83-модда. Ахлоқ тузатиш ишлари
Ахлоқ тузатиш ишлари фақат меҳнатга лаёқатли вояга етмаганларга нисбатан ўз иш жойида ўташ, айбдор ҳеч қаерда ишламаса, ушбу жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган ўзи яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ тариқасида бир ойдан бир йилгача муддатга тайинланади.
Вояга етмаган шахс тайинланган ахлоє тузатиш ишларининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд бу жазонинг ўталмаган қисмини ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч кунини қамоқнинг бир кунига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, қамоқ жазоси билан алмаштиради, аммо бу муддат уч ойдан ошмаслиги керак.
1. Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддаси вояга етмаган судланувчиларга нисбатан тайинланадиган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини назарда тутади. Аҳлоқ тузатиш ишлари Жиноят кодексининг 83-моддасида назарда тутилган ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан махсус шартлар асосида қўлланилади.
Ахлоқ тузатиш ишлари - бу маҳкумни суд ҳукми билан белгиланган муддатга мажбурий равишда меҳнатга жалб қилиб, унинг иш ҳақидан давлат фойдасига муайян миқдорда фоиз ундириш тариқасидаги жазо чорасидир. Шуни айтиш керакки, аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаш шартларидан бири, бу албатта ҳар бир ҳолатда шу жазони тайинлашда, суднинг ҳаракатлари ҳисобланади. Хусусан, ҳукм чиқаришдан олдин жазо турларидан бирини танлаш, жарима тўлашдан бўйин товлаганлик учун жазони ЖКнинг 82-моддаси тартибида бошқа жазо билан алмаштириш ёки ЖКнинг 57-моддасига кўра енгилроқ жазо тайинлаш.
2. Мазкур жазо вояга етмаганларни меҳнатга жалб қилиш билан тузатиш ва қайта тарбиялашга қаратилгандир. Вояга етмаганларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишларини қўллашнинг қуйидаги шартлари мавжуд:
* субъектив таркибнинг қатъий чекланганлиги;
* жазони қўллаш муддати.
3. Қонунга кўра аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси фақат меҳнатга лаёқатли шахсларга нисбатан қўлланилади.
Меҳнатга лаёқатлилик - бу шахснинг меҳнат қила олиш қобилиятига эга эканлигидир. Умумий қоидага кўра, шахс ўн олти ёшга тўлгандан сўнг меҳнатга лаёқатли ҳисобланади. Ўн олти ёшга тўлмаганлар қуйидаги ҳолларда меҳнат шартномаси асосида меҳнатга жалб қилиниши мумкин:
* ўн беш ёшга тўлган шахслар ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг ёзма розилиги билан ишга қабул қилиниши;
* ёшларни меҳнатга тайёрлаш мақсадида умумтаълим мактаблари, касб - ҳунар техника билим юртлари ва ўрта махсус ўқув юртларининг ўқувчиларини ўн тўрт ёшга тўлганларидан кейин ота-онасидан бири ёки улар ўрнини босувчи шахснинг розилиги билан болаларнинг соғлигига зиён етказмайдиган ва таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишларни ўқишдан бўш вақтларида бажариш учун ишга қабул қилинишига йўл қўйилади.
Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашда суд айбланувчининг меҳнат мажбуриятларини бажара олишини аниқлаши, агар ушбу жазони бажаришга шахснинг хоҳиши бўлмаса жазо қўллашнинг самараси бўлмаслигини эътиборга олмоғи лозим. Суд ахлоқ тузатиш ишларининг тури ва миқдорини белгилашда бу судланувчининг соғлиғи ва ўқиш жараёнига ушбу жазонинг таъсир этишини ҳисобга олиши зарур.
4. Вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишларининг муддати бир ойдан бир йилгача белгиланиши мумкин. Жиноят қонунининг ушбу белгилаган талабига риоя этмаслик қонунни қўпол равишда бузиш деб топилади ва ҳукмни бекор бўлишига олиб келади. Шуни айтиш керакки, вояга етмаган шахсларга нисбатан тайинланадиган ахлоқ тузатиш ишларининг муддатига Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларининг санкцияларида белгиланганидан қатъи назар судлар томонидан сўзсиз риоя этилиши шарт. Бунда икки ҳолат назарда тутилиши мумкин:
* агар муайян бир жиноятни содир этганлик учун тайинланган модданинг санкциясида ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг кам муддати кўрсатилган бўлса, бундай ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг муддати белгиланган модда санкциясидаги энг кам муддатдан кам бўлиши мумкин эмас. Агар санкция шарҳланаётган моддада кўзда тутилган максимал чегарадан ошса ахлоқ тузатиш ишларининг муддати ЖКнинг 83-моддасида кўрсатилган бир йил муддатга тенглаштирилади. Модданинг санкцияси вояга етмаган шахсга нисбатан тайинланадиган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг энг кўп муддат кўрсатилган Жиноят кодекси Махсус қисмининг аниқ моддаси талабларидан келиб чиқади.
* ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган модданинг санкциясида фақат энг кўп муддат кўрсатилган бўлса ва бу муддат шарҳланаётган моддада кўрсатилган муддатдан юқори бўлса, унда вояга етмаган шахсга нисбатан тайинланадиган ахлоқ тузатиш ишлари муддати ЖКнинг 83-моддаси талаби доирасида бўлиши лозим. Вояга етмаганларга нисбатан қўлланиладиган ахлоқ тузатиш ишларининг ўзига хослиги қуйидагиларда кўринади:
* ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахс иш ҳақининг бир қисми давлат бюджетига ўтказилади;
* ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган шахснинг ишлаган вақти меҳнат стажига киритилмайди;
* ахлоқ тузатиш ишини ўташ даврида узлуксиз меҳнат учун бериладиган қўшимча иш ҳақи тўланмайди.
5. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмига кўра вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишларининг икки тури тайинланиши мумкин:
* маҳкумнинг иш жойида ўтаттириш;
* жазонинг ижросини назорат қилувчи орган белгилаб берадиган, лекин вояга етмаган маҳкум яшайдиган жойда ўтаттириш;
Шунга эътиборни қаратиш керакки, вояга етмаган шахсга нисбатан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси агар вояга етмаган шахс ҳукм чиқарилгунга қадар ҳеч қаерда ишламаса жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар белгилаган вояга етмаган шахс яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ мумкин. Бундай ҳолда вояга етмаган шахснинг меҳнат мажбуриятларини бажариши аҳамиятга эга эмас, мисол учун, у дастлабки тергов вақтида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган бўлса ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсиз деб топилса ва бошқалар. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаган вояга етмаган шахс яшайдиган ҳудуддаги корхона, муассаса ва ташкилотларда амалга оширилади.
6. Вояга етмаган шахсга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашда суд жазонинг тури (жазони ўз иш жойида ёки жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаган вояга етмаган шахс яшайдиган ҳудуддаги бошқа жойларда ўташ) ва муддатига, шунингдек судланувчининг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган сумма миқдорига эътиборни қаратиши лозим, бу мезон жазонинг инсонпарварлик принципига асосан тайинланганлигини кўрсатади (Маҳкумнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш тўғрисида тўлиқроқ ЖКнинг 46-моддаси шарҳига қаранг).
7. Вояга етмаган шахсларга нисбатан, суд, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлашда вояга етмаган шахсга юклатилган ёки юклатилиши мумкин бўлган меҳнат мажбуриятларига эътибор қаратиши керак. Вояга етмаган шахс ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётганда унинг ҳаракатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни ноқулай меҳнат шароити, шунингдек, ер ости ва бошқа соғлигига сезиларли даражада хавф солиши мумкин бўлган ишларга жалб қилиш таъқиқланади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган нормадан ортиқ юк кўтариш ва ташиши ман этилади. Вояга етмаган шахслар учун белгиланган иш кунининг давом этиш муддати ахлоқ тузатиш ишлари жазонинг ўталиши муддатига таъсир кўрсатмайди: вояга етмаган шахслар учун тўланадиган ҳақ миқдори иш кунининг давомийлигидан қатъи назар ўн саккиз ёшга тўлган шахсларнинг иш кунига тенгдир.
8. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмига кўра вояга етмаган шахс тайинланган ахлоқ тузатиш ишларининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд, бу жазонинг ўталмаган қисмини ахлоқ тузатиш ишларининг ҳар уч кунини қамоқнинг бир кунига тенглаштирган ҳолда ҳисоблаб, қамоқ жазоси билан алмаштиради, аммо бу муддат уч ойдан ошмаслиги керак.
Белгиланган қамоқ жазосининг муддати уч ойдан ошмаслиги керак. Бунда Жиноят кодекси Махсус қисми муайян моддасининг санкциясида қамоқ жазоси ва унинг муддати назарда тутилган тутилмаганлигининг аҳамияти йўқ. Суд ахлоқ тузатиш ишлари жазосини бошқа жазога алмаштираётганда, бу қоида билан боғланиши шарт эмас (Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан бўйин товлаш ва уни бошқа жазолар билан алмаштириш ҳақида тўлароқ ЖКнинг 46-моддаси шарҳига қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |