52-модда. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш
Ҳарбий ёки махсус унвонга эга бўлган шахс оғир ёки ўта оғир жиноят учун ҳукм қилинганида суд ҳукми билан мазкур унвондан маҳрум қилиниши мумкин.
Олий ҳарбий ёки махсус унвонга ёҳуд Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотига эга бўлган шахс оғир ёки ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганида суднинг ҳукми асосида киритадиган тақдимномасига биноан мазкур унвон ёки мукофотдан маҳрум қилиниши мумкин.
1.Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш жазоси жиноий жазо сифатида асосий жазога қўшимча жазо тариқасида қўлланиши мумкин. Ушбу жазо чорасининг моҳияти шундан иборатки, у маҳкумларга нисбатан маънавий мазмунда жафо келтириб, маҳкумни айрим имтиёзлардан маҳрум бўлишига сабаб бўлади.
2.Ушбу жазо жиноят қонунига мувофиқ шахс оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилган бўлсагина тайинланади. (Ушбу жиноятлар ҳақида батафсил маълумот Жиноят кодексининг 15-моддасида берилган). Бунда суд ҳукм эълон қилиш вақтида ёки жиноят содир этиш вақтида судланувчи унвонга эга бўлган хизматда фаолият кўрсатаётган бўлиши лозимлигини назарда тутмайди. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш хизматни ўтаётган, заҳирага ўтказилган ёки нафақага чиққан ва бошқа барча ҳолатдаги шахсларга нисбатан қўлланиши мумкин.
3. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш суд ишнинг барча ҳолатларини текшириб бўлганидан сўнг келган хулосаси асосида, судланувчини ҳарбий ёки махсус унвонга лойиқ эмаслигини белгилаганда қўлланилиши мумкин бўлади. Шундай қилиб, ушбу жазони қўллашдаги ҳар бир ҳолатда, суднинг ҳукмида албатта бу жазони қўллаш лозимлиги асосланиб берилиши керак бўлади. Бундай ҳолларда суд, одатда, нафақат жиноятнинг оғир эканлигига, балки жиноят судланувчининг унвонига алоқадорлигига, айбдор шахс бўйича тўпланган маълумотларга, унвон қандай, қайси йўл билан қўлга киритилганлигига (қонуний ёки ноқонуний) ва бошқа ҳолатларга қараши лозимдир.
4. Ушбу модда таҳлилидан келиб чиқиб қайд этиш мумкинки, суд ҳукми билан шахс олий мақомга эга бўлмаган ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиниши мумкин. Бундай унвонларга, хусусан, полковник ва унгача бўлган унвонлар, ҳамда махсус унвонларда полковник унвонига ўхшаш унвонлар киради.
Шунга эътибор қилиш лозимки, ҳарбий унвонлар бу Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг сержант ва офицер таркибидаги хизматчиларга нисбатан бериладиган унвонлардир.
Махсус унвонлар эса - бу божхона ходимлари, солиқ органи ходимлари, прокуратура, ИИВ ходимлари, Фавкулодда вазиятлар Вазирлиги ходимлари ҳамда шундай унвонлар белгиланган бошқа хизмат ходимларига берилади.
5. Олий ҳарбий ва махсус унвонлар ҳамда давлат мукофотларига эга шахсларга нисбатан, суд фақат ушбу унвонларни ва мукофотларни берган органларга жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсни ушбу унвондан маҳрум қилиш бўйича тақдимнома киритиши мумкин. Шундай қилиб, шахсни унвон ёки мукофотдан маҳрум қилиш бўйича охирги қарор ушбу унвонни берган органга боғлиқдир.
Олий ҳарбий унвонлар - бу юқори офицер таркибига кирувчи шахсларга нисбатан бериладиган унвонлар (генерал-майор, генерал-лейтенант, генерал-полковник, армия генерали, Ўзбекистон Республикаси маршали). Олий махсус унвонларга худди шундай унвонларни берувчи органлар томонидан бериладиган унвонлар киради. Бундан ташқари давлат мукофотлари ҳам мавжуд бўлиб, улар шахсга фан, санъат, хўжалик соҳасининг муайян тармоғида олиб борилган фаолияти учун берилади (масалан, Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган архитектор ва бошқалар).
6. Олий ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилинган шахслар, шу билан бирга давлат мукофотларидан ҳам маҳрум этилади. Давлат мукофотлари бу халқ олдида кўрсатган хизматлари, хайрия фаолияти, таълим - тарбия, соғлиқни сақлаш, давлат қурилиши, маънавият, санъат, маданият, илм-фан, иқтисод, ватанни ҳимоя қилиш йўлидаги хизматлари учун фуқароларни рағбатлантириш усулидир. Ўзбекистон Қаҳрамони ордени унвони, медали, фахрий унвонлар ва Ўзбекистон Республикасининг Фахрий Ёрлиғидир.
7. Шуни назарда тутиш керакки, судланувчилар ушбу моддада кўрсатилмаган бошқа унвон ва мукофотлардан маҳрум қилинишлари мумкин эмас. Хусусан, суд илмий даражалари ва унвонлари (масалан, фан доктори, фан номзоди, катта илмий ходим унвонлари, доцент, профессор)дан маҳрум этиши мумкин эмас, ҳамда шунга ўхшаш спорт ва профессионал унвонлардан ҳам маҳрум этолмайди. Бундан ташқари, судланувчи хорижий давлатлар томонидан берилган унвонлардан ҳам маҳрум қилинмайди.
8. Ушбу жазони амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Жиноий - ижроия Кодексида келтирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |