45-модда. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш
Шахсни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш суд тайинлаган муддат давомида айбдорнинг корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллашини ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланишини тақиқлашдан иборатдир. Ана шундай мансаб ёки фаолиятнинг тури суд томонидан айблов ҳукмида кўрсатилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган жиноятни содир этганлиги учун асосий жазо тариқасида тайинланганда - бир йилдан беш йилгача муддатга, қўшимча жазо тариқасида тайинланганда - бир йилдан уч йилгача муддатга белгиланади.
Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш айбдорга асосий жазо тариқасида тайинланмаган бўлса, бундай жазо суд томонидан ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган ҳар қандай турдаги жазога қўшимча жазо тариқасида тайинланиши мумкин.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш ёки қамоқ жазосига қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса, асосий жазонинг бутун муддатига, бундан ташқари суд ҳукми билан тайинланган муддатга жорий этилади. Бу жазо бошқа асосий жазоларга қўшимча жазо тариқасида тайинланганда ва маҳкум шартли ҳукм қилинганда унинг муддати ҳукм қонуний кучга кирган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
1. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш давлатнинг мажбурлов чораси сифатида ўзининг алоҳида тавсифи билан ажралиб туради. Мазкур жазони Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ўз моҳиятига кўра жиноят айбланувчи шахснинг мансаби ёки касби билан боғлиқ ҳолатларда содир қилинганида яна шундай жиноят такрорланишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш жазосининг мазмуни айбдорга муайян мансабни эгаллаш, у ёки бу фаолият тури билан шуғулланишни тақиқлашдан иборат..
2. Муайян лавозимни (мансабни) эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш деганда, Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексида корхона, муассаса ва ташкилотларда у ёки бу мансабни эгаллаш ёхуд муайян мансаб билан боғлиқ бирон-бир функцияни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган мансабни эгаллашини таъқиқлаш тушунилади. Бу жазо тури содир этилган жиноят шахснинг бевосита муайян ҳуқуқи билан боғлиқ бўлсагина қўлланилади. Суднинг айблов ҳукмида маҳкум учун таъқиқланган фаолият тури ва эгаллаши мумкин бўлмаган мансаби аниқ кўрсатиб ўтилиши лозим.
3. Шуни айтиб ўтиш лозимки, жиноят қонунининг ушбу моддасида жазолаш хусусиятига кўра,бир турдаги икки жазо бирлаштирилган: муайян мансабни эгаллаш ва муайян фаолият билан шуғулланишдан маҳрум этиш.
Муайян фаолият тури билан шуғулланишни таъқиқлаш деганда, айбдорнинг доимий тарзда шуғулланадиган касбий фаолиятини, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдан маҳрум этиш тушунилади.Қонуннинг мазмун моҳиятидан келиб чиқиб шуни айтиш лозимки, суд айбдорга нисбатан мазкур жазони тайинлаётганида фақат биргина (конкрет) фаолият тури билан шуғулланишни тақиқлашни тушунишимиз мумкин. Умуман олганда, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси давлат ёки жамоат мулкини талон-тарож қилган, порахўрлик жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қўлланилганда самаралироқ ҳисобланади.
4. Шу билан бир вақтда муайян фаолият тури билан шуғулланишни таъқиқлаш фаолиятнинг қонуний турларига нисбатан ҳам амалга оширилиши мумкин. Муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш айбдор жиноят содир этиш вақтида ушбу ҳуқуққа эга бўлган ҳолдагина қўлланилади. Агар у ушбу ҳуқуққа жиноят содир этгандан сўнг эга бўлган бўлса, суд бу жазо турини қўллаши мумкин эмас (Масалан, транспортни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш). Суднинг айблов ҳукмида маҳкум учун таъқиқланган фаолият тури ва эгаллаши мумкин бўлмаган мансаб кўрсатилади. Қонунда маҳкумнинг муайян мансабни эгаллаши ёки ёхуд бу фаолият билан шуғулланишини таъқиқлаш муддатлари белгиланган.
5. Жиноят содир этишда айбдор, деб топилган шахс у ёки бу лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан ёки фаолиятнинг муайян турини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин. Шахснинг бирданига иккала ҳуқуқини ҳам амалга оширишидан ман этиш мумкин эмас. Бунда муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш ҳукм чиқарилаётган вақтда унинг амалга оширилиши билан амалий томондан боғлиқ бўлмаганлиги эътиборга олиниши лозим.
Агар содир этилган жиноят айбдорнинг мансаби ёки иш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлмаган бўлса, унинг мазкур фаолият тури билан шуғулланишини таъқиқлаб қўйиш мумкин эмас. Шунингдек, қонунга кўра, айбдор бир вақтнинг ўзида у ёки бу мансабни эгаллаши ёки бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Бу жазо турини қўллашда фаолият тури айбдорнинг асосий моддий таъминот (тирикчилик) манбаи эканлигига эътибор бериш лозим.Агар бу фаолият айбдорнинг асосий моддий таъминот манбаи бўлса (масалан, овчилик фаолияти), унга нисбатан бу жазони қўллаш керак эмас. Мазкур жазо турини қўллашда маҳрум қилинаётган фаолият тури айбдорнинг ягона касби бўлган ҳолларда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишнинг мақсадга мувофиқ эканлигини ҳисобга олиш лозим.
6. Жиноятни содир этганлиги учун муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, муддатли характерга эга. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш Жиноят қонунида белгиланган доирада тайинланиши керак.Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишнинг муддати аниқланмаган бўлса, у ҳолда Жиноят кодекси Умумий қисмнинг қонун-қоидалари асосида ҳал этилади. Суд муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини асосий жазо сифатида ҳам, қўшимча жазо сифатида ҳам қонунда белгиланган муддат доирасида тайинлаши мумкин. Ҳукмда муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш туридаги қўшимча жазо муддатини кўрсатмаслик унинг бекор бўлишига олиб келади.
7. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ҳам асосий, ҳам қўшимча жазо сифатида тайинланиши мумкин. Шуни назарда тутиш лозимки, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш асосий жазо сифатида тегишли моддаси санкциясида тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлсагина қўлланилади. Агар муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш Жиноят кодексининг Махсус қисми моддаси санкциясида асосий жазо сифатида кўрсатилган бўлса, қўшимча жазо сифатида қўлланиши мумкин эмас.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса ҳукмнинг тавсиф қисмида албатта кўрсатиб ўтилиши керак.
8. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш биринчи навбатда жиноий фаолиятни давом эттиришни олдини олиш билан бирга, жазонинг огоҳлантириш функциясини амалга оширишга йўналтирилган. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш ёки қамоқ жазосига қўшимча жазо тариқасида тайинланган бўлса, асосий жазонинг бутун муддатига ва ундан сўнг ҳукмда белгиланган муддатгача давом этади. Бошқа асосий жазоларга қўшимча жазо тариқасида тайинланганда, унинг муддати ҳукм қонуний кучга кирган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Шахс шартли ҳукм қилинганда, муддатнинг ўтиши ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
Агар асосий жазо тариқасида озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга жўнатиш қамоқ, ахлоқ тузатиш ишлари каби жазолардан бири тайинланган бўлса, ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳисобланади.
9. Шуни қайд этиш керакки, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо маҳкумни халқ хўжалигининг у ёки бу соҳасида ишлаши муайян муддати давомидаги ҳуқуқидан маҳрум қилмайди. Жумладан, суд айбдорнинг савдо соҳасида моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган мансабида фаолият кўрсатишини таъқиқлаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |