186-1-модда. Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш
Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш, -
энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) кўп миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
г) хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Шарҳланаётган жиноят объекти хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятдаги манфаатлари ҳисобланади.
Жиноят предмети этил спирти, алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ҳисобланади.
2. Объектив томондан жиноят этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритишда ифодаланади.
3. Қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш - бу этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотларини қонунда белгиланган тартибда рухсат олмасдан ишлаб чиқаришдир.
4. Қонунга хилоф равишда муомалага киритиш деганда, этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотини қонунда белгиланган тартибда рухсат олмасдан сотиш, алмаштириш, қарзга тўлаш, қарзга бериш ва ҳоказоларни тушуниш лозим.
5. Жиноят этил спирти, алкоголли маҳсулот ёки тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилиши ёки муомалага киритилиши пайтидан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
6. Субъектив томондан жиноят қасддан содир этилади. Жиноят мотиви ва мақсади қилмишни квалификация қилишда аҳамиятга эга эмас.
7. Субъект ўн олти ёшга тўлган ва этил спирти, алкоголли маҳсулот ёки тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш билан шуғулланадиган ақли расо шахс бўлади.
8. Айбдорнинг ҳаракатлари: а) кўп миқдорда; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; в) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан; г) хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, ЖК 186-1-моддаси 2-қисми бўйича квалификация қилинади.
9. Этил спирти, алкоголли ёки тамаки маҳсулотнинг қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилиши ёки муомалага киритилиши: а) жуда кўп миқдорда; б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, ЖК 186-1-моддаси 3-қисми бўйича жавобгарликни келтириб чиқаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |