16. Диссертацияда замонавий талабларга жавоб берадиган адабиётлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Диссертацияда фойдаланилган адабиётлар (манбалар) рўйхати, изланувчининг хоҳишига кўра, алифбо, систематик ёки матнда ҳавола қилиниши кетма-кетлиги тарзида келтирилади. Фойдаланилмаган адабиётларни рўйхатга киритиш тақиқланади.
17. Диссертацияда фойдаланилган материалларнинг манбаси улардан қай даражада фойдаланилганидан қатъи назар, уларнинг муаллифи ва номи тўлиқ кўрсатилиши, шунингдек ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланилган тақдирда, диссертация ва диссертация авторефератида бу ҳақда қайд этилиши шарт. Диссертацияда фойдаланилган ҳар бир материалга диссертациянинг тегишли бетида тегишли ҳавола маълумотлари келтирилиши шарт.
Изланувчи ҳаммуаллифликда яратилган (ёзилган) илмий ишидаги фақат ўзининг ҳиссасини диссертацияга киритиши мумкин.
171. Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбасини кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда диссертация, у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва қуйидаги таъсир чоралари кўрилади:
талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади;
илмий раҳбар (маслаҳатчи) 3 йил давомида олий ўқув юртидан кейинги таълим жараёнида иштирок этишдан, жумладан илмий раҳбарлик (маслаҳатчилик) қилишдан маҳрум этилади;
расмий оппонентлар ва илмий семинар тақризчилари 1 йил давомида аттестация жараёнида иштирок этишдан маҳрум этилади;
тегишли маълумотлар ОАК веб-сайти ва “ОАК Бюллетени” журналида эълон қилинади.
18. Талабгор томонидан диссертация автореферати “Диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қоидалари”га мувофиқ тайёрланади.
Диссертация автореферати ҳажмига титул варағи ва адабиётлар рўйхати киритилмайди ҳамда унинг ҳажми ижтимоий-гуманитар фанларда 30 фоизга оширилиши мумкин.
181. Диссертация матни электрон экспертизадан ўтказилган диссертация автореферати қисқартирилган тартибда (бундан буён қисқартирилган автореферат деб юритилади) тайёрланиб, унинг таркиби кириш ва эълон қилинган илмий ишлари рўйхатидан иборат бўлади.
Қисқартирилган авторефератнинг кириш қисми ўзбек ва рус тилларида (ҳар бир тилда айнан), инглиз тилидаги қисқача мазмуни ва эълон қилинган илмий ишлари рўйхати нашр қилинган тилда фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари бўйича 1 босма табоққача ҳажмда тайёрланади.
182. Диссертация матни электрон экспертизадан ўтказилмаган диссертация автореферати тўлиқ шаклда (бундан буён автореферат деб юритилади) тайёрланади. Авторефератнинг таркиби кириш, диссертациянинг асосий мазмуни, хулоса ва эълон қилинган илмий ишлари рўйхатидан иборат бўлади.
Авторефератининг кириш, диссертациянинг асосий мазмуни ва хулосаси ўзбек ва рус тилларида (ҳар бир тилда айнан), инглиз тилидаги қисқача мазмуни ва эълон қилинган илмий ишлари рўйхати нашр қилинган тилда фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси бўйича 2 босма табоқгача ва фан доктори (DSc) илмий даражаси бўйича 3 босма табоқгача бўлган ҳажмда тайёрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |