Оралиқ нерв (n.intermedius) юз канали ичида биринчи бурилиш соҳасида тизза тугунчаси (ganglion geniculi)ни ҳосил қилади. Ундан 2 та тармоқ чиқади:
1. n. petrosus major - катта тошсимон нерв, hiatus canalis nervi petrosi majoris орқали чакка суяги тошсимон қисми олдинги юзасига чиқади. Кейинчалик foramen lacerum (йиртиқ тешик) орқали калла ичидан унинг ташқи асосига чиқади. У ердан canalis pterygoideus (қанотсимон канал) орқали қанот-танглай чуқурчасига ўтиб, парасимпатик қисм сифатида қанот-танглай тугунига қўшилади ва кўз ёши безини, бурун ва танглай шиллиқ қаватларини нерв билан таъминлайди.
2. Chorda tympani - ноғора тори, оралиқ нервнинг охирги тармоғи бўлиб ҳисобланади. Бу нерв чакка суягининг канали (canaliculus chordae tympani) бўйлаб ноғора бўшлиғига ўтади ва fissura petrotympanica орқали калла ичидан чиқади ва ganglion sublinquale et submandibulare ларни ҳосил қилишда қатнашади (тил ости, жағ ости сўлак безларини, тилни олдинги 2/3 қисмидаги замбуруқсимон таъм билиш сўрғичларини иннервациялайди.
VIII жуфт - даҳлиз - чиғаноқ нерви (n.vestibulocochlearis) махсус сезувчи нерв. У эшитув ва мувозанат аъзосидан келаётган сезувчи толалардан тузилган бўлиб, икки қисмдан иборат. Унинг ўзаклари ромбсимон чуқурчанинг area vestibularis соҳасида жойлашган. Бош мия асосидан бу нерв кўприк билан узунчоқ миянинг оливаси орасидан иккита илдизча бўлиб чиқади.
radix superior –нервнинг вестибуляр илдизчаси,
radix inferior – нервнинг чиғаноқ илдизчаси.
Иккала илдизча қўшилиб n.vestibulocochlearis ни ҳосил қилади.
Эшитув анализаторининг йўли (чиғаноқ қисми)
Ҳаво тебранишлари ташқи қулоқ, ноғора пардаси орқали ўрта қулоққа, кейинчалик эшитув суякчалари ёрдамида ички қулоққа узатилади. Бу импульслар перилимфа ва эндолимфа суюқлигини тебратади, бу эса кортиев аъзо ҳужайраларининг қўзғалишига олиб келади. Эшитув анализатори IV та нейрондан иборат. Биринчи нейрон спирал аъзонинг биполяр ҳужайралари, уларнинг периферик ўсиқлари кортиев аъзода тугаса, марказий ўсиқлари чакка суягининг пирамидасидан meatus acustucus internus орқали чиқади ва ромбсимон чуқурчада жойлашган дорзал ва вентрал ўзакларида тугайди. Бу ўзаклардан иккинчи нейрон бошланади. Иккала ўзакдан чиқадиган толалар мия ичига кириб трапециясимон танани ҳосил қилишади ва юқориги олива ҳужайраларида тугайди (ўзи ва қарама-қарши томонларда). Бу ҳужайралар ўсиқларидан учинчи нейрон ҳосил бўлади, улар латерал сиртмоқни ҳосил қилиб, пўстлоқ ости эшитув марказларида тугайди (corpus geniculatum mediale, colliculus inferior mesencephali). Медиал тиззасимон тана ҳужайраларидан тўртинчи нейрон бошланади, уларнинг ўсиқлари ички капсула орқали юқориги чакка пуштасининг ўрта қисмида жойлашган эшитув пўстлоқ марказида тугайди (Гешль пуштаси). Ўрта миянинг пастки тепачалари эшитув импульслари учун рефлектор марказ бўлиб хизмат қилади. Булардан орқа мия томонга тектоспинал йўл тушади. Бунинг иштирокида кутилмаган товушларга танананинг рефлектор ҳаракатлари амалга оширилади ва бу йўл биологик ҳимоя йўли ҳисобланади
.Мувозанат ёки статокинетик анализатор йўли (вестибуляр қисми)
Бу анализаторнинг эндолимфа суюқлиги билан қўзғаладиган рецепторлари ички қулоқ дахлизидаги халтача (sacculus), бачадонча (utriculus) ва яримойсимон каналлар ампулаларида жойлашган.Анализаторнинг биринчи нейрони ички эшитув йўли тубидаги вестибуляр (дахлиз) тугунида ётади. Унинг периферик ўсиқлари рецепторлардан бошланса, марказий ўсиқлари meatus acusticus internus орқали чиқиб, ромбсимон чуқурчасидаги юқориги, пастки, медиал ва латерал ўзакларида тугайди (Бехтерев, Роллер, Швальбе, Дейтерс ўзаклари). Бу ўзаклардан II чи нейрон толалари чиқиб, 5 та йўналишда давом этади. Миячага миячанинг пастки оёқчалари орқали том ўзагига (nucleus fastigii) борадиган толалар вестибулоцеребелляр йўлни, орқа мияга ён тизимчалар орқали кетадиган толалар эса вестибулоспинал йўлни ҳосил қилади ва мувозанатни таъминлайди. Медиал бўйлама тутамга йўналадиган толалар III, IV ва VI жуфт бош мия нервларининг ҳаракатлантирувчи ўзаклари билан боғлайди. Вестибуляр ўзаклардан ретикуляр формация орқали толалар IX ва X жуфт бош мия ўзакларига хам боради, бу боғлиқлик натижасида вестибуляр аппарат кескин қўзғалганда организмнинг вегетатив реакциялари пайдо бўлади (кўнгил айниши, қайтариш, брадикардия, гипотензия). Бундан ташқари вестибуляр ўзаклардан кўрув бўртиғига кесишган йўл (tractus vestibulothalamicus) йўналади. Бу кўрув бўртиғидан III чи нейрон бошланиб, тахминларга кўра бош мия юқориги чакка, марказ орқа пушталари ва юқориги тепа бўлакчаси пўстлоқларида тугайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |