехр-мурувват кўрсатилган. Бундан ташқари Куръони Каримда ва хадисларда ҳам уларга алоҳида эътибор берилган. Барча томонидан қабул қилинган нормадан ўз ривожланишида кескин фарқ қилувчи болалар ва катталар нафақат ачиниш, рахм-шавқат, ҳайриҳоҳлик туйғуларини уйғотишган. Яъни, уларга дарвишнома кишига қарагандек муносабатда бўлиб, бироз илоҳий тус беришган. Чунки уларнинг ташқи кўриниши, феъл-атворлари бошқалардан кескин фарқ этган ва жамиятда тутган ўринлари ҳам бошқачароқ бўлган. 1917 йил октябр тўнтаришидан сўнг собиқ шўролар хукумати даврида оиланинг асосий вазифаси соғлом болаларни туғиб аҳоли сонини кўпайтириш, оила аъзолари эса «келгуси ёруғ ҳаётнинг қурувчилари» сифатида олиб қаралган. Ривожланишида жиддий нуқсонларга эга бўлган болалар кўпинча фаол ижтимоий ҳаётдан четлаштирилар эди. Натижада жамиятда ногирон болалар муаммоси била-кўра тилга олинмас, оммавий ахборот воситаларида ёритилмас эди.
Давлатимиз мустақилликка эришгач ақлий жиҳатдан орқада қолган, ногирон ва етим болаларга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Давлатимиз томонидан бундай тоифадаги болалар ва ўсмираларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва ёрдами хусусида қабул этилган қонунлар ўз мазмунига кўра дунёдаги ривожланган мамалакатларда қабул қилинган қонун ва принципларга яқин бўлиб, ногиронларга хақ-ҳуқуқларини чеклаб қўйилишини ман қилади. Хукуматимиз ногирон болаларни жамиятга қайтариш учун барча шароитлар яратиб, улар учун хизмат кўрсатиш соҳасида, ёрдам олиш, ахборот, таълим олиш ва меҳнат фаолиятида бошқалар билан тенг имкониятларни таъмин этган. Кўрилган чора ва тадбирлар натижасида ногиронларга бўлган ижтимоий муносабат аста-секин ижобий томонга ўзгармоқда. Аммо, ўтиш давридаги қийинчиликлар, аҳолининг, айрим қисмларида ҳаёт тарзининг пасайиши натижасида касал, ногирон болаларнинг туғилиши бироз бўлсада кўпайди. Бунга баъзи ёшлар томонидан гиёҳвандликка, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, яқин қариндошларига уйланиш каби салбий омиллар ҳам сабаб булмокда.
Бугунги кунда имкониятлари чегараланган болалар холатига бир қатор тиббий биологик, психологик ва ижтимоий омиллар таъсир этмоқда. Болаларда ногиронликнинг ривожланишини ижтимоий омиллари, ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасининг оёққа туриши туриши нуқтаи назаридан олиб қаралганда тобора кўпроқ эътиборни тортмоқда. Бошқа, нормал кишиларга ўхшамайдиган шахсларга нисбатан сабр-тоқатли, меҳр-мурувватли бўлиш даражасининг ўсганлиги ана шулар қаторига киради. Бундай болалар билан ишлашда энг муҳим муаммолардан бири шундаки, ногирон бола билан муолажа қилаётган мутахассис, бола берилган дастур метариалини тезликда ўзлаштириб ола билмаганлиги, феъл-атвори ва ташқи кўриниши ўзгача бўлганлиги сабабли унга нисбатан бесабрлик қилади. Натижада у болани бошқа тенгдошларидан ажратиб олиб, аномал болаларга мўлжалланган бирорта ихтисослаштирилган муассасаларга юборишни режалаштира бошлайди. Аммо, ривожланишда чекланиб қолган ҳар бир бола махсус болалар муассасаларида тарбияланиши шарт эмас. Реабилитациялаш ишининг самарадорлиги ижтимоий институтлар ва жамиятнинг оддий аъзоларининг имкониятлари чекланган болалар ҳам соғлом одамлар каби тенг ҳуқуқларга эга, - деган фикрга қандай муносабатда бўлишларига боғлиқдир.
Ногирон бола тарбияланаётган оилада кўпланган мураккаб, ўзига хос: иқтисодий, тиббий, ижтимоий-касбий, психологик ва касал бола тарбияси ҳамда унга қараш каби муаммолар юзага келади. Кўпчилик бундай оилалар моддий жиҳатдан ҳам қийналиб қолишади. Оқибатда ногирон бола яхши овқатланмайди, даволанмайди. Чунки, ногирон болага тиббий хизмат кўрсатиш соғлом боланикига қараганда уч баробар қиммат туради. Шу сабабли ҳам ногирон болани ихтисослаштирилган соғломлаштириш сиҳатгоҳида дам олиб, даволаниши анчагина қийинчилик туғдиради. Шунга қарамасдан, шахсан президентимиз И.А.Каримов ва хукуматимизнинг ушбу масалага жиддий эътибор берганликлари сабабли хар йили юзлаган ногирон болалар республикамиздаги энг сўлим, оромбахш жойларда ташкил этилган соғломлаштириш сиҳатгоҳларида бепул дам олиб, даволанмоқдалар.
Ривожланишда камчиликларга эга бўлган ногирон болаларга ёрдам бериш – бу тор ихтисослаштирган фаолият бўлмай (масалан, тиббиёт муассасаси), балки боланинг ўзини ҳам, унинг оиласига ҳам кўрсатилиши лозим бўлган кенг доирадаги хизматдир. Бундай хизмат биринчи навбатда, туғилишданоқ ўз ривожланишида туғма нуқсонларга эга бўлган (масалан, церебал параличи ёки қулоқ эшитмаслиги), муҳит таъсири остида пайдо бўлган ўзгаришлар (тўйиб эмизмаслик, болани ўз холига ташлаб қўйиш, унга ношудлик, эпсизлик билан ва хатто шафқатсизлик билан муомалада бўлиш), номаълум сабабларга кўра юзага келган (туғма нуқсон ёки ирсиятга оид) бўлиши мумкин. Иккинчидан, биологик омиллар натижасида ривожланиши жиддий ҳавф остида қолган (туғилганида бола вазнининг жуда камлиги) ёки муҳит омиллари (жуда кам даромадли, қариндошлари қўллаб-қувватламайдиган) натижада моддий жиҳатдан оғир аҳволда қолган болаларга ҳам зудлик билан ёрдам берилмоғи лозим.
Иккинчи гуруҳга кирувчи болаларни дарҳол билиб олиш қийин. Шу сабабли мунтазам равишда болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб турилиши ва ривожланишда биринчи бузилиш белгилари пайдо бўлган захоти оилага махсус ёрдам уюштирилмоги керак.
Диагностика қилиш ва болага ёрдам беришдан асосий мақсад уни ижтимоий, эмоционал, интеллектуал ва жисмоний ривожланишини таъмин этиш билан боғлиқдир. Шунингдек болани таълим олиши имкониятларини очишда максимал ютуққа эришиш, ривожланишида бор бўлган салбий нуқсонларни қайтадан такрорланишига йўл қуймаслик керак. Чунки ривожланишда иккинчи нуқсонлар, авваламбор тиббий муолажада йўл қўйилган хатолар, муваффақиятсизликлар, болага психологик маслаҳат бериш ёки ўқитишда йўл қўйилган камчиликлар оқибатида, ёки бўлмаса, оила ва бола ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бузилиши натижасида юзага келади. Агар оила бола билан ўзаро бир-бирини тушунса, боланинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган холда мулоқот қилиш шаклларини тўғри топса – бу болага қўшимча таъсир қилувчи, зарарли таъсирларни олдини олган бўлади. Ногирон бола ва унинг оиласига ёрдам бериш шакллари куйидагича бўлади:
Болаларга бевосита ёрдам бериш – тиббий (хирургия, медикоментлар билан даволаш, физиотерапия), меҳнат терапияси, логопедия ва структуравий ўргатувчи дастурлар.
Ота-оналарга ёрдам бериш – ота-онлар гуруҳларини ўз-ўзига, яъни «ота-она-ота-она учун» дастурлари, ота-оналар билим ва кўникмаларини ривожлантириш дастурлари ҳамда гуруҳ-гуруҳ қилиб маслаҳатлар беришни ташкил этиш.
Оилаларга ёрдам (хизмат кўрсатиш) – оға-инилар, опа-сингиллар, бобо ва бувилар учун гуруҳий дастурлар; ота-оналар озгина нафасларини ростлаб олишлари учун қисқа муддат дам олишларини ташкил қилиш, уйларида ёрдам бериш, моддий жиҳатдан қўллаб қувватлаш.
Микрорайондаги ёрдам – касалликларни барвақт аниқлаш бўлими ривожланишида бузилишларга эга бўлган болаларни оддий болалар боғчалари ва мактабларида тарбияланишлари ва ўқишларига ёрдамлашади.Бола ва унинг оиласи ҳуқуқларини ҳимоя қилади, жамият томонидан ногирон болалар муаммосини тушунишлари ва тан олишларига ёрдам беради.
Кўпчилик ривожланган давлатларда ота-оналар, умуман оила учун ва шунингдек, ногирон бола оиласи билан бевосита алоқада бўлган кишилар учун (масалан, ногирон бола ўқишга борган мактаб ўқитувчилари учун махсус курслар) бир қатор хизмат кўрсатиш хиллари мавжуд. Мана шу хизматларнинг барчаси болани индивидуал ривожланиши, оилани мустаҳкамлаш ва оила аъзоларининг барчасини ҳуқуқларини химоя этишга қаратилган.
Ривожланишида бузилишларга эга бўлган болаларга энг аввало тиббий диагноз қўйилади. Бундай диагноз олдин тугрукхонада тиббиёт ходими томонидан ёки болани ўсиб, ривожланишини кузатиб бораётган участка врачи-педиатр ва мутахассис врачлар томонидан қўйилади. Ана шу қўйилган диагнозга асосан бундай болалар – болалар невропотологида, психоневрологида, ортопед-хирург, кўз шифокори, отоларингологи ва бошқа тур ихтисосликка оид мутахассисларнинг диспансер ҳисобида турадилар.
Оила учун врач-педиатр ва мутахассис- врач – оддий бир кузатувчи эмас, балки бевосита мураббий, боладаги касалликнинг кечиши билан боғлиқ бўлган масалаларда бош маслаҳатчилардир.
Психологик жиҳати ҳам катта аҳамиятга эга. Бунда ота-онага ёрдамга врач билан ўзаро ҳамкорликда ишловчи психолог келади ва ниҳоят бундай оилаларда ижтимоий муаммоларни хал этишда ижтимоий ходимларнинг роли ҳам жуда каттадир. Бу ходимлар қайси мутахассис билан качон ўзаро харакат қилиш кераклигини яхши билишади ва ота-онага маслаҳатлар беради. Болада содир бўлаётган ўзгаришларни доимо кузатиб боради ва бу ҳақда врачга ахборот бериб туради.
Бола ҳаётининг маълум бир босқичида уни ривожланишини таъминлашда болани психолого – педагогик реабилитациялаш етакчи ўринни эгаллай бошлайди. Бунда боланинг ижтимоий статусини (касаллигини ҳисобга олган холда) тўла тиклаш буйича тадбирлар амалга оширилади. Болага таълим бериш, тарбиялаш, жисмоний ва ақлий ривожлантириш масалалари хал этилади. Мана шу тадбирлар болани касбий фаолиятга тайёрлаш, жамиятда ва оилада яшашга тайёргарлик куриш ишларини енгиллаштиради.Боладаги оғир касаллик нафақат унинг соглигида, балки ўз тенгдошлари билан, оила аьзолари билан мулоқотда бўлишида ҳамда ўқишида, меҳнат фаолиятида, ўз-ўзига хизмат кўрсатишида ҳам ўз аксини топади. Мана шу сабабли ҳам ақлий ва жисмоний ривожланишда чекланган имкониятларга эга бўлган болаларни реабилитациялаш бир томонлама, «тор» характер касб этмаслиги лозим. Мутахассислар ўз эьтиборларини айнан бир йўналишга қаратиб, масалан, касалликни фақат дори-дармонлар билан даволасалар ёки ясама аъзо ўрнатиш билан машғул бўлиб, психологик ва ижтимоий омилларни ҳисобга олмай четлаб ўтсалар, боладаги касаллик тузалиш ўрнига оғирлашиб кетиши ҳам мумкин. Аксинча, бола билан олиб бориладиган реабилитациялаш иши уни психологик ва жисмоний ривожланишига, ўз феъл-атворини доимо назорат этишга ҳамда ўз-ўзига хизмат этишга қобилиятларини, силжиш, юриш, харакат қилиш, ўз турган жойини аниқлашга, мулоқат қилишга ва келгуси меҳнат фаолиятига қаратилган бўлиб, комплекс характер касб этмоғи даркор. Бундай реабилитация ўз ичига педагогик, психологик, юридик ва бошқа хил тадбирларни киритмоғи керак.
Шундай қилиб, ногирон болаларни комлекс тарзда ижтимоий реабилитация қилиш деганда - бола ва унинг оиласи ҳаётида позитив характердаги ўзгаришларни амалга оширишга қаратилган тадбирлар тизими тушунилади. У турли хилдаги мутахассислар ва бола атрофидаги бошқа ижтимоий соҳа вакиллари фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштиради ҳамда бирлаштиради.
Мутахассислар командаси ва ногирон бола оиласининг фаол иштирок этишини таьминлаган ижтимоий реабилитациягина болани имкони борича согайтириб жамиятга кайтириши мумкин.
Реабилитициялаш дастури – бу ногирон бола ва уни оиласи имкониятларини ривожлантиришга йўналтирилган, врач ижтимоий хизмат кўрсатиш ходими, педагог ва психологлардан ташкил топган мутахассислар комондаси ҳамда боланинг ота-онаси ижтирокида, биргаликда ишлаб чиқиладиган тадбирлар тизимидир. Бундай тадбирлар тизими хар бир бола ва унинг оиласи учун индивидуал тарзда ишлаб чиқилади. Унда боланинг соғлиги, ривожланишининг ўзига хослиги ҳамда дастурни муваффакиятли амалга ошириши борасида оиланинг эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳисобга олинади. Бундай дастурлар ярим йилга ҳамда боланинг ёши ва ривожланиш шароитларига боғлиқ холда ундан ҳам қисқароқ муддатларга мулжаллаб ишлаб чиқилиши мумкин.
Дастур муддати тамом бўлгач, бола ва унинг оиласига кўрсатилаётган хизматларни мувофиқлаштирувчи мутахассис, эришилган натижаларни муҳокама этиш, муваффақиятларни таҳлил этиш, мўлжалланган тадбирлардан қайси бири бажарилмай қолганини сўзлашиш учун ногирон бола ота-онаси билан учрашади. Шундан кейин ота-она ва мутахассислардан иборат команда реабилитациялашнинг кейинги даврига мулжалланган янги дастурни ишлаб чиқишади.
Реабилитациялаш дастурининг ўзи нима?
Бу-боланинг кобилиятларини ривожлантиришга, соғломлаштиришга, ижтимоий адаптациялаштиришга (масалан, касбга йўналтириш) қаратилган аниқ режа, ота-она харакатларининг схемасидир. Шуни айтиш лозимки, бундай тадбирлар бутун оила аьзоларини ўз ичига қамраб олмоғи лозим. Яъни, бу - ота-оналарга педагогик маьлумот бериш оилани психологик қўллаб - қувватлаш, ёрдам бериш, дам олишларига имконият яратиш ва бошқа шу каби ишларга доир бўлиши мумкин. Дастурнинг хар бир даври (босқичи)учун мақсад қўйилади ва у бир қатор вазифаларга бўлинади. Чунки, бир нечта йўналишларда иш олиб боришга, реабилитациялаш жараёнига турли хил мутахассисларни жалб этишга тўғри келади.
Шунинг билан бирга оиланинг бошқа аьзолари ҳам бир-бирлари ва ногирон бола билан мулоқат қилишга ўрганмоқлари шарт. Ана шу сабабли реабилитациялаш дастурига болага ижобий таъсир кўрсатадиган фақат яхши хулқ-атворли кишилар билан мулоқотда бўлишини ташкил этишни (бунга уй жиҳозлари, махсус ускуналар, ўзаро харакат усуллари, мулоқот шакллари ва бошқа.) киритилади.
Реабилитацилаш дастурида белгиланган тадбирларни бажаришга киришилгач мониторинг амалга оширилиши, яъни, вокеаларнинг бориши доимо кузатиб, назорат этилиб бориши керак. Бундай назорат мутахассис-мураббий ва ота-она ўртасида мунтазам ахборотлар билан алмашиб туриш шаклида бўлади. Агар бирон бир қийинчиликлар туғилса мутахассис-мураббий уларни бартараф этишда ёрдам беради. У зарур мутахассислар, муассасалар билан музокаралар олиб боради, бола ва оиланинг ҳуқуқларини химоя этади, оилаларни бориб кўради ва дастур бажарилиши жараёнида юзага келадиган тўсиқларни йўқотади.
Шундай қилиб, реабилитация этиш дастури даврий жараён бўлиб, у шартли равишда қуйидаги тарзда кўрсатилади.
Реабилитациялаш дастурини маълум бир даврга режалаштириш
Эришилган натижаларни танқидий таҳлил этиш
Тадбирларни бажариш
Дастурни ота-оналар ва мутахассислар томонидан бажарилиши мониторинги
Реабилитациялаш жараёнининг бош ва асосий мақсади ногирон болаларнинг социум ҳаётига қўшиш ва уни ижтимоийлаштиришдан иборат.
Реабилитациялашнинг биринчи даражасида (микродаражада) боланинг ўзига бир тизим сифатида қаралади. Таъсирлар унинг танаси ва психикасига қаратилади. Бунда имкониятлари чекланган бола организмидаги компенисияловчи механизмларни ишга солишга имконият туғилади. Ушбу даражада тиббий ва психологик хизмат соҳаси катта ёрдам беради. Бундан кўзланган мақсад – болани иложи борича кўпроқ соғломлаштиришга эришиш, ўзини субъект сифатида англашига ёрдам бериш.
Реабилитациялашнинг иккинчи даражаси – мезодаража.
Ушбу даражада ногирон бола ўзига яқин бўлган кишилар, оиласи доирасида олиб қаралади. Уни бошқа болалар билан, тенгдошлари, дўстлари билан ўзаро муносабатлари тадқиқ этилади, мактабнинг болага таъсири ўрганилади. Ушбу мезодаражада бола мана шу таркибларнинг хар бирининг аҳамиятини аниқлаш, танлаш турли тизимларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш жуда муҳимдир.
Мезодаражада олдга қўйилган мақсад – нотипик бола таълими ва тарбияси, унда коммуникативлик кўникмаларини ривожлантиришдир.
Учинчи даража – макродаража.
У болани бутун социум доирасида олиб қарашни назарда тутади. Бунга энг аввало, ижтимоий сиесат, давлат дастурлари, муассасалар, тадбирлар, ижтимоий бирлашмалар, турли хилдаги фондлар (социум доирасида тузилган ва жуда муҳтож бўлган индивидларга ёрдам беришга қаратилган) киради. Макродаражанинг асосий мақсади, бутун реабилитациялаш жараёни каби - нотипик болани социумга қўшиш ва уни ижтимоийлаштиришдир.
Реабилитациялашнинг барча уч даражаси ҳам бир-бири билан яқиндан боғланган. Макродаражадаги фаолият тўғридан – тўғри боланинг ўзига, яъни, соғлиқни сақлаш, маориф ва иш билан таъминлаш ҳамда бошқа соҳалардаги давлат сиёсати орқали микродаражада таъсир қилади.
Қуйидаги эътиборингизга ҳавола этилаётган режа мутахассислар ва оилаларнинг бирлашган командасини реабилитациялаштириш ишлари принципи асосида тузилган бўлиб, боланинг имкониятлари муаммосини янада самаралироқ ҳал этиш ва ижтимоий адаптациялашга қаратилгандир.
Босқичлар бўйича реабилитациялаштириш режаси.
Босқич номлари
|
Босқич мақсади
|
Масъул кишилар
|
Бажариш муддатлари
|
Ҳисобот бериш шакли
|
Оилани ижтимоий жиҳатдан текширилиши, аниқланган муаммолар
|
Оила ва бола ҳақида зарур маълумотларни туплаш
|
Ижтимоий ишлар буйича мутахассис
|
-
|
Оилани ижтимоий текшириш картаси
|
Реабилитациялашнинг индивидуал режасини ишлаб чиқиш (РИР)
|
Реабилитацион тадбирларни мувофиқлаштириш
|
РИР га мувофиқ танланган мутахассислар
|
П.2.даги кўрсатмага боғлиқ тарзда
|
Реабилитацион тадбирлар журналларидаги кайдлар
|
РИР ни бажариш мониторинги
|
Реабилитацидашнинг бажарилишини таъминлаш
|
Ижтимоий иш буйича мутахассис
|
РИРга биноан
|
РИРнинг текширув варагидаги кайдлар
|
РИРнинг бажарилишига берилган баҳо
|
Реабилитацион тадбирларнинг самарадорлиги-ни баҳолаш
|
Мутахассислардан иборат команда ва ота-оналар
|
РИРга биноан
|
РИРнинг текширув варағидаги кайдлар
|
Реабилитация-лашнинг индивидуал режасини тўғрилаб туриш
|
РИР ни бола ёши, соглиги, оилавий шароитининг ўзгаришини ҳисобга олган холда қайта кўриб чиқиш
|
Мутахассислардан иборат команда ва ота-оналар
|
П.5.дан кейин, бир хафта ичида
|
Реабилитацион индивидуал режа (янги варианти)
|
Реабилитациялаш асосида ижтимоий хизмат ходимлари, педагоглар, тиббиет ходимлари, психолог ва бошқалардан ташкил топган «командадаги ишлар» принципи етади. Бундай командани ташкил этиш оила ва болалик муаммолари, болалар ногиронлиги ва болани нотипик ривожланиши масалалари билан шуғулланувчи муассаса: психикасининг ривожланишида камчиликлари бўлган болаларни ижтимоий реабилитациялаш маркази ва ногирон болалар учун ижтимоий реабилитациялаш марказининг зиммасидадир. Бундай ташкилотнинг асосий мақсади болалар ва ўсмирларга малакали тиббий, ижтимоий –ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларни иложи борича тўла ва барвақт адаптациялаштириш ҳамда уларда ҳаётга, жамиятга, оилага, таълим олишга ва меҳнатга нисбатан ижобий муносабат ўрнатишдан иборат.
Реабилитациялаш тадбирларини амалга ошираетган жамоа олдига тубандаги вазифалар қўйилади:
шахар ёки туман худудидаги имкониятлари чекланган болалар ва ўсмирларни аниқлаш, улар ҳақида маълумотлар компьютер базасини яратиш;
соғлиқни сақлаш ва маориф соҳаларини маслаҳат-диагностика этиш хизмати билан биргаликда болада ёки ўсмирда ногиронликнинг бошланиш сабаблари ва муддатини ўрганиш, бола соғлиги ва психикасининг бошлангич даражасини белгилаш, уни реабилитация этиш потенциалини прогноз қилиш;
намунавий негиз дастурлари асосида имкониятлари чекланган болалар ва ўсмирларни реабилитация этиш ва уларни амалга ошириш бўйича индивиудал реабилитациялаш дастурларини ишлаб чиқиш;
реабилитация этишш дастурларини узлуксизлигини таъминлаш, оила ва болани ижтимоий адаптациялаш мақсадида марказ мутахассислари ва ногирон бола оиласи ўртасида ўзаро мустаҳкам алоқани ўрнатиш;
ота-оналарни психо-ижтимоий, тиббий-педагогик билимлар асосида ўқитиш, уларни фаол ҳамкорлик қилишга жалб этиш;
тиббий, мактабгача, мактаб, интернат, жисмоний соғломлаштириш ва спорт муассасаларини ўзаро фаолиятини мувофиқлаштириш;
асабий, жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан болаларни реабилитациялаш учун шароит яратиб бериш: уйидагидек ўхшаш шароит ва муҳит, психологик вазият яратиш, педагоглар ва бола ўртасида ўзаро тенглик, бир-бирини хурмат қилиш асосига кўрилган ҳайриҳоҳлик муносабатларини ўрнатиш;
ногирон болалар ва уларнинг оиласи ўз ҳуқуқлари, имтиёзлари ва хизмат турларидан фойдаланишлари учун уларни ижтимоий-ҳуқуқий томондан қўллаб-қувватлаш;
болалар ва ўсмирларни реабилитациялаш маркази ходимларини малакасини ошириб бориш.
Ногирон болалар учун ижтимоий реабилитация – жамият ҳаётига фаол тарзда кушилишнинг асосий йўлларидан биридир. Ушбу масалага «бир команда» бўлиб ёндошиш эса – муаммони хал этиш вариантларидан бири ҳисобланади.
Ўқув муассасасида ишлаётган оддий педагогдан фарқли тарзда, ижтимоий педагог олдида биринчи навбатда ўқиш - ўқитиш ва таълим бериш – коррекция қилиш вазифасини эмас, балки болани тарбиялаш, ижтимоий ёрдам бериш ва ҳимоя қилиш ишлари туради. Ижтимоий педагоглар шахснинг ривожланишига (ўз-ўзини ривожлантиришга) кўмаклашади, унга мумкин кадар қулайлик тугдириб беради, психологик вазминлик, кутаринкилик вазиятини яратиб беради, ўз мижозининг фаоллигини ривожлантиради, уни харакат этишга, ташаббус кўрсатишга, ижод қилишга ундайди.
Амалда ижтимоий химоя этиш тизими бўлимлари томонидан амалга оширилаётган касбий ижтимоий – педагогик фаолият оилага ижтимоий ёрдам сифатида хизмат қилади. Бунда ижтимоий педагоглар ўзларининг ташкилий, тарбиявий, ижтимоий тикловчи, коммуникатив –қўллаб-қувватловчи, таълимий-коммуникатив, коррекцион-соғломлаштирувчи, реабилитацион-адаптацияловчи ва мувофиқлаштирувчи-воситачилик вазифаларини энг аввало ёрдамга муҳтож бўлган болалар ва ўсмирлар, уларнинг оилалари билан ўзаро ҳамкорликда бажаради.
Ижтимоий педагоглар шахснинг индивидуал ва гуруҳий тарзда ижтимоий тарбиялашнинг бевосита ташкилотчиларидандир. Улар шахс қадриятлари ва муаммоларини дастлаб диагностика қилиб, аниқлашгач, шахсни ривожлантирувчи – билим олишига ёрдам берувчи, шахснинг ўз атрофидаги одамлар билан ўзаро муносабатида (шахсий, индивидуал, гуруҳий) унга кўмаклашувчи, фаолияти жараёнида қўллаб-қувватловчи (меҳнат, маиший, хўжалик, иқтисодий, эстетик ва коммуникатив) индивидуал дастурлар лойиҳасини тузадилар. Улар ногирон болалар ва ўсмирларга ижтимоий ўзаро ҳамкорлик этишда юзага келадиган қийинчилик ва муаммоларни енгишларида, ўзининг ижтимоий статусини мустаҳкамлашда, ўз-ўзини ва бошқаларни хурмат этишда, ижтимоий рақобатбардошликда, омилкорликда ва ўз атрофидаги микромуҳитда ўзига мувофиқ ўринни топишларида ёрдам берадилар.
Ривожланишида камчиликлари яққол кўзга ташланадиган болалар қаторига одатда интеллектуал камчиликларга эга бўлган болаларни; гаранг ва қулоғи яхши эшитмайдиган; кўр ва кўзи яхши кўрмайдиган; нутқи ривожланмай қолган болалар; таянч харакат аппаратларида бузилишларга эга бўлган болалар; психик жиҳатдан ривожланиши тўхтаб қолган болалар; барвақт болалар аутизми билан оғриган; ривожланишида комбинациялашган бузилишларга эга бўлган болаларни киритишади. Бундай болалар психоло-педагогик, тиббий, индивидуаллаштирилган ижтимоий ёрдамларни бирга қўшиб тузилган комплекс дастурларга муҳтождирлар.
Афсуски хозиргача кўплаган раҳбарлар, мутахассислар ва хатто ота-оналар томонидан ушбу комплекс болани билим, маълумот бериш орқали реабилитациялашининг аҳамияти тўла тушуниб етилмаган. Баъзи холларда эса реабилитациялашнинг ушбу компонентини мазмуни ҳам саводсизларча белгиланади. Шу муносабат билан мутахассис-дефектологлар томонидан таълимий воситалар орқали реабилитациялаш вазифаси моҳияти қандай белгиланишини кўриб чиқамиз.
«Таълимий воситалар орқали реабилитациялаш» деганда боланинг ижтимоий ворислик ҳуқуқларини тиклаш, яъни, инсониятнинг тарихий-маданий тажрибасига уларнинг ҳам ворислик қилишларига хақлари борлиги тушунилади. Инсоннинг ўзига хос ворислик этиш хилларидан бўлган ижтимоий ворислик ҳар қандай болада ҳам фақат таълим соҳасида таълимий воситалар орқалигина амалга оширилади.
Инсоният маданиятида, хар бир жамиятда тарихан таркиб топган илм-маълумот макони мавжуд бўлиб, у ўзига оила шароитида ва махсус ташкил этилган таълим муассасаларида турли ёшдаги болаларга таълим беришнинг илмий асосланган усулларини, анъаналарини бирлаштиради. Болани ўз ривожланишида чекланиши, четга оғиши эса мана шу таълимий макондан тушиб қолишига, маҳрум бўлишига олиб келади. Натижада социум билан бўлган алоқалар, ривожланиш манбаи бўлган маданият билан боғлиқлик қўпол равишда бузилади.
Бугунги кунда барча мутахассислар ва жаҳон илм-фани томонидан бола ҳаёт фаолиятининг чекланганлиги ва ижтимоий етишмаслик аномал боладаги энг биринчи бузилиш билан эмас, балки айнан ўша «ижтимоий тойиб кетиш, чиқиш» билан боғлиқ эканлиги исботланган. Бундай «тойиш, чиқишни» ўрнига «солиш»нинг бирдан бир йўли таълим бериш орқалигина бўлиши мумкин. Аммо, у анъанавий, оммавий тарзда эмас, балки махсус ташкил этилган ва ўзига хос усулда тўзилган бўлиши керак.
Таълим бериш воситалари орқали реабилитациялаш деганда:
ёш даражасида: бир мақсадга йўналитирилган таълим беришни бошлашнинг бола ривожланишидаги бузилишнинг бошланиш дакикаси билан тўғри келиши (0 дан бошлаб);
ўқиш-ўқитишнинг мазмуни даражасида: нормал ривожланаетган боланинг таълими мазмунига киритилмайдиган вазифаларни илгари суриш;
ўқитиш методлари даражасида: ўқитишда «айланма йўллар»ни топиш, ўқитишда ўзига хос воситалардан фойдаланиш, нормал тарзда ривожланаётган болага таълим беришда қўлланилмайдиган, анча фарқланган, «одимлатиб» ўқитиш;
ташкилий даражада: нормал тарзда ривожланаетган бола учун зарур бўлмаган, ўқиш-ўқитиш муҳитини ташкил этишнинг алоҳида шакллари;
ўқиш-ўқитиш макони чегаралари даражасида: ўқиш, таълим олиш маконининг максимал кенгайтира бориш. Бу болани таълим муассасасидан ташқари ҳам мунтазам, мақсадли тарзда ўқитиш зарурлигини англатади.
ўқитиш, таълим беришнинг давом этиш муддати даражасида: таълим жараёни муддатининг узайтириш ва мактаб ёши чегарасидан чиқиб кетиш;
махсус таълим тизими учун мутахассис кадрларни тайёрлаш даражасида: бу ўқитувчининг касбий тайёрлашда унинг ихтисосида принципиал ўзгаришдир. Яъни, диагностика қилиш ва «ижтимоий чиқиқ»ни йўқотиш, боланинг ривожланишини коррекция қилиш, ривожланишининг турли соҳаларида бузилган алоқаларни қайта тиклашдир.
таълим воситалари ёрдамида реабилитациялаш ишида қатнашувчи кишилар доирасини аниқлаш даражасида: таълим бериш воситалари ёрдамида реабилитациялаш жараёнига ота-оналарни албатта жалб этиш ва уларни мутахассислар томонидан алоҳида тайёрлаш.
Ўқиш, ўқитиш воситалари ёрдамида реабилитация этиш вазифалари қанчалик яхши хал этилса ривожланишида чекланган, бузилишларга эга бўлган боланинг потенциал имкониятлари ҳам шунчалик юқори, ёши улғайганида жамиятда яшашга тайёргарлиги ҳам етарли даражада бўлади.
«Ўқиш-ўқитишга алоҳида эхтиёжли бола» ижтимоий таълим олиш жараёнида нималарга муҳтож бўлади?
Ривожланишидаги бузилишлар иложи борича эртарок аниқланмоги керак.
Боланинг ёшидан катъий назар, унинг ривожланишидаги дастлабки бузилиш, нуқсонлар диагностика этиш орқали аниқлаб олингач, дархол мақсадли йўналтирилган ижтимоий таълим бериш ишлари бошлаб юборилмоги даркор. Масалан, боланинг кулоги эшитмаслигини у туғилган ойнинг охирида аниқланса, ижтимоий таълим бериш ҳам шу бир неча ойнинг ичида бошланиши шарт.
Имкони борича «ижтимоий чиқиқ» ривожланишининг барча йўналишлари ўз вақтида аниқланмоги лозим. Ижтимоий ривожланишдаги хар бир «чиқиқ»нинг роллари аниқланиб, ижтимоий таълим бериш мазмуни ва характери белгиланади.
Аномал бола таълими мазмунига махсус бўлимлар киритилади. Улар нормал ривожланаетган боланинг таълими мазмунида қатнашмайди ва фақат ногирон боланинг ривожланиши учун зарур бўлган вазифаларни хал этишга йўналтирилган бўлади. Масалан, кўзи кўрмайдиган, кўзи ва қулоғида камчиликлари бўлган, акли заиф бола таълимнинг махсус бўлимига, яъни, ижтимоий –маиший томондан кўникмалар орттиришга муҳтож бўлиб, бунда у турли хилдаги ижтимоий хизмат вазифаларини ва оддий ҳаётдаги ўзини тутиш, юриш-туриш қоидаларини ўрганади. Кейинроқ кар бўлиб қолган болалар махсус машғулотлар ёрдамида лабларнинг кимирлашига қараб ўқишга, бошқанинг гапини тушунишга ўргатилади.
Таълим беришнинг «айланма йўллари»ни ўйлаб топишда, махсус, ўзига хос воситалардан фойдаланилмоғи керак. Нормадагидан анча эртароқ мактабгача ёшдаги кар болаларни савод чиқаришга ўргатиш, уларни гап тузиш сўзлашга ўргатишдаги «айланма йўллар» дан биридир. Масалан, кўр болаларни ўқишга ўргатиш учун Брайл шрифти қўлланилади. Коррекцион таълим беришда компьютер технологияларидан фойдаланиш ҳам ана шундай йўллардан биридир.
Бола атрофидаги барча катта ёшдаги кишилар яхши тайёрланган ва таълим муассасасидан ташқари таълимий вазифаларни хал этишда фаол қатнашмоқлари, уларнинг фаолиятлари мувофиқлаштириб турилмоғи керак.
Таълим воситалари ёрдамида реабилитациялаш ишлари мактаб таълими даври билан чегараланиб қолмаслиги лозим. Боланинг ёши ўтиши, улғайиши билан реабилитациялаш вазифалари принципиал тарзда ўзгариб боради. Шунга қарамасдан, бола бутун умри давомида таълим воситалари ёрдамида реабилитацияланиб бормоғи лозим.
Ёрдамчи мактаб қошида, ижтимоий реабилитациялаш марказларида чуқур орқада қолган болалар ва ўсмирларни тарбиялаш дастури уларга элементар таълим бериш билан бирга ўз ичига қуйидаги бўлимларни ҳам киритиши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |