44-модда. Жарима
Жарима айбдордан давлат даромадига ушбу Кодексда белгиланган миқдорда пул ундиришдир.
Жарима энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан олти юз бараваригача миқдорда белгиланади.
Агар маҳкум жазо тариқасида тайинланган жаримани тўлашдан уч ой мобайнида бўйин товласа, суд жариманинг тўланмаган миқдорини ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки қамоқ тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Бундай ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари ёки хизмат бўйича чеклаш жазосининг ҳар бир ойи энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдордаги жаримага тенглаштирилиб, уч йилдан кўп бўлмаган муддатга тайинланади. Қамоқнинг ҳар бир ойи эса, энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдоридаги жаримага тенглаштирилиб, бир ойдан кўп бўлмаган муддатга тайинланади.
1. Жарима давлатнинг мажбурлов чораси сифатида айбдорга иқтисодий таъсир кўрсатиш орқали жиноят содир этган шахснинг мулкий ҳуқуқларини чеклашдан иборатдир.Шунинг учун ҳам жарима жазо тизимида кўрсатилган жазо чораларининг энг енгили ҳисобланади. Унинг қўлланиши қонун чиқарувчи ва суд амалиёти томонидан жазо мақсадига эришишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида қаралади. Жарима тегишли модда муқобил жазо чораси сифатида санкцияда кўрсатилган бўлса, уни тайинлаш орқали айбдорнинг мулкий манфаатларига таъсир кўрсатилиб, жазонинг мақсадига эришиш мумкин бўлган тақдирдагина жарима қўлланилади.
2. Амалдаги Жиноят кодексига мувофиқ, жарима фақат пул ундириш ҳисобланади. Давлатнинг ушбу мажбурлов чорасини қўллаш ҳақидаги суд ҳукмида жариманинг аниқ миқдори кўрсатилиши лозим. Бунда жариманинг миқдори ҳукм чиқарилаётган вақтдагисига қараб эмас, балки жиноят содир этилган вақтдаги энг кам ойлик иш ҳақи миқдорига қараб белгиланади.
3. Қонун жариманинг энг кам ва энг кўп миқдорини яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан 600 бараваригача бўлган миқдордир, суд ушбу доирадагина жазо тайинлаши мумкин. Агар Жиноят кодексининг Махсус қисми муайян моддаси санкциясида жарима жазосининг минимал миқдори кўрсатилмаган бўлса, Жиноят кодексининг 44-моддасида белгиланган минимл миқдордан кам миқдорда жарима белгиланиши мумкин эмас.
4. Жарима жазоси миқдори жиноятнинг оғирлик даражаси ва судланувчининг моддий аҳволидан келиб чиқиб белгиланади
Судланувчининг моддий аҳволини баҳолашда қуйидаги мезонлар ҳисобга олиниши лозим:
*онун билан таъқиқиланмаган ҳар қандай манбадан оладиган даромадлари. Бундай даромадларга иш ҳақи, мулкий даромадлар, тадбиркорлик фаолиятидан оладиган даромадлар киради;
* судланувчига мулк ҳуқуқи асосида, хўжалик юритув асосида, оператив бошқарув асосида, шунингдек, ижарага олиш асосида тегишли мол-мулк;
* унинг қарамоғидаги шахслар, масалан, вояга етмаган фарзандларининг мавжудлиги;
* судланувчининг мулки бўйича учинчи шахслар олдидаги мажбурияти. Судланувчининг алимент тўлаши, зарарни қоплаши, солиқ тўлаши ва бошқа ҳолатлар. Мазкур кўрсатиб ўтилган ҳолатлар қатъий бўлмай, суд жарима жазосини тайинлашда бошқа ҳолатларни ҳам ҳисобга олиши мумкин.
5. Суд Жиноят кодексининг тегишли моддалари санкциялари доирасида жариманинг аниқ миқдорини тайинлаш ҳақидаги масалани ҳал этар экан, жарима миқдори жазони индивидуаллаштиришга имкон берувчи мезон ҳисобланадиган ҳолатга алоҳида эътибор бериши керак.
Суд маълум бир миқдордаги жаримани тайинлаётганда судланувчининг иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб тайинлаши лозим.
6. Жарима уч ой муддат ичида тўланиши лозим. Акс ҳолда суд томонидан маҳкумнинг жазонинг ушбу турини бажаришдан бош тортганлиги тўғрисидаги масала ҳал этилиши керак. Суд қуйидагиларни жаримани ижро этишдан бош тортиш, деб топиши мумкин:
* жаримани тўлаш мумкин бўлмаган ҳолатлар суд томонидан узрли, деб топилмаган бўлса;
* Ўзбекистон Республикасининг “Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, қўлланилган мажбурий ижро этиш жиноят содир этган шахснинг даромадлари ва бошқа мулкларини яшириши сабабли мумкин бўлмаса.
Узрли сабабларга кўра, жаримани тўламаганлик шунингдек, агар уни тўлаш Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддаси тартибида суд томонидан кечиктирилган ёки муддати узайтирилган бўлса, жазони ижро этишдан бўйин товлаган деб ҳисобланмайди. Жаримани тўлаш учун маблағнинг бўлмаслиги, соғлигининг ёмонлашганлиги. узоқ муддатли хизмат сафари ва бошқалар узрли сабаблар деб топилади.
Даромадни яшириш деганда даромадларнинг бир қисми ёки айримларини бошқа шахсларга қайта расмийлаштириш, иш ҳақи миқдори тўғрисидаги ҳужжатларни сохталаштириш ёки йўқ қилиш каби ҳаракатлар даромадларни яшириш деб ҳисобланиши мумкин. Мажбурий ундиришга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулкни яширишга уни ижро органига номаълум бўлган жойга жойлаштириш, камомад, мол-мулкини ёки унга эгалик ҳуқуқини бегоналаштириш ва бошқаларни киритиш мумкин.
7. Маҳкумнинг жазони ижро этишдан бўйин товлаши факти аниқланган ҳолатда, ҳукм чиқарган суд жарима жазосини ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки қамоқдаги жазоларнинг бири билан алмаштириши мумкин. Жарима жазосининг бирон-бир қисмини бошқа турдаги жазо билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Жазонинг ижро этилмаган қисми тўлиқ миқдорда бошқа жазо билан алмаштирилади. Жарима жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилишига йўл қўйилмайди. Шу билан бир вақтда, жариманинг фақат тўланмаган қисмига алмаштиришга йўл қўйилмайди, яъни, мазкур жазони ижро этиш бўйича бош тортишда ижро этилган қисми бошқа жазога тўлалигича алмаштирилиши керак (масалан, жарима тўланмаган ҳолда у аҳлоқ тузатиш билан алмаштирилиши мумкин; тўланмаган қисмига нисбатан жариманинг фақат қолган қисми аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштиришда маҳкум уни қайта ижро этишга йўл қўйилмайди).
Шуни назарда тутиш керакки, жарима кўринишидаги жазо ижро этилганда асло уни озодликдан маҳрум этиш билан алмаштирилмайди. Жариманинг қолган қисми аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштирилганда маҳкум уни қайта ижро этишига йўл қўйилмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |