2.2.3.-расм. Мамлакатларнинг ишлаб чиқариш омиллари билан нотекис таъминланганлиги ҳолатидаги ишлаб чиқариш имкониятлари чегаралари.
Ишлаб чиқариш омиллари билан нотекис таъминланганлиги назарияси халқаро савдо учун асос сифатида бир-бири билан ўзаро боғлиқ икки теорема кўринишида ифодаланиши мумкин: Хекшер-Олин теоремаси ва ишлаб чиқариш омиллари нархининг мувозанатлашуви теоремаси.
Хекшер-Олин теоремаси (Heckscher—Ohlin Theorem) — ҳар бир мамлакат ўз ишлаб чиқаришларида нисбатан катта ҳажмга эга бўлган омилларни талаб этувчи маҳсулотларни устун даражада ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ихтисослашади, бинобарин, бу мамлакатлар миллий хўжалик нуқтаи назаридан нисбатан камчил омиллар билан таъминланган товарларни импорт қиладилар.
Ўзбекистон меҳнат сероб мамлакат, 1-товар эса меҳнат сиғимли товар бўлгани боис, бу мамлакат 1-товарни ишлаб чиқаради ва экспорт қилади. Япония капитал сероб мамлакат, 2-товар эса капитал сиғимли товар бўлгани сабабли бу мамлакат 2-товарни ишлаб чиқаради ва экспорт қилади. Нисбатан сероб ишлаб чиқариш омиллари эгалари савдодан ютади, нисбатан камчил ишлаб чиқариш омиллари эгалаи эса савдодан ютқазади.
2.2.4.-расм. Мамлакатларнинг ихтисослашувга кириши
Теоремани исботлаш ва тушунтириш учун графикларга мурожаат қиламиз. Ўзбекистон меҳнат сероб мамлакат, 1-товар меҳнат сиғимли товар, Япония капитал сероб мамлакат, 2-товар эса капитал сиғимли товар эканлигини эслатиб ўтамиз. Қабул қилинган шартларга мувофиқ равишда теорема ҳар икки мамлакатдаги истеъмолчилар жуда ўхшаш ёки деярли бир хил дидга эга эканлигини назарда тутади. Назарий жиҳатдан ҳар бир мамлакатдаги иcтеъмолчиларнинг дид ва истаклари шунчалик фарқ қилиши мумкинки, бефарқлик эгри чизиғи умуман мос келмаслиги ва ҳаттоки умуман кесишмаслиги мумкин. Бу ҳолатда Хекшер-Олин теоремаси бажарилмайди. Бу теорема истеъмолчилар хоҳиш ва истаклари ҳар икки мамлакатда батамом бир хил ва ягона бефарқлик эгри чизиғига қўшилиб кетишини талаб этмайди, балки бу хоҳиш истаклар мамлакатларни автаркия шароитида қолдирадиган ва уларни ўзаро савдо қилишдан воз кечишга олиб келадиган даражада фарқ қилмайди деб тахмин қилади. Шундай бўлса-да, ҳар бир мамлакатдаги иcтеъмолчиларнинг дид ва истаклари шунчалик ўхшашки, бефарқлик эгри чизиғи ҳар икки мамлакат учун бир хил бўлсин деб фараз қиламиз.
Ягона бефарқлик эгри чизиғи Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш имкониятлари эгри чизиғи билан A нуқтада ўзаро ягона нуқтага эга. Японияда эса бу A* нуқтада жойлашган. Шундай қилиб, I бефарқлик эгри чизиғи ва A ҳамда A* нуқталар ўзаро савдо бўлмаган шароитда ҳар икки мамлакатдаги мумкин бўлган максимал ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмини ифода этади, уринма чизиқлар эса, 1- ва 2-товарнинг Ўзбекистон ва Япониядаги нисбий нархларини (P ва P*) кўрсатади. Графикдан Р < Р* эканлиги кўриниб турибди, бинобарин Ўзбекистон 1-товарни, Япония 2-товарни ишлаб чиқариш бўйича нисбий устунликка эга.
Савдони ривожлантирган ҳолда меҳнат сероб саналган Ўзбекистон меҳнат сиғимли 1-товарни, капитал сероб бўлган Япония эса капитал сиғимли 2-товарни ишлаб чиқаришга ихтисослаша бошлайди
Бунда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмини кўрсатувчи нуқталар Ўзбекистонда A дан B га, Японияда A* дан B* га кўчади. Ихтисослашув мамлакатлар умумий эквивалент нисбий жаҳон нархи - Pw даражасига чиққунча давом этади. Бу нарх эса, юқорида кўрсатиб ўтганимиздек, ҳар икки мамлакатдаги савдо бошланмасдан олдинги ички нархлар ўртасида жойлашди, яъни P
w
w ҳар икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш имкониятлари эгри чизиғи ва янги II бефарқлик эгри чизиғига ўтказилган уринмани акс эттиради.
Е нуқта А нуқта билан солиштирганда Ўзбекистонда “ўз” товари “бегона” товардан кам истеъмол қилинганлигини назарда тутса-да, Ўзбекистон ўзаро савдодан ютади, чунки унинг янги бефарқлик эгри чизиғи юқорироқда жойлашган ва истеъмолнинг ортганлигини кўрсатиб турибди. Худди шундай ҳолат Японияда ҳам кузатилади: E* нуқта А* нуқта била солиштирганда Японияда “ўз” товари “бегона” товардан кам истеъмол қилинганлигини назарда тутса-да, Япония ҳам ўзаро савдодан ютади, чунки унинг янги бефарқлик эгри чизиғи илгаригисидан юқорироқда жойлашган ва истеъмолнинг ортганлигини кўрсатиб турибди. Демак, ҳар икки мамлакат ўзаро савдо натижасида ютуққа эришди, зеро уларнинг бефарқлик эгри чизиқлари графикда юқорига кўтарилди.
Савдо натижасида айирбошланаётган товарларнинг нисбий нархлари бир-бирига яқинлашиш тамойилига эга. Агар товарларнинг нисбий нархи мамлакатларнинг ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлиги даражаси ҳамда бу омилларнинг нисбий нархларига боғлиқ деб фараз қилинса, табиий савол туғилади: товарлар нархининг мувозанатлашиши ишлаб чиқариш омиллари нархига қандай акс таъсир кўрсатади?
Америкалик иқтисодчи Пол Самуэльсон бу саволга жавоб бера олди. Самуэльсон томонидан исботланган Хекшер-Олин теоремаси тўғрилиги шартидан келиб чиқувчи бу теорема ишлаб чиқариш омиллари нархининг мувозанатлашуви ёки Хекшер-Олин-Самуэльсон теоремаси номини олди.
@ Ишлаб чиқариш омиллари нархининг мувозанатлашуви (factor price equalization theorem) (Xeksher-Olin-Samuelson teoremasi) — халқаро савдо савдо олиб борувчи мамлакатларда гомоген ишлаб чиқариш омилларининг мутлақ ва нисбий нархларини мувозанатлашувига олиб келади.
Нисбий нархларнинг мувозанатлашуви теоремасининг график талқини 1-расмда ифодаланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |