Ттан -машина вақти танаффусининг давомийлиги.
Маълум бир ритм билан ишлов беришда заготовканинг иссиқдан деформацияланиши ўзгармайди.
Танаффус билан фрезалаш, тиш кесиш ва бошқа механик ишлов бериш операциялари совитиш орқали амалга оширилганда, кескичнинг қизиши ишлов бериш аниқлигига кам таъсир кўрсатади.
Ишлов беришнинг назарий схемасининг хатоликлари.Айрим шаклдор деталларнинг мураккаб профилларига ишлов беришда ишлов беришнинг кинематик схемасининг ўзи ва кесувчи асбобнинг конструкциясини соддалаштириш учун қилинган ўзгаришлар систематик хатоликларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Масалан, ғилдирак тишини червякли фреза ёрдамида кесиш операциясининг назарий схемаси (кесилаётган тишли ғилдиракнинг червякли фрезанинг ўқи бўйича кесимининг тўғри чизиғи бўйича думалаши) фрезанинг кесувчи тиғини ҳосил қиладиган ариқчанинг қиялиги туфайли аввалданоқ бузилади, бу эса тишнинг эвольвентали профилининг систематик хатоликларини туғдиради.
Худди шунга ўхшаб тишнинг эвольвентасини долбяк билан рандалаш жараёнида долбякнинг профилини ҳосил қилиш учун унинг олдинги бурчагини чархлашда йўл қўйилган хатолик систематик хатоликни содир қилади.
Модулли фреза билан тиш кесишда тиш профилининг систематик хатоликлари кесилаётган тишларнинг сони лойиҳаланган фреза учун ҳисобланган тишларнинг сонига тўғри келмаганлиги натижасида содир бўлади.
2.3. Ишлов беришнинг тасодифий хатоликлари Заготовкалар партиясига керакли ўлчам олиш учун созланган дастгоҳларда ишлов бериш жараёнида заготовканинг ўлчамлари маълум бир чегарада узлуксиз ўзгариб туради, бу ўлчамлар бир-биридан ва созланган ўлчамдан тасодифий хатоликнинг миқдорига тенг қийматда фарқ қилади.
Тасодифий хатолик деб кўрилаётган бир партиядаги ҳар хил заготовкаларнинг ўлчамлари бир-биридан ҳеч қандай қонуниятга тўғри келмайдиган хатоликлар бўйича фарқ қилишига айтилади.
Тасодифий хатоликларнинг ҳосил бўлиши натижасида бир хил шароитда ишлов берилган заготовканинг ўлчамлари ёйилган (тарқалган) бўлади. Ўлчамларнинг тарқалишини тасодифий характердаги кўплаб сабабларнинг йиғиндиси келтириб чиқаради. Бу сабаблар аввалдан аниқланишга бўйсунмайди, бир пайтда ва бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзининг таъсирини кўрсата олишлари мумкин. Бундай сабаблар тўпламига: ишлов берилаётган заготовканинг қаттиқлигининг ва кесиб олинаётган қўйим қатлами қалинлигининг ўзгариб туриши; заготовкани базалаш ва маҳкамлаш хатолиги туфайли мосламада заготовканинг бошланғич ҳолатининг ўзгариши ёки мосламанинг ноаниқлиги туфайли ҳосил бўладиган хатоликлар; таянч ва лимба бўйича суппорт ҳолатини белгилашдаги хатолик; ишлов беришда температура режимининг ўзгариши ва ўзгарувчан кесиш кучининг таъсири остида технологик тизим элементларининг эластик қайтиши ва бошқалар киради.
Заготовкалар ўлчамлари ёйилганлигининг тақсимланиш қонунларини аниқлаш ва таҳлил қилиш учун математик статистика усуллари қўлланилади.