86-модда. Жазо тайинлаш
Суд вояга етмаганларга жазо тайинлашда жазо тайинлашнинг умумий асосларига амал қилади, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбиясини, соғлиғини, содир этган жиноятининг сабабларини, катта ёшдагиларнинг ва бошқа ҳолатларнинг унинг шахсига таъсирини ҳисобга олади.
Ўн уч ёшдан ўн олти ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсларга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида жазо тайинланганда озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддати ўн йилгача, агар содир этилган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн икки йилгача тайинланади.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вақтда жиноят содир этган шахсга нисбатан жиноятлар мажмуи тариқасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси - ўн икки йилгача муддатга, агар содир этган жиноятларнинг биттаси ўта оғир жиноят бўлса, ўн беш йилгача муддатга тайинланиши мумкин.
Жиноят содир этиш пайтида ўн уч ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларга нисбатан бир неча ҳукм юзасидан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўн беш йилдан ошмаслиги керак
Вояга етмаган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганда суд ушбу Кодекснинг 72-моддасида назарда тутилган асос ва шартлар мавжуд бўлса, шартли жазо белгилаш мумкин.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси вояга етмай туриб жиноят содир этган шахсларга жазо қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини ифодалайди. Шу билан бирга, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги жиноятчиликка қарши курашишдаги қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, одиллик, демократия ва инсонпарварлик принципларига асосланади. Вояга етмаганларга нисбатан давлат мажбурлов чораларини қўллашнинг қоидалари шарҳланаётган моддада белгиланган, бу эса жиноий жазони индивидуаллаштиришга ёрдам беради.
2. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми вояга етмаганларга нисбатан жазо тайинлашда, суд, қуйидаги ҳолатларни инобатга олиши лозимлигини мустаҳкамлайди. Ушбу келтирилган талабдан мақсад - жазонинг бирон бир турини танлашда жазо тайинлашнинг фақат умумий қоидаларига (ЖК 54-модда) эътибор бериб қолмай, балки айбланувчининг шахсини тавсифловчи ҳолатларни ҳам инобатга олиш лозимлигидир. Бунда қонун бир қатор ҳолатлар, жумладан, вояга етмаганнинг ривожланганлик даражаси, турмуш шароити ва тарбияси, саломатлиги, жиноятни содир қилиш мотиви, катта ёшдагиларнинг унга нисбатан таъсирига эътибор қаратишни белгилайди. Бу рўйхат суд томонидан жазо тайинлашда вояга етмаганнинг шахсини ҳисобга олиб, иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда енгиллаштирувчи томонга узайтирилиши мумкин.
3. Вояга етмаганнинг ривожланиш даражаси - бу ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг ақлий ривожланганлик даражаси ва унинг ёшидир. Шахснинг ривожланганлик даражаси шу ёшдаги шхсларга нисбатан нормал ҳолатда ёки бундай ҳолатда бўлмаслиги мумкин. Шахснинг ривожланганлиги: ривожланган (бу ёшдагиларга нисбатан ақлий ривожланган бўлиши) ва қолоқ (ўз ёшига нисбатан ақлий ривожланмаганлиги) бўлиши мумкин.
Шуни инобатга олиш керакки, агар вояга етмаган шахс ўз ёшига нисбатан ақлий ривожланган бўлмаса, Жиноят кодексининг 87- моддаси учинчи қисми бўйича суд унга нисбатан жазонинг ўрнига мажбурлов чорасини қўллашнинг мақсадга мувофиқлигини кўриши лозим. Вояга етмаган судланувчининг ақли норасолигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, вояга етмаганнинг ақлий ривожланишдан ортда колганлиги ёки ортда қолмагани ҳақидаги масалага аниқлик киритиш учун комплекс суд-психология экспертизаси тайинланиши лозим.
Мазкур масалаларнинг ечими экспертлар комиссияси ихтиёрига ҳавола этилиши ҳам мумкин. Бунда вояга етмаганнинг ақлий ривожланиши, унинг ёшидан нақадар ортда қолганлиги, ақли заифлиги қай даражада эканлиги ҳақидаги саволларга жавоб бериш шарт қилиб қўйилиши керак. Интеллектуал ривожланганлик даражаси ўз тенгдошларига нисбатан қолоқ бўлган вояга етмаган шахслар жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.
Ўз тенгдошларига нисбатан ақлий ривожланиш жиҳатидан анча илгарилаб кетган вояга етмаган шахсларга нисбатан, жавобгарликка тортиш ёшига етмаганлиги боис улар томонидан содир этилган қилмиш учун жиноий жавобгарлик қўлланилмайди.
4. Вояга етмаган шахснинг тарбияси ва яшаш шароити - бу ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан белгиланган, унинг яшаши, уни тарбиялашда қўлланилаётган усул ва воситалар каби ҳолатлар ҳисобланади.
Вояга етмаган шахснинг белгиланган яшаш шароити ва тарбиясини эътиборга олишда суд унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи оиланинг бошқа аъзолари билан айбланувчи шахснинг ўзаро муносабатини ҳисобга олмоғи лозим. Бундан ташқари, суд ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ота-онасининг бераётган тарбияси, моддий таъминотнинг етарли ёки етарли эмаслигини ҳисобга олмоғи лозим. Бунда, шуни эсда тутиш лозимки, жиноят ишини кўриш жараёнида, вояга етмаган шахснинг тарбиясидаги камчиликлар, унинг тарбиясига салбий жиҳатдан таъсир кўрсатиш ҳолатлари аниқланса, суд ҳар бир ҳолат юзасидан ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилмоғи лозим. Хусусан, ушбу шахслар томонидан, тарбиянинг бундай усуллари қўлланилган бўлса, яъни вояга етмаган шахснинг тарбиясига объектив негатив таъсир бўлаётгани сезилса, суд хусусий ажрим чиқариш йўли билан уларнинг иш жойига ёки яшаш жойига муносабат билдириши лозим.
5. Саломатлиги даражаси - бу нафақат вояга етмаганнинг касал эмаслиги ёки жисмоний нуқсонлари йўқлигини белгиловчи, шунингдек, унинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ҳолатнинг кўрсаткичидир.
6. Вояга етмаган шахсга нисбатан жазо тайинлашда суд жиноятнинг субъектив томонига жиддий эътибор бермоғи лозим. Хусусан, қонунда жазо тайинлаш вақтида жиноятнинг мотивини ҳисобга олиш зарурлиги белгиланган.
7. Вояга етмаган шахсларга катта ёшдагиларнинг таъсири қонунда алоҳида ҳолат сифатида ажратилган бўлиб, бу вояга етмаган айбланувчининг шахсини тавсифлайди ва суд томонидан жазо тайинлаш вақтида ҳисобга олинади. Вояга етмаганларнинг катта ёшлилар иштирокида содир этган жиноятлари ҳақидаги иш кўриб чиқилаётганда, катта ёшдаги шахс ва ўсмир ўртасидаги ўзаро муносабатлар хусусиятини синчиклаб аниқлаш лозим, чунки, ана шу маълумотлар катта ёшли кишининг вояга етмаганни жиноят ёки ғайриижтимоий ҳаракат содир этишга жалб қилишдаги ролини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Ўн саккиз ёшга тўлган ва жиноятни қасддан содир этган шахсларгина вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатги-ҳаракатларга жалб қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек катта ёшдаги киши ўз ҳаракатлари билан вояга етмаган шахсни гайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилаётганини билгани ҳолда ёки шундай фикрга йўл қўйгани ҳам аниқланиши лозим. Агарда катта ёшдаги киши шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилсаю, унинг вояга етмаганлигини билмаса ёки билиши мумкин бўлмаса, бу ҳолда ЖКнинг 127-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас.
Агар вояга етмаган шахснинг жиноят содир этишига катта ёшдагиларнинг, шу жумладан, иш юзасидан жабрланувчи, -деб, эътироф этилган шахсларнинг ғайриқонуний ёки ёмон хулк-атвори сабаб бўлган бўлса, суд бу ҳолатни жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб эътироф этиши, шунингдек зарур ҳолда хусусий ажрим чиқариб, қайд этилган шахсларнинг иш ёки яшаш жойларига муҳокама қилиш учун юбориши лозим.
8. Вояга етмаганларга таъсир қилувчи ва суд томонидан инобатга олиниши лозим бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради: вояга етмаган шахснинг ёши, содир этган жиноятидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, айбини бўйнига олганлиги, жиноятни очишга ёрдам берганлиги, жиноятни оилавий ёки шахсий оғир аҳволидан келиб чиқиб содир этганлиги кабилар. Бу ҳолатларнинг барчаси суд ҳукмида кўрсатилиши керак.
Бундан ташқари қонун чиқарувчи, инсонпарварлик тамойилига асосланиб, вояга етмаган судланувчининг болалик шўхлиги туфайли бировга озор етказиши билан жинояти ўртасидаги аниқ чегарани билмаслиги, у ёки бу ахлоқий эстетик чегараларни аниқ тасаввур қила олмайдиган ёшда эканлигини эътиборга олиши зарур.
9. Жиноят кодексининг 86-моддаси иккини ва учинчи қисмидв вояга етмаганларга бир қанча жиноятлар учн жазо тайинлаш назарда тутилади. Вояга етмаганларга бир қанча жиноятлар учун жазо тайинлашда катталарга жазо тайинлашдан фарқли равишда жавобгарликка тортилаётган шахснинг ёши (13 ёшдан 16 ёшгача, 16 ёшдан 18 ёшгача), шунингдек, вояга етмаганларга тайинланиши мумкин бўлган жазонинг юқори чегараси ҳисобга олинади. Вояга етмаганларга жиноятлар мажмуи бўйича жазо тайинлашда суд Жиноят кодексининг 59-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилиш лозим. Аммо жиноят учун охирги жазо чораси Жиноят кодексининг 86-моддасига мувофиқ тайинланиши керак.
10. Жиноят кодексининг 86-моддаси тўртинчи қисмида суд томонидан вояга етмаганларга нисбатан бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинланганда озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори чегараси белгиланган. Ўн саккиз ёшга тўлган шахслар томонидан содир этилган жиноят учун жазо тайинлаш қоидалари Жиноят кодексининг 60-моддасида кўрсатилган.
11. ЖК 86-модда бешинчи қисмида вояга етмаган шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганда суд шартли жазо белгилаши мумкинлиги кўрсатилган. Вояга етмаган шахсларга нисбатан шартли жазо қўллаш ЖК 72-моддасида назарда тутилган катта ёшдаги шахсларга нисбатан шартли жазо қўллаш тартиби билан айнан бир хилдир. Шуни айтиб ўтиш лозимки, вояга етмаганларга нисбатан қўлланадиган жазонинг асосий мақсади ва вазифаси маҳкумни тузатиш, қайта тарбиялаш ҳамда жиноятчиликнинг умумий ва махсус олдини олишдан иборатдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |