Тармоқ стандартлари
Тармоқ стандартлари O’z DSt 1.9:1995 “Ўз СДТ. Тармоқ стандартларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби” талабларига мувофиқ ТҚ, СТТ ва бошқа ваколатли корхоналар ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилади.
Тармоқ стандартлари тармоқ аҳамиятидаги маҳсулот, ишлар ва хизматларга нисбатан ишлаб чиқилади. Зарур бўлганда ташкилий-методик ва умумтехникавий тармоқ стандартлари ишлаб чиқилади. Ушбу объектга халқаро, давлатлараро стандартлар ёки давлат стандарти ва Ўзбекистон стандартлари мавжуд бўлса, тармоқ стандартлари маҳсулот, жараёнлар, хизматларга янада юқори талабларни ўрнатиши ва тармоқнинг ўзига ҳос ҳусусиятларига нисбатан қўлланиладиган номенклатура, меъёрлар ва талабларга чекловлар ўрнатиши мумкин.
Ташкилий-методик бирлиликка эришиш ва ишлар босқичларининг бажарилишини текшириш мақсадларида тармоқ стандартларини ишлаб чиқишнинг тўрт босқичи ўрнатилади:
1 - босқич - стандартни ишлаб чиқишни ташкиллаштириш;
2 - босқич - стандартнинг лойиҳаси (биринчи таҳрири)ни ишлаб чиқиш;
3 - босқич - стандарт лойиҳасининг охирги таҳририни ишлаб чиқиш, келишиш ва уни тасдиқлашга тақдим этиш;
4 - босқич - стандартни тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш.
Тармоқ стандартларини ишлаб чиқиш босқичларини бирлаштириш руҳсат этилади, бу ҳол шартномада ёки стандартни ишлаб чиқишга техник топшириқ (ТТ)да акс эттирилади.
Тармоқ стандартлари ва давлат стандартларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш босқичлари бир-бирига ўхшайди, фақат тўртинчи босқич бундан мустасно, чунки тармоқ стандартларини тасдиқлаш давлат ва хўжалик бошқарув идораларига юклатилган.
Тармоқни бошқариш идораси тармоқ стандартини кўриб чиқади ва тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади ёки ушбу идора ўрнатган тартибда стандартни чаласини тўлдиришга қайтаради. Тармоқ стандартини тасдиқлашда уни амалга киритиш санаси стандартни жорий этишга тайёрлаш бўйича тадбирларни бажариш муддатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Тармоқ стандартининг амал муддати тасдиқловчи идора томонидан буюртмачи билан келишилган ҳолда ўрнатилади.
Маҳсулотга тармоқ сгандартлари Ўзстандарт Агентлигида давлат рўйхатидан ўтказилади.
Тармоқ стандартининг белгиси қуйидагилардан иборат бўлади:
– ҳужжат индекси – ТSt;
– тармоқни бошқариш идорасининг шартли рақамли белгиси;
– тармоқни бошқариш идораси томонидан Ўзстандарт Агентлиги билан келишилган ҳолда ўрнатилган тартибда бериладиган, нуқта билан ажратилган рўйхат тартиб рақами;
– икки нуқта билан ажратилган тасдиқлаш йилининг тўртта рақами.
Мисол: TSt 45.001:1999
Do'stlaringiz bilan baham: |