189-модда. Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш
Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузиш, шунингдек, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш:
а) хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 188 ёки 190-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз эллик бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
1. Жиноят объекти фуқаро манфаатлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, савдо корхоналари, умумий овқатланиш корхоналарининг меъёрий фаолияти ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўллангандан сўнг савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузишда ифодаланади.
3. “Жиноят кодексининг 189-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164 ва 168-моддаларида жавобгарлик назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш деганда, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг бузилиши тушунилмоғи лозим. Бунда суд айбдор томонидан айнан қайси савдо қоидаси бузилганлигини кўрсатиши шарт”.
4. Жиноятни квалификация қилишда ҳар бир алоҳида вазиятда айбдор савдонинг қайси қоидасини, ушбу қоидаларнинг қайси бандини бузганлигини аниқлаш лозим. Масалан, Аҳоли билан пул ҳисоб-китобини амалга оширишда назорат-касса машиналарининг мажбурий қўлланиши тартиби ҳақидаги 1995 йил 15 февралдаги Низомга мувофиқ, ҳар бир савдо нуқтасида касса аппарати ўрнатилиши лозим, унинг йўқлиги савдо қоидаларининг бузилиши ҳисобланади.
5. 2000 йил 15 декабрдаги қонун орқали Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилганлиги ва аввал мазкур моддада назарда тутилган ЖК 187-моддасининг чиқарилганлиги туфайли, бундай қилмишларни ҳозирда ЖК 189-моддасига мувофиқ квалификация қилиш лозим. Шундай қилиб, ЖК 189-моддаси аҳолига товар сотиш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида, шунингдек, савдо ёки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахслар томонидан кам ўлчаш, кам тортиш, ҳақдан уриб қолиш ёхуд харидор ва буюртмачиларни бошқача тарзда алдаш каби ҳаракатларнинг анча миқдорда содир этилишини ҳам ўз ичига олади.
6. Кам ўлчаш - бу сотиб олувчи ёки буюртмачига товарларни уларга билдирмай тўлиқ бўлмаган миқдорда ёки ўлчовда бериш.
7. Кам тортиш - бу товарларни ҳар қандай усулда тарозидан уриб қолиш.
8. Ҳақдан уриб қолиш - бу сотиб олувчи ёки буюртмачига билдирмай товарлар ёки хизматлар учун тўланиши лозим бўлган пул маблағларини била туриб нотўғри ҳисоблаш.
9. Харидор ёки буюртмачиларни бошқа тарзда алдаш деганда, харидор ёки буюртмачиларни амалга оширилаётган битимга нисбатан янглиштиришнинг ҳар қандай усули тушунилади (товарни бир навдан иккинчи навга ўтказиш, уларни бошқа номда сотиш, товарнинг навида, миқдорида алдаш ва ҳоказолар).
10. Кам ўлчаш, кам тортиш, ҳақдан уриб қолиш ёхуд харидор ва буюртмачиларни бошқача тарзда алдаш мулкчилик шаклидан қатъи назар, аҳолига товар сотиш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарини, шунингдек, савдо ёки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган шахсларни ЖК 189-моддаси бўйича жавобгарликка тортишни келтириб чиқаради.
11. ЖК 189-моддаси 1-қисми маъмурий преюдицияга эга, яъни ЖК 189-моддаси 1-қисми бўйича жиноий жавобгарлик шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин келиб чиқади.
12. ЖК 189-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят анча миқдордаги қийматда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларининг бирон-бир банди бузилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
13. Субъектив томондан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш қасддан содир этилади. Жиноятни квалификация қилишда мотив ва мақсад аҳамиятга эга эмас.
14. Жиноят субъекти савдо ёки хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаётган ва ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс бўлиши мумкин.
15. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда ҳамда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини:
а) хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ЖК 188 ёхуд 190-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилади.
16. ЖК 189-моддаси 3-қисмида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдорда бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Агарда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш товламачилик йўли билан ҳақ беришни талаб қилиш (ЖК 214-моддаси) билан боғлиқ бўлса, айбдор ҳаракатлари жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |