34-модда. Рецидив жиноят
Шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб топилади.
Илгари ҳукм қилинган жиноятига ўхшаш жиноят содир этган, ушбу Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, Махсус қисмининг бошқа моддалари билан ҳам ҳукм қилинган шахснинг қасддан янги жиноят содир этиши хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этиш, яъни:
а) илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
б) илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши ўта хавфли рецидив жиноят деб топилади.
Суднинг ҳукми билан шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин.
Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкин.
Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги, шунингдек қонунда белгиланган тартибда судланганлик муҳлатининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланган судланганлиги инобатга олинмайди.
Ушбу Кодекс Махсус қисмининг ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи моддалари шахс ушбу жиноятни содир этгунга қадар қонунда белгиланган тартибда ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлсагина қўлланилади.
1. Рецидив жиноят бир қанча жиноятлар тизимида энг хавфли шакли бўлиб, илгариги қасддан қилган жинояти учун шахс муайян турдаги жазога ҳукм қилинганидан кейин қасддан янги жиноят содир қилганликдан иборатдир.
Жиноят кодекси 34-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб топилади. Рецидив жиноятлар бир қанча жиноят содир этиш шакли сифатида шу билан тавсифланадики, айбдор шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин сўнг янги жиноят содир этади. Бу қуйидаги иккита белгига асосланган умумий ёки оддий рецидив жиноятдир:
* қасддан янги жиноят содир этилиши;
* илгари қасддан содир этилган жиноят учун шахснинг ҳукм қилинганлиги.
Таъкидлаш жоизки, мазкур белгилар барча турдаги рецидив жиноятлар учун умумий бўлиб ҳисобланади.
Умумий рецидив жиноят шахс илгари содир қилган жинояти учун судланганидан кейин Махсус қисмининг бошқа бир моддасида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этишдир.Шарҳланаётган моддада рецидив жиноятларнинг учта тури баён этилган: оддий рецидив жиноят, хавфли рецидив жиноят ва ўта хавфли рецидив жиноят. Юқорида кўрсатилган белгилар рецидив жиноятларнинг барча турларига тўла равишда тааллуқлидир. Бироқ, хавфли ва ўта хавфли рецидив жиноятлар учун уларни бир-биридан ажратишга имкон берувчи махсус белгилар ҳам назарда тутилган. Бу ерда шуни қайд этиш керакки, рецидив тушунчаси рецидивистнинг субъекти сифатидаги мақоми эмас, балки рецидив жиноятнинг ҳодиса сифатида қаралишига асосланади, бу эса фуқароларнинг қонун олдида тенглиги принципи (Жиноят кодекси бешинчи моддаси)га мувофиқдир.
Шунингдек, рецидив жиноятга қасддан жиноят содир этиш хослигига эътибор бериш лозим. Шу сабабли айбнинг эҳтиётсизлик шаклидаги икки ёки ундан ортиқ жиноятни содир этиш ҳоллари, гарчи шахс эҳтиётсизлик орқасида содир этган жинояти учун илгари жавобгарликка тортилган бўлса-да, рецидив жиноят деб топилиши мумкин эмас. Мазкур қоида тўла равишда эҳтиётсизлик орқасида ва қасддан жиноят содир этиш ҳолларига ҳам тегишлидир.
2. Бир неча жиноят содир этишга икки ёки ундан ортиқ жиноятларнинг содир этилиши хос бўлгани учун, рецидив жиноятда ҳам айбдор шахс бир неча жиноятлар содир этади. Рецидив жиноят такроран жиноят содир этиш билан бир қаторда янги жиноят содир этилишини назарда тутади. Бироқ, рецидив жиноят ҳоллари илгариги жиноят қасддан содир этилганлиги шарти билан, яна қасддан жиноят содир этишдир. (Қасддан жиноят содир этиш тушунчаси ҳақида Жиноят кодекси 21-моддаси шарҳига қаранг)
Рецидив жиноятларга турли вақтда, кетма-кет содир этилиш хосдир. Бундан ташқари, қасддан содир этиладиган янги жиноятлар ўхшаш, бир турдаги ва ҳар хил турдаги жиноятлар бўлиши мумкин. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида назарда тутилган оддий рецидив жиноят учун содир этиладиган жиноятларнинг бир турдалиги ва ҳар хил турдалиги хосдир.
Судлангандан сўнг такроран қасддан жиноят содир этилиши шахснинг унга огоҳлантирув-тарбиявий таъсир этилганлигига қарамай, тўғри йўлга кирмаганлигидан гувоҳлик беради. Шунинг учун, бундай жиноят жамият ва давлат томонидан янада қаттиқроқ қайта жавобни (реакцияни) рецидивистга нисбатан қўшимча жиноий жавобгарлик ва жазо чораларини қўллаш заруратини тақозо этади.
3. Рецидив жиноятнинг аниқловчи белгиси бўлиб шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун ҳукм қилинганлигидир. Ҳукм қилинганлик рецидив жиноятни такроран жиноят содир этишдан фарқлаш имконини берувчи асосий белги бўлиб ҳисобланадиган жиноий-ҳуқуқий оқибатдир. Рецидив жиноят, албатта, илгариги жиноят учун судланганлик билан боғлиқ бўлиб, жиноятни квалификация қилиш ва жазо тайинлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Рецидив жиноят содир қилган шахс олдинги жинояти учун жазо тайинланиб, у жазо шахсга етарли даражада таъсир қилмай, яна жиноят йўлига ўтиб олади. Демак, унинг хулқининг ижтимоий хавфлилик даражаси ошиб кетган ва жамиятнинг бундай шахсларга нисбатан алоҳида муносабатда бўлишини тақозо қилади ва янги қасддан содир қилган жинояти учун оғирроқ жазо чорасини қўллаш зарурати келиб чиқади ва бу ҳолда суд жазо тайинлашнинг индивидуалллаштириш тамойилига асосланишлари шарт.
4. Жиноят қонунида рецидив жиноят ҳақида Жиноят кодекси Умумий қисм нормаларида ҳам, Махсус қисм нормаларида ҳам сўз боради.
Умумий қисм нормаларида рецидив жиноят:
* жазо тайинлашда Жиноят кодекси 56-модаси "н" бандига мувофиқ оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши мумкин;
* Жиноят кодекси 60-моддасида назарда тутилган қоида бўйича жазо тайинлашнинг алоҳида тартиби қўлланишини келтириб чиқаради;
* жазони ижро этиш муддатлари ўтишининг узилишига асос бўлиб ҳисобланади (Жиноят кодекси 69-моддаси иккинчи қисми);
* Жиноят кодекси 72-моддаси еттинчи қисмида мустаҳкамланган шартлар мавжуд бўлганда шартли ҳукм қилиш қоидаларининг қўлланилишига тўсқинлик қилади;
* айбдорнинг чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилинишига (Жиноят кодекси 71-моддаси биринчи қисми) тўсқинлик қилади;
* жазонинг ҳақиқий муддатини кўпайтириш учун, жазо ўташ муддатидан илгари шартли озод қилишда ҳисобга олинади,
Жиноят кодекси Махсус қисм нормаларида рецидив жиноят хавфли ва ўта хавфли рецидив жиноят билан боғлиқ ва жиноят таркибининг баҳоланадиган белгиси сифатида тан олинади.
5. Судланганликнинг мавжудлиги у ёки бу даражада жазонинг тури ва ҳажмига таъсир этади ҳамда турли хил жиноий-ҳуқуқий оқибатларга олиб келади; масалан, рецидив жиноят деб топишга асос бўлади, шунингдек жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг баъзи турларини қўллашга тўсқинлик қилади; жавобгарлик ва жазога тортиш муддатларининг ўтишини тўхтатилишига сабаб бўлади. Бунда илгари содир этилган жинояти учун судланганликнинг олиб ташланиши ёки ўчганлиги каби ҳолатларни аниқлаш муҳим бўлиб қолади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми шунга эътибор қаратадики, судланувчи ҳолатининг оғирлашувининг олдини олиш мақсадида судлар шахс тегишли тартибда жазодан этилган бўлса, судланганлиги олиб ташланган ёки ўчган бўлса, Жиноят кодекси 77-моддасига мувофиқ судланмаган деб топилишига эътибор беришлари лозим. (Судланганликнинг олиб ташланиши ёки судланганлик муддатининг ўтиб кетиши тушунчалари ҳақида Жиноят кодекси 78, 79-моддалари шарҳига қаранг). Судланганлик муддати даомида қасддан янги жиноят содир этилган қилмишни рецидив жиноят деб ҳисоблаш учун қандай турдаги жазога ҳукм қилинганининг аҳамияти йўқ.
6. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми рецидив жиноятнинг хавфли даражасини ажратиб кўрсатади. Унинг белгилари шундан иборатки, шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун ҳукм қилинганидан сўнг қасддан шунга ўхшаш янги жиноят содир этади (Ўхшаш жиноятлар тушунчаси Жиноят кодекси 32-моддасига шарҳда кўриб чиқилган). Бундан ташқари Жиноят кодексида алоҳида кўрсатилган ҳолларда қасддан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам хавфли рецидив деб топилади. Илгари ҳукм қилинган жиноятга ўхшаш жиноятни содир қилиш деган тушунча шундан иборатки, шахс илгари қасддан содир қилинган жиноят учун судланганидан кейин айнан ўша моддада ёки модданинг муайян қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этиш тушунилади.
7. Оддий рецидивдан фарқли равишда хавфли рецидив қонун чиқарувчи томнидан баъзи жиноят таркиблари учун баҳоланадиган белги каби таърифланади. Хавфли рецидив жиноят Жиноят кодекси Махсус қисмининг кўпгина моддаларида жиноятларнинг баҳоланадиган белгилари сифатида назарда тутилади. Масалан, 97-модда иккинчи қисм "р" банди; 104-модда учинчи қисм "б" банди; 164-модда учинчи қисм "а" банди ва бошқалар. Хавфли рецидив жиноят модда конструкциясида баҳоланадиган белги сифатида назарда тутилмаган бўлса ва шахс томонидан мазкур жиноят такроран содир этилган бўлса, шахс бу жинояти учун судланган бўлиб, мол-мулкни қасддан нобуд қилиш (Жиноят кодекси 173-моддаси) жиноятини содир этган ҳолларда унинг қилмиши Жиноят кодекси 56-моддаси "н" бандига ҳавола қилиниб жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида квалификация қилиниши лозим.
8. Шахсни хавфли рецидивист деб ҳисоблаш масаласини суд ҳал қилмайди, балки қонуннинг ўзида белгилаб қўйилган асосларга кўра, шахс хавфли рецидивист ҳисобланади. Шахс хавфли рецидивист деб унинг тергов органлари томонидан айбланиши жараёнида топилиши лозим. Чунки хавфли рецидивист томонидан жиноят содир этилиши бир қатор жиноятларнинг тавсифлаш белгиси ҳисобланади ва жиддийроқ жазо чоралари қўллашга олиб келади. Шу сабабли бу ҳолат дастлабки тергов органи томонидан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинаётганда кўрсатиб ўтилган бўлиши лозим ва кейинчалик бу суд ҳукмининг тавсиф қисмида ҳам ўз аксини топиши керак. Хавфли рецидив жиноятга нисбатан ҳам судланганлик олиб ташланиши ва ўчганлиги, ҳамда шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун жавобгарлик ёки жазодан озод қилиниши каби бошқа ҳолларда ҳам хавфли рецидив жиноят деб топиш асосларининг олиб ташланиши қоидалари қўлланилади. Такроран жиноят содир этиш ёки илгари ҳам қасддан жиноят содир этганлик учун судлангандан сўнг янгидан қасддан жиноят содир қилиш қуйидаги ҳолларда жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланмайди: агар биринчи марта содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса; судланганлиги белгиланган тартибда олиб ташланган ёки ўчган бўлса; ёки илгари содир этган жиноий ҳатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик қонун билан бекор қилинган бўлса; Жиноят кодексининг 65, 66, 66-1. 68, 69, 70, 71, 76-моддаларига биноан шахс илгари содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилган бўлса. Мазкур ҳолат нафақат оддий рецидив жиноятга, балки хавфли ва ўта хавфли рецидив жиноят қаторида рецидив жиноятнинг қолган барча турларига ҳам тааллуқлидир, чунки оддий рецидив жиноятга тегишли умумий белгилар уларга ҳам хосдир. "Агарда айбдордан муқаддам содир этган қасддан одам ўлдирганлиги учун судланганлиги амнистия ёки авф этиш йўли билан олиб ташланса, ёҳуд қонунда белгиланган тартибда бекор қилинса ёки олиб ташланса, шунингдек одам ўлдириш жиноятини содир этган вақтга келиб муқаддам содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортиш мухлатлари ўтган бўлса, одам ўлдириш "р" банди билан, яъни хавфли рецидивист белгиси билан тавсиф қилиниши мумкин эмас”
9. Ўта хавфли рецидив жиноят бир қанча жиноят содир этишнинг нисбатан энг оғир шаклларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Шарҳланаётган модданинг учинчи қисми шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишнинг иккита асосини кўрсатади.
Уларга жазо сифатида озодликдан маҳрум этишнинг тайинланиши ва беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш киради.
Бундай асос рецидив жиноятнинг фақатгина кўйидаги вариантларидан бирининг мавжудлигида вужудга келади:
* илгари ўта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
* илгари икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
* илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ва уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши;
* илгари олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши. Оғир ва ўта оғир жиноятлар тушунчалари ҳақида Жиноят кодекси 15-моддаси шарҳига қаранг.
Ўта хавфли рецидив жиноятларнинг мазкур вариантларини баён этишда қонун чиқарувчи мазкур жиноятларни содир этишда айб шаклларини кўрсатмаган. Бироқ, Жиноят кодекси 15-моддаси мазмунидан оғир ва ўта оғир жиноятлар фақатгина қасддан содир этилиши келиб чиқади (Жиноят кодекси 15-моддаси шарҳига қаранг). Бундан ташқари, жиноятларнинг ижтимоий хавфлилиги даражасининг энг паст чегараси бўлиб озодликдан маҳрум этишнинг беш йилдан кам бўлмаган муддати ҳисобланади. Бу ҳолат жиноятларнинг қонун томонидан берилган таснифига тўғри келади.
10. Ўта хавфли рецидив жиноятнинг асосий ўзига хос белгиси бўлиб унинг ўта хавфли рецидив деб фақат суд томонидан топилишининг мустаҳкамланганлигидир. Бу қоида шундан далолат берадики, судлар ижтимоий хавфлилик ҳақиқий табиати ва даражасини аниқлашда устунликка эга бўлади ва судьялар ҳар бир муайян вазиятда иш ҳолатлари ва ўта хавфли рецидивист мақомини аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўладиган айбдор шахси ҳақидаги аниқ маълумотлардан келиб чиқишлари лозим. Илгариги судланганлик, агар у олиб ташланмаган ёки ўчмаган бўлса, ҳукмнинг кириш қисмида келтирилиши лозим. "Жиноят кодекси 77-моддасига мувофиқ, судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шунинг учун, у ҳукмнинг кириш ва тавсиф қисмларида кўрсатилмайди”. Бу нафақат ўта хавфли рецидив жиноят, балки рецидив жиноятларнинг бошқа турларига ҳам тегишлидир.
Шу билан бирга, Олий Суд Пленуми органи тушунтирадики, "олиб ташланган ёки ўчган судланганлик ҳукмнинг тавсиф қисмида фақатгина у озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсга колония турини тайинлаш учун аҳамиятга эга бўлгандагина кўрсатилиши мумкин”. "Ҳукмнинг тавсиф қисмида... айбдорни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисида ҳам асослантирилган хулосалар бўлиши керак”. Айблов ҳукмининг қарор қисмида бошқа масалалардан ташқари яна судланувчининг ўта хавфли рецидивист деб топилганлиги (башарти суд шундай қарор қабул қилган бўлса) тўғрисидаги қарор ёритилиши лозим.
11. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топиш ҳуқуқини мустаҳкамлаб туриб, шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкинлигини ҳам қайд этади. Бу шундан далолат берадики, шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишда айбдор шахсининг табиати ҳақидаги маълумотлар катта аҳамиятга эгадир, чунки бошқа давлат судининг айблов ҳукми ҳам айбдор ҳулқининг муайян ижтимоий қораланиши, ҳукм қилинишини ифодалайди. Лекин, бошқа давлатда содир этилган жиноят оғир ёки ўта оғир бўлиши билан бирга, айбдор беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлиши керак. Бундан ташқари, судлар шахснинг бошқа давлат ҳудудида содир этган жиноий жазога сазовор қилмиши ва шу билан боғлиқ уни айбдор деб топиш миллий жиноят қонунчилигига мувофиқ келиши лозимлигини ҳам назарда тутишлари керак.
12. Қонун илгари қасддан жиноят содир этган муайян шахсларга нисбатан чеклашларни мустаҳкамлайди. Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги, шунингдек қонунда белгиланган тартибда судланганлик мухлатининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланган судланганлиги инобатга олинмайди. Мазкур талаб рецидивнинг нисбатан оғирроқ турида тан олинганлиги учун у хавфли ва оддий рецидив жиноятлар ҳолатларида ҳам тан олиниши лозим.
13. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисмида жиноят қонуни суднинг шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш ваколатини кўзда тутади, еттинчи қисмида эса тушунтириладики, ўта хавфли рецидивист билан боғлиқ жиноий-ҳуқуқий оқибатлар фақатгина кейинчалик жиноят содир этиш билан тан олинади.
Суд томонидан шахсни ўта хавфли рецидивист, деб топиш бир қатор ҳуқуқий оқибатларга олиб келади:
* ўта хавфли рецидивист томонидан жиноят содир этганлик “Махсус” қисмнинг кўп моддаларида қонун чиқарувчи томонидан таснифловчи ёки алоҳида квалификация белгиси сифатида баҳоланади;
* ўта хавфли рецидивист эркаклар озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони махсус тартибли колонияларда, аёллар эса қаттиқ тартибли колонияларда ўташади;
* ўта хавфли рецидивистларга озодликдан маҳрум этиш жазоси муддатининг бир қисмини турма қамоғида сақлаш тарзида ўташ тайинланиши мумкин;
* уларга нисбатан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этишни қўллашнинг бир қанча чеклашлари белгиланиши мумкин;
* уларга нисбатан шартли равишда жазо тайинлаш, жазо муддатидан илгари шартли озод этиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш мумкин эмас;
* ўта хавфли рецидивистларга нисбатан судланганликни олиб ташлашнинг алоҳида тартиби белгиланади.
Суд томонидан тан олинган ўта хавфли рецидив Жиноят кодекси 79-моддаси иккинчи қисми асосида судланганликнинг олиб ташланиши йўли билан бекор қилиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |