I. ЎҚУВ МАТЕРИАЛЛАР
1.1 ФАНДАН ЛЕКЦИЯЛАР КУРСИ
1-МАВЗУ. ЖАҲОН ХЎЖАЛИГИ ВА ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАР: АСОСИЙ КЎРИНИШЛАРИ ВА ХУСУСИЯТЛАРИ. ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАҚСИМОТИ
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар фанинг предмети
Жаҳон хўжалигини ривожланиш босқичлари ва тенденциялари
Замонавий халқаро иқтисодий муносабатларнинг ривожланиш хусусиятлари
Халқаро меҳнат тақсимоти ва унга таъсир этувчи омиллар
Халқаро меҳнат тақсимотини ривожланишининг замонавий ўзига хос томонлари. Халқаро ихтисослашув ва ишлаб чиқариш кооперацияси
Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар фанинг предмети
ХХ асрнинг иккинчи ярмида жаҳон хўжалигини фаолиятининг ўзига хос томонларидан бири халқаро иқтисодий муносабатларнинг жадал равишда ривожланиб боришидир. Жаҳон хўжалигида давлатлар гуруҳлари ва иқтисодий гуруҳлар, алоҳида фирма ва ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар тобора кенгайиб, чуқурлашиб бормоқда. Бу жараёнлар халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви ва хўжалик ҳаётининг байналминаллашувида, уларнинг бир-бирига боғлиқлиги ва яқинлашувида, минтақавий халқаро тизимларнинг ривожланиши ва мустаҳкамланишида намоён бўлмоқда.
Шуниси характерлики, ўзаро ҳамкорлик ва яқинлашиш жараёнлари қарама-қарши, диалектик характерга эга. Халқаро иқтисодий муносабатларнинг диалектикаси шундаки, айрим мамлакатларнинг иқтисодий мустақилликка, миллий хўжаликни мустаҳкамлашга интилиши, оқибат натижада жаҳон хўжалигини янада кўпроқ байналминаллашувига, миллий иқтисодиётнинг очиқлигига, халқаро меҳнат тақсимотининг чуқурлашувига олиб келади.
Халқаро иқтисодий муносабатлар предмети икки асосий қисмдан, яъни, халқаро иқтисодий муносабатларнинг ўзи ва уни амалга ошириш механизмидан иборатдир. Халқаро иқтисодий муносабатлар ўз ичига алоҳида мамлакатларни, уларнинг минтақавий бирлашмаларини, шунингдек алоҳида корхоналарнинг (трансмиллий, кўпмиллий корпорацияларни) жаҳон хўжалиги тизимидаги бир-бирига қарама-қарши бўлган иқтисодий муносабатларининг мажмуини олади. Халқаро иқтисодий муносабатлар механизми эса ўз ичига ҳуқуқий меъёрларни ва уларни амалга ошириш воситаларини (халқаро иқтисодий шартномалар, келишувлар, “кодекслар”, ҳартиялар ва ҳ.к.), халқаро иқтисодий муносабатларни ривожлантириш мақсадида амалга оширишга йўналтирилган халқаро иқтисодий ташкилотларнинг фаолиятини олади. Халқаро иқтисодий муносабатлар (ХИМ) тизимига қуйидагилар киради:
Халқаро меҳнат тақсимоти.
Халқаро товар ва хизматлар савдоси.
Халқаро капитал ва хорижий инвестициялар ҳаракати.
Халқаро ишчи кучи миграцияси
Халқаро валюта-молия ва кредит муносабатлари.
Халқаро иқтисодий интеграция.
Халқаро иқтисодий муносабатлар (асосан савдо) жаҳон хўжалиги вужудга келмасдан олдин ҳам мавжуд бўлган. Масалан: Европа давлатлари ўртасидаги ХИМ, минтақалар (Европа-Шимолий Африка, Европа-Яқин Шарқ ва ҳ.к.) ўртасидаги халқаро иқтисодий муносабатлар. Бу муносабатлар минтақавий характерга эга бўлган. Жаҳон хўжалигининг вужудга келиши (XVIII аср охири ва XIX аср бошлари) ва ривожланиши билан халқаро иқтисодий муносабатлар кенгайди ва чуқурлашиб, глобал характерга эга бўлди.
Замонавий жаҳон хўжалиги бу - бозор иқтисодиётининг объектив қонунларига бўйсинувчи, ўзаро боғлиқ бўлган миллий иқтисодиётлар бирлашмаси, глобал иқтисодий организмдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |