Леонтьев парадокси (Leontief paradox) — бу Хекшер-Олиннинг ишлаб чиқариш омиллари нисбати назариясининг амалда бажарилмаслиги – меҳнат сероб мамлакатларнинг капитал сиғимли, капитал сероб мамлакатларнинг меҳнат сиғимли товарларни экспорт қилишидир.
Ўша пайтда етакчи бўлган ёндашувнинг инкор этилиши унинг тушунтирилишини талаб қиларди. Мунозаралар Хекшер-Олин назарияси тўғри, Леонтьев томонидан олинган натижалар нотўғри эканлигини исботлашга ҳаракатлар доирасида бўлди. Леонтьев парадоксига қарши келтирилган баъзи далиллар қуйидагилар:
Ишчи кучини малакали ва малакасиз ишчи кучи гуруҳларига ажратиш керак ҳамда экспорт товарларга сарфланган харажатларни ҳар икки гуруҳ учун алоҳида ҳисоблаш керак.
АҚШ қазиб олинишида катта миқдорда капитал харажатларини талаб қилувчи хомашёни катта ҳажмда импорт қилади. Шунинг учун АҚШнинг экспорт товарлари катта ҳажмдаги капитал сиғимли хомашёни талаб қилади, бу эса экспортни капитал сиғимлига айлантиради.
Леонтьев тести АҚШда мавжуд бўлган импорт тарифларини инобатга олмаган, бу тарифлар АҚШ саноатининг меҳнат сиғимли тармоқларини хорижий рақобатдан ҳимоялаш учун жорий қилинган, натижада меҳнат сиғимли товарлар импортига тўсиқ қўйилган.
Америкаликларнинг дид ва хоҳишлари анъанавий равишда капитал сиғимли технологик маҳсулотларга қаратилган бўлиб, АҚШ капитал билан яхши таъминланган бўлишига қарамасдан бу товарларни улар хориждан сотиб олишади.
Ишлаб чиқариш омиллари реверси: бир товар меҳнат сероб мамлакатда меҳнат сиғимли, капитал сероб мамлакатда капитал сиғимли бўлиши мумкин. Масалан, капитал сероб саналган АҚШда етиштирилган гурунч юқори технология воситасида ишлаб чиқарилгани боис капитал сиғимли ҳисобланса, Вьетнамда етиштирилган гурунч меҳнат сиғимлидир, чунки у асосан қўл меҳнати ёрдамида тайёрланади.
2.3. Халқаро савдода умумий мувозанат
Халқаро савдонинг стандарт модели
Тарихан халқаро савдо назарияларини ишлаб чиқишда иқтисодий таълимот товарлар ва ишлаб чиқариш омиллари таклифини ўрганишга кўпроқ эътибор қаратган, талабга эса етарли даражада эътибор берилмаган. Бироқ барчага маълумки, жаҳон бозорида товарлар таклифи талабга боғлиқ бўлади, шунинг учун ҳам замонавий халқаро савдо назарияси товарлар талаб ва таклифига бирдек эътибор беради. У олдинги мавзуларда кўриб чиқилган классик ва неоклассик моделларни рад этмайди, зеро қандай муаммо ҳал этилиши кераклиги ва қайси ишлаб чиқариш омилига кўпроқ эътибор қаратилиши лозимлигига боғлиқ равишда бу моделлардан ҳозирги пайтда ҳам аналитик мақсадларда фаол фойдаланиб келинмоқда. Шунинг учун юқорида келтирилган моделлар маълум маънода жаҳон иқтисодий таълимоти томонидан тан олинган ва замонавий босқичда халқаро савдони назарий таҳлил дастаги сифатида хизмат қилувчи, халқаро савдонинг стандарт модели номини олган моделнинг хусусий ҳоли деб ҳисобланиши мумкин.
Талаб ва таклиф мувозанатининг неоклассик постулатларига асосланган халқаро савдонинг стандарт модели жуда кўплаб иқтисодчилар-неоклассиклар ҳаракатларининг қўшилиши самарасидир, бу иқтисодчилар жамият миқёсидаги жами талабга алоҳида эътибор каратишган. Стандарт моделда фойдаланиладиган асосий тушунчалар турли йилларда ирланд иқтисодчиси Frensis Edjuort ва келиб чиқиши Австриядан бўлган америкалик иқтисодчи Gottfrid Xeberler томонидан киритилган.
Классик моделлар талаб ва таклифдан чегараланган доирадаги маълум бир товарлар учун фойдаланилган. Стандарт модел эса бу доирани жами талаб ва таклифгача кенгайтирди. Стандарт модел бизга умумий иқтисодий назариясидан маълум бўлган ҳамда ҳақиқий иқтисодий вазиятларга кўпроқ мос келувчи ўрнини қоплаш харажатларининг ортиб бориши тўғрисидаги қонуниятига тегишли даслабки шартлардан келиб чиқади.
Ортиб борувчи ўрнини қоплаш харажатлари (increasing opportunity costs) ҳар бир қўшимча 2-товарни ишлаб чиқариш учун воз кечиладиган 1-товарнинг миқдори доимий эмас, балки ортиб борувчи бўлишлигини назарда тутади.
2.3.1.-расмдаги ишлаб чиқариш имкониятлари эгри чизиғидан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда ўзи нисбий устунликка эга бўлган 1-товарнинг ҳар бир қўшимча бирлигини ишлаб чиқариш учун воз кечиладиган 2-товар сони борган сари ортиб бормоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |