2.3.3.-расм. Савдо шарти.
И мпорт қилинаётган товарлар нисбий таклифи эгри чизиғининг жойлашуви эса тескари боғлиқликни кўрсатади: импортнинг нисбий нархи кўтарилганда, импорт қилинаётган товарларга нисбий талаб камаяди. Импорт қилинаётган товарлар нисбий таклифи эгри чизиғи ва экспорт қилинаётган товарлар нисбий таклифи эгри чизиғининг кесишиши натижасида A нуқтада вужудга келувчи нисбий нарх (Px/Pim) бу товарларнинг Qx/Qim нисбий миқдорида савдо шартларини ифодалайди.
Савдо шартлари ҳар бир мамлакатнинг экспорти ва импорти ўзаро таклифи ва ўзаро талаби нисбатини ифодалайди. Улар ҳар бир мамлакатнинг экспорт ва импорт нархлари индекси нисбати негизида ҳисобланади ва мамлакатнинг ташқи иқтисодий сиёсати, жумладан ташқи савдо сиёсати учун муҳим йўналтирувчи ҳисобланади. ТоТ=100 экспорт ва импорт нархларининг тенглигини билдиради. Савдо шартлари индексининг ўсиб бориши (ToT>100) мамлакат экспорти жами нархи импорт жами нархига нисбатан ортганда ҳар бир экспорт қилинган товар учун янада кўпроқ импорт товарлар сотиб олиш мумкин бўлишини кўрсатади. Аввалгидек экпорт миқдори ҳисобига кўпроқ импорт ҳажмига эга бўлиш имконияти мамлакат фаровонлигини оширади. Савдо шартлари индексининг камайиб бориши (ToT<100) мамлакат импорти жами нархи экспорт жами нархига нисбатан ортганда ҳар бир экспорт қилинган товар учун янада камроқ импорт товарлар сотиб олиш мумкин бўлишини кўрсатади. Аввалгидек экпорт миқдори ҳисобига камроқ импорт ҳажмига эга бўлиш оқибатида мамлакат фаровонлиги пасаяди.
Нисбий талаб ва таклифнинг бу нисбати ҳар қандай алоҳида олинган товар учун ҳам, бутун мамлакат бўйича ҳам тўғри бўлади. Нисбий талаб ва нисбий таклиф эгри чизиғидаги ҳар қандай силжишлар ёки иқтисодий ўсиш, ёки мамлакатлар ўртасида даромаднинг қайта тақсимланиши параметрларининг ўзгаришига олиб келади. Шунинг учун савдо шартларини иқтисодий кўрсаткич сифатида қуйидаги асосий кўринишларда бўлиши мумкин:
• Товар ёки соф бартер савдо шартлари (commodity, net barter terms of trade) — маълум бир товарнинг экспорт ва импорт нархларининг ёки барча товарлар бўйича экспорт ва импорт нархлари индексларининг нисбатидир.
ToT = Px/Pim
• Даромадни ифодаловчи савдо шартлари (income terms of trade) — мамлакатнинг жами экспортдан келган тушум ҳисобига қанча товар импорт қила олиши салоҳиятини кўрсатувчи индекс. Бу индекс товар савдо шартларини экспортнинг миқдор индекси (Qx)га кўпайтириш орқали ҳисобланади. Бу индекснинг ўсиши экспортдан тушумни ортиши ҳисобига импорт қилиш салоҳияти ортишини кўрсатади.
ToT = (Px/Pim) x Qx
• Омиллар билан боғлиқ савдо шартлари (factor terms of trade) — импорт нархларини бир ёки бир неча ишлаб чиқариш омилларининг самарадорлиги билан боғловчи, экспорт тармоқларида самарадорликни бир бирликка ошиши ҳисобига қанча миқдорда қўшимча импорт қилиш мумкинлигини кўрсатувчи индекс. Бу кўрсаткич товар савдо шартларини экспорт тармоқларидаги самарадорлик индексига (Qx) ёки ушбу мамлакатда экспорт тармоқларидаги самарадорлик индексини импорт қилинаётган мамлакат экспорт тармоқларидаги самарадорлик индексига нисбатига (Qx/Qim) кўпайтириш орқали ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |