26.1. Машиналарни тайёрлаш жараёнида йиғишниниг аҳамияти
Йиғиш иши ишлаб чиқариш жараёнининг охирги босқичи бўлиб ҳисобланади. Бунда алоҳида детал ва қисмлардан тайёр маҳсулот йиғилади. Йиғиш ишининг сифати машиналарнинг ишлаш давридаги ишончлилигига ва чидамлилигига сезиларли таъсир этади.
Йиғилган маҳсулот – машина алоҳида деталларини бир-бирига етарли аниқликда бириктирилмаса, агар бу деталлар берилган аниқликда тайёрланган бўлса ҳам улардан фойдаланиш даврида сифатли ва ишончли ишламайди. Шунинг учун машинасозликда йиғиш жараёнига катта аҳамият берилади. Бунга яна шуни қўшиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида маҳсулотни тайёрлаш умумий иш ҳажмининг 20-30% ини йиғиш иш ҳажми ташкил этади, бошқа машиналарда эса йиғиш иш ҳажми умумий иш ҳажмининг 40-60% гача боради.
Йиғиш ишларига сарф бўладиган вақтга детални тайёрлаш учун сарф бўладиган вақтнинг нисбати ҳамда йиғиш жараёнининг алоҳида босқичларига сарф бўладиган вақт ишлаб чиқаришнинг турига ва йиғиш усулларига боғлиқ. Йиғиш ишлари вақти механик ишлов бериш вақтининг тахминан қуйидаги фоизини ташкил этади:
-якка тартибли ва майда серияли ишлаб чиқаришда 40-50%;
-ўрта серияли ишлаб чиқаришда 30-35%;
-йирик серияли ишлаб чиқаришда 20-25%;
-оммавий ишлаб чиқаришда 20% дан оз.
26.2. Йиғиш турларининг таснифи
Йиғишнинг уч хил тури мавжуд:
а) индивидуал келтириш тамойили бўйича;
б) тўлиқ ўзаро алмашинувчанлик тамойили бўйича;
в) индивидуал ва гуруҳли танлаш йўли билан қисман ўзаро алмашинувчанлик тамойили бўйича.
Индивидуал келтириш тамойили бўйича йиғиш якка тартибли ва майда серияли ишлаб чиқаришларда қўлланилади. Бундай ишлаб чиқаришларда детал механик ишлов берилгандан кейин, бунда чекли калибрларсиз ишлов берилади, охирги шакл ва ўлчамини олиш учун ва детални ўрнатиладиган жойига келтириш учун қўлда чилангарлик ишлови берилади. Тўлиқ ўзаро алмашинувчанлик тамойили бўйича йиғиш йирик серияли ва оммавий ишлаб чиқаришларда детал механика цехида чекли калибрлар бўйича ишлов берилади ва дастгоҳдаги операциялар деталга керакли шакл ва ўлчам берилиши учун ишлов беришнинг охирги босқичи ҳисобланади.
Агар йиғишда детал бириктириладиган бошқа детал билан дастлаб сараланмасдан ёки танламасдан туташтирилса ва бунда бириктириш зарур ва қониқтирувчи ўтказишни келтириш жараёнисиз ҳосил қилинса, бундай йиғиш тўлиқ ўзаро алмашинувчанлик билан йиғиш дейилади, бундай йиғишда оқим бўйича йиғиш жараёнини ташкил этиш мумкин.
Бириктириладиган деталлар чекли калибрлар бўйича, бироқ катта жоизлар билан тайёрланган бўлса, йиғиш деталларининг ўлчами бўйича дастлабки танлаб олиш йўли билан амалга оширилса, қисман ўзаро алмашинувчанлик билан йиғиш дейилади.
Бириктиришда керакли ўтказишни таъминлайдиган деталларни ўлчами бўйича белгиланган допуск чегарасида тайёрланган ва йиғишга келган ҳар қандай деталлар ичидан олиниши индивидуал танлаб олиш орқали ёки белгиланган допуск чегарасида ўлчамлари бўйича гуруҳларга ажратиб олиш йўли билан-гуруҳли танлов орқали олиш мумкин. Бундай йиғиш йирик серияли ва оммавий ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Узелли йиғишда маҳсулотнинг таркибий қисми йиғма бирлиги (узел) йиғиш объекти ҳисобланади. Умумий йиғишда яхлит маҳсулот йиғиш объекти бўлиб ҳисобланади.