I боб. Жиноят Кодексининг вазифалари ва принциплари


-модда. Ахлоқ тузатиш ишлари



Download 6,47 Mb.
bet46/305
Sana23.02.2022
Hajmi6,47 Mb.
#157285
TuriКодекс
1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   305
Bog'liq
ЖК шархлар.

46-модда. Ахлоқ тузатиш ишлари
Ахлоқ тузатиш ишлари шахс иш ҳақининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган холда уни меҳнатга мажбуран жалб қилишдан иборат бўлиб, жазо суднинг ҳукмига мувофиқ маҳкумнинг ўз иш жойи ёки мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган бошқа жойларда ўталади.
Ахлоқ тузатиш ишлари олти ойдан уч йилгача муддатга тайинланади.
Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсизларга, ҳомиладор аёлларга, ёш боласини боқиш учун таътилда бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўтишдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди.


1. Аҳлоқ тузатиш ишлари ўзида жиноий жазонинг кенг тарқалган турларидан бири бўлиб, жиноий жазо мақсадига эришиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатади. Мазкур жазо турининг моҳияти шундан иборатки, жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда мажбурий меҳнатга жалб қилиш орқали аввалги иш жойида ва доимий яшаш жойида меҳнат жамоаси ёрдамида тарбиявий таъсир кўрсатишда ифодаланади. Натижада маҳкум жамият аъзолари билан ижтимоий алоқаларни сақлаб қолиш билан бирга, мазкур жазо турининг ўзига хос оғирлик жаҳатларини ҳис этади ва бошидан ўтказади. Ахлоқ тузатиш ишлари ва бошқа турдаги озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий жазо чораларини қўллаш судланганларга ахлоқан тузатишнинг самарали усуллардан бири эканлигини кўриш мумкин.
2. Мазкур жазо асосий жазо тури ҳисобланиб, фақат жиноят кодексининг Махсус қисми тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган ҳолларда қўлланилади.
Шу билан бир вақтда аҳлоқ тузатиш ишлари қуйидаги ҳолларда:
1) ахлоқ тузатиш ишлари енгилроқ турдаги жазони қўллаш тартибида Жиноят кодексининг 57-моддасига мувофиқ қўлланилиши мумкин;
2) айбдор жарима жазосини ижро этишдан бўйин товлаган ҳолда жазонинг ижро этилмаган қисми Жиноят кодексининг 44-моддасига мувофиқ алмаштирилганда;
3) Жиноят кодексининг 74-моддасига кўра, озодликдан маҳрум этиш жазосининг ўталмай қолган қисмини енгилроқ турдаги жазо билан алмаштирганда қўлланилади.
3. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ, аҳлоқ тузатиш ишларининг икки тури кўрсатилган:
- маҳкум жазони ўзи ишлаб турган жойда ўтайди;
- жазони жазо ижросини назорат қилувчи орган белгилаб берган жойда ўтайди. Шуни эътиборга олиш лозимки, шарҳланаётган моддадаги “иш” тушунчасининг мазмун моҳияти фақат меҳнат шартномаси бўйича амалга ошириладиган фаолияти билан чегараланмайди, балки мустақил тарзда (ташаббус) амалга оширадиган фаолияти (масалан, тадбиркорлик фаолияти) тушунилади.
Умуман олганда, маҳкумни тарбиялаш нуқтаи назаридан жазони ўзи ишлаб турган жойида белгилаш мақсадга мувофиқдир. Жазони ижро этиш жойи Жиноят кодекси татбиқ этиладиган турли мулк шаклларидаги корхона, муассаса ва ташкилот бўлиши мумкин. Шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга (“Нодавлат, нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги) хусусан, Меҳнат кодексига асосан тартибга солинадиган корхона, муассаса ва ташкилотлар киради.
4. Маҳкумни илгариги ишлаб турган жойида ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташга нисбатан мазкур жазо ижросини назорат қилувчи органлар белгилаб берадиган жойларда ўташи оғирроқ ҳисобланади. Бундан ташқари мазкур жазо турини тайинлаш маҳкумни яхши томонга тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Шуни ҳисобга олиб, судлар ахлоқ тузатиш ишлари жазосини маҳкумнинг олдинги иш жойи бўйича тайинлашни кенгроқ қўллашлари керак. Шу билан бир вақтда судлар, хизмат ёки касб вазифаси билан боғлиқ бўлган жиноят содир этган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўз иш жойида илгариги хизмат мансабида ёки касбида ўташни, қўлламасликлари мақсадга мувофиқ, чунки айбдорни ўз иш жойида қолдириш жазонинг тарбиявий аҳамияти ва таъсир этиш кучини сусайтириши мумкин.
5.Ҳукм чиқариш вақтида ҳеч қаерда ишламаган ёки доимий иш жойи бўлмаган шахсларга ахлоқ тузатиш ишлари умумий асосларда ўташ тартиби белгиланган. Шу билан бирга мазкур шахслар ана шу иш жойидаги меҳнат фаолиятидан бўйин товлай олмайдилар. Бундай ҳолатда маҳкум жазо ижросини назорат қилувчи органнинг расмий ёзма рухсатисиз, меҳнат муносабатларини ўз ташаббуси билан тўхтатишга ҳақли эмас.
6. Шуни қайд этиш керакки, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаш бир йўла эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш ёхуд бўшатиш билан боғлиқ эмас. Судланганлик фактининг ўзи маҳкумни эгаллаб турган лавозимидан четлаштиришга ёки бошқа ишга ўтказишга асос бўла олмайди. Лавозимидан четлаштириш фақат суднинг ҳукми бўйича муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш муносабати билан ёхуд жиноятни содир этиш эгаллаб турган лавозими билан боғлиқ бўлган ҳолатлардагина амалга оширилиши мумкин. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкумга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари татбиқ қилинади, шунингдек, эгаллаб турган лавозимидан четлаштириш бошқа ишга ўтказиш орқали иш берувчи томонидан амалга оширилади. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташ маҳкумнинг яшаш жойи билан бевосита боғлиқдир.
7. Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазонинг муҳим шарти бу иш ҳақидан давлат бюджетига жазони ўташ муддати давомида ҳар ойда асосий иш жойидаги иш ҳақидан муайян миқдордаги суммани ушлаб қолинишидир. Жазонинг мазкур турини тайинлашда суд ҳукмда ушлаб қолиш миқдорини албатта кўрсатиши керак, бусиз у жиноят қонунига мувофиқ эмас деб топилиб бекор қилинишига олиб келади.
Ушлаб қолинадиган миқдор жиноят қонуни томонидан олинадиган иш ҳақи суммасига нисбатан фоиз ҳисобида, 10 фоиздан 30 фоизгача доирада белгиланади, шуни қайд этиш керакки, иш ҳақининг давлат фойдасига ўтказилиши лозим бўлган муайян бир қисмини белгилашда суд жазони индивидуаллаштириш тўғрисидаги қонун талабларига риоя қилиши керак. Айбдорларга ахлоқ тузатиш иши жазосини тайинлаш чоғида, судлар унинг муддати ва иш ҳақидан чегириш миқдори масаласини жазо тайинлашда алоҳида ёндашиш зарурлиги тўғрисидаги қонун талабига риоя этган ҳолда белгилашлари керак. Жумладан, судланувчиларнинг, айниқса корхоналар, муассасалар, давлат ва жамоа хўжаликларида ишловчи вояга етмаган шахсларнинг моддий шароитларини чуқур текширишлари лозим.
Ахлок тузатиш иши жазосини тайинлашда унинг муддати, ушлаб қолинадиган миқдор фоизи олдин ҳар бир модда бўйича алоҳида- алоҳида, сўнгра уларнинг мажмуи бўйича кўрсатилади.
8. Ахлоқ тузатишга ҳукм қилинганлар иш ҳақидан давлат бюджетига суд томонидан ўрнатилган миқдорда жазони ўташ муддати давомида ҳар ойда асосий иш жойидаги иш ҳақидан ушлаб қолинади. Шуни назарда тутиш керакки, шарҳланаётган модда мазмунидаги иш ҳақи деганда маҳкумнинг фақат меҳнат фаолияти натижасида олинган иш ҳақигина эмас, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятидан келадиган даромад, стипендия, грант ва бошқалар ҳам тушунилади.
Шу билан бирга, ушлаб қолиш ижро ҳужжатлари бўйича маҳкумга нисбатан иш ҳақининг жами суммасидан келиб чиқилади. Маҳкумнинг иш ҳақидан ушлаб қолинаётганда унинг пул ва натура қисми ҳисобга олинади.
Шунингдек, давлат фойдасига пенсия, ижтимоий ёрдам сифатида оладиган тўлов, ижтимоий суғурта ва бошқа иш ҳақига кирмайдиган тўловлар ушлаб қолинмайди.
9. Мазкур жазо ижро этилиши даврида маҳкумнинг моддий таъминоти жиддий ёмонлашган ҳолларда жазо ижросини назорат қилувчи инспекция, маҳкумнинг ўзи, шунингдек шахс жазони ўтаётган корхона, муассаса ёки ташкилот маъмурияти ушлаб қолиш миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилишлари мумкин. Бундай қарор маҳкумнинг барча даромадларидан келиб чиқиб белгиланади.
10. Шарҳланаётган турдаги жазо муддати муҳим элементлардан биридир. Суд ҳукмида муддатнинг кўрсатилмаслиги ҳукмни бекор бўлишига асос бўлиши мумкин. Шунинг учун судлар аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси муддатининг энг кам ва энг кўп чегараси ҳамда унинг тегишлигига қараб олти ой ва уч йилни ташкил этишини назарда тутиб, муддатини албатта кўрсатиши керак. Шунинг учун, унинг аниқ бир муддатини белгилашда қилмишнинг хусусиятидан, айбдорнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда, хусусан, корхона, ташкилот, фермер хўжаликларида, шунингдек, муассасаларда ишловчи судланувчиларнинг моддий шарт-шароитларини синчиклаб аниқлаши даркор.
11. Аҳлоқ тузатиш ишлари муддати маҳкум ишлаган ва унинг иш ҳақидан ушлаб қолинган давр мобайнидаги йиллар, ойлар, кунлардан келиб чиқиб ҳисобланади. Маҳкум доимий яшаш ва иш жойига эга бўлмаган тақдирда жазо ҳукм чиқарган суд жойлашган ҳудуддаги жазони ижро этиш инспекцияси белгилаб берган жойда ижро этилади, маҳкум ишлаб берган кунлар суд томонидан белгиланган жазо муддатининг ҳар ойига тўғри келадиган иш кунлари миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Агар маҳкум ана шу миқдордаги иш кунларини ишлаб бермаган бўлса ва ишланмаган кунларини жазо муддатига қўшиб ҳисоблаш учун асослар мавжуд бўлмаса, ахлоқ тузатиш ишларини ўташ маҳкум белгиланган ишларни тўлиқ ўтаб бергунга қадар давом этади. Ишбай асосида фаолият юритадиган корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаётган маҳкумларнинг жазони ўташ муддати иш соатларини нормал миқдорига амал қилинган ҳолда, ҳисобга олинадиган даврдаги иш вақти муддатидан келиб чиқиб ҳисобланади.
Маҳкум ишламаган, аммо қонунга мувофиқ унинг ишсиз деб топилган вақт ахлоқ тузатиш ишларини ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.
Аҳлоқ тузатиш ишлари муддатини тўғри ҳисоблаш маҳкумнинг уни ижро этишдан бўйин товлаганда жазонинг ўталмаган қисмининг алмаштириш ҳолларида ёхуд бир неча жиноят билан боғлиқ бўлган ҳукмлар бўйича жазо тайинлаш пайтда катта аҳамиятга эга.
12. Шарҳланаётган модданинг тўртинчи қисми маҳкумнинг жазони ижро этишдан бўйин товлаган ҳолларда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини алмаштиришни назарда тутади. Жазонинг ижроси жиноят ижроия қонуни билан тартибга солинади. Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган қисмини шу муддатдаги озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазоси билан алмаштиради. Шундай қилиб, аҳлоқ тузатиш ишлари жазонинг бир тури-озодликдан маҳкум қилиш билан алмаштиришга йўл қўйилади. Бошқа жазо турларига алмаштириш жиноят қонунида назарда тутилмаган. Шуни назарда тутиш керакки, ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилганда унинг бир қисмини алмаштиришга йўл қўйилмайди, яъни у тўлиқ миқдорда алмаштирилиши лозим.
Жазони жарима жазосини ўтамаганлиги учун алмаштириш тариқасида тайинланган аҳлоқ тузатиш ишларини ўташдан бўйин товлаганда озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштиришга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда аҳлоқ тузатиш ишлари ЖКнинг 44-моддаси қоидалари бўйича қамоқ жазоси билан алмаштирилади (бу ҳақда батафсилроқ ЖКнинг 44-моддаси шарҳларига қаранг).
13. Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳкум қилиш жазосига алмаштириш, маҳкум аҳлоқ тузатиш давомида унинг бўйин товлаган вақтининг умумий миқдори жазо тайинланган жами муддатининг ўндан бир қисмидан кўпроғини ташкил этгандагина амалга оширилиши мумкин. Тайинланган жами муддатнинг ўндан бир қисмидан кўпроқ жазони ижро этишдан бўйин товлаганда йўл қўйиладиган ҳолатдаги қонун кўрсатмаси шуни уқтирадики, маҳкум жазони ўташдан бўйин товлаган даврни белгилашда суд ва жазони ижро этиш органлари узлуксиз мезонларга алоқадор эмас. Аҳлоқ тузатиш ишларидан бўйин товлаш мазкур жазони ўташнинг бутун муддати давомида мунтазам амалга оширилиши мумкин, бу жазони озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштиришга тўсқинлик қилмайди.
14. Шуни назарда тутиш керакки, ЖК 46-моддасининг шарҳланаётган қисми мазмунига кўра, ахлоқ тузатиш ишига маҳкум этилган шахс жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд ахлоқ тузатиш ишининг ўталмаган муддатини шу муддатга озодликдан маҳрум этиш билан алмаштириши мумкин. Бунда Жиноят кодексининг айбдор судланган моддаси санкцияси алмаштирилиши лозим бўлган ахлоқ тузатиш иши муддатидан кам озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутишининг ёки умуман озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутмаслигининг аҳамияти йўқ.
15. Маҳкумнинг аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташдан бўйин товлаганлиги ҳақидаги масалани ҳал этишда у атайин қилинганлиги, айнан жазони ижро этишдан бўйин товлашга қаратилганлигига эътибор бериш керак. Бўйин товлашнинг муҳим шарти узрли сабабларга боғлиқ бўлмаганлигидир. Суд амалиётига кўра маҳкумнинг рўйхатга олинган ёки аввалги иш жойини қолдирган кундан бошлаб 15 кун ичида узрсиз сабаблар билан ишга кирмаслиги янги яшаш жойтга кўчиб келгандан сўнг 15 кун ичида узрсиз сабабларга кўра ахлоқ тузатиш ишининг ижросини назорат қилувчи органларга учрамаслиги, тайинланган жазо муддати давомида муттасил тарзда узрсиз сабаб билан ишга чиқмаслиги ёки иш жойида маст ҳолда бўлиши уни ахлоқ тузатиш ишларини ўташдан бўйин товлаган деб ҳисоблаш учун асос бўлади.
Маҳкумнинг жазони ўташдан бўйин товлаши келгусида қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги унга огоҳлантирилган бўлиши шарт.
16. Аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ички ишлар органлари томонидан киритилган тақдимнома ёки жамоат бирлашмасининг илтимосига асосан ЖПКнинг 539-моддасида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
17. Шуни эътиборда тутиш керакки, жазони ўташ учун маҳкумни озодликдан маҳрум қилиш жойига жўнатиш масаласини ҳал этишда, суд ахлоқ тузатиш ишлари ижросини назорат қилувчи орган томонидан кўрилган чоралар ҳақидаги, яъни жазо ижросини таъминлашда, маҳкумнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ жазони ўташдан бўйин товлаганлиги учун жавобгарлик тўғрисида унинг огоҳлантирилганлиги ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлиши керак.
ЖПКнинг 541,542-моддаларига мувофиқ, аҳлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш масаласи, маҳкумнинг иштирокидаги суд мажлисида кўриб чиқилиши лозим. Истисно ҳолатида, иш бўйича маҳкум яширинган ёхуд судга келишдан бўйин товлаганлиги ҳақида етарлича маълумотлар бўлганда суд томонидан ушбу масала ҳал қилиниши мумкин.
18. Аҳлоқ тузатиш ишларининг ижро этилмаган қисмини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ҳукмни ижро этиш тартибида амалга оширилаётганлигини эътиборга олиб, маҳкум жазони алмаштиришда айнан аҳлоқ тузатиш ишлари кўринишидаги жазо тайинланган шахс сифатида кўриб чиқилиши лозим. Бу унинг озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги алмаштирилган жазо мазкур шахс томонидан содир этилган жиноятнинг оғирлигидан, шунингдек рецидив хатти-ҳаракатлар бўлишидан қатъи назар махсус колонияларда амалга оширилиши керак.
19. Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми қоидаларига мувофиқ, аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси маҳкумнинг меҳнатга мажбурий жалб этилишни талаб қилади. Ахлоқ тузатиш ишлари жазоси фақат меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган шахсларга қўлланиши мумкин. Шундай қилиб, мазкур жазо меҳнат фаолиятини объектив шарт-шароитларга кўра амалга ошира олмайдиган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин эмас. Ахлоқ тузатиш ишлари пенсия ёшига етганларга, меҳнатга қобилиятсиз бўлганларга, ҳомиладор аёлларга, болани боқиш таътилида бўлган аёлларга ва ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўланилмайди. Мазкур шахслар томонидан жиноят содир этилган ҳолларда суд уларга нисбатан қонунда назарда тутилган бошқа мажбурлов чораларини қўллаши керак. Жазони ўташ мобайнида меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган шахсларга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари судланганнинг, жамоат бирлашмасининг илтимосномасига кўра бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштирилиши мумкин.


47-модда. Хизмат бўйича чеклаш

Хизмат бўйича чеклаш - офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчи, прапоршчик, мичман ва ҳарбий хизматни контракт бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчини суд ҳукмида кўрсатилган муддат давомида муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиб, пул таъминотининг ўн фоизидан ўттиз фоизгача бўлган миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолишдан иборатдир.
Хизмат бўйича чеклаш жазо чораси ушбу кодекс Махсус қисмининг моддасида назарда тутилган ҳолларда икки ойдан уч йилгача муддатга қўлланилади. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят ёки оғир оқибатларни келтириб чиқармаган эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят учун суд иш ҳолатлари ва маҳкумнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш, қамоқ ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ўрнига шу муддатга хизмат бўйича чеклаш жазосини қўллаши мумкин.
Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ муддати давомида маҳкумнинг мансабини, ҳарбий ёки махсус унвонини ошириш мумкин эмас, жазони ўтаган вақт эса, унинг кўп йил ишлаганлик, навбатдаги ҳарбий ёки махсус унвон ҳамда пенсия олиш учун асос бўладиган хизмат муддатига қўшилмайди.

1. Хизмат бўйича чеклаш жазоси қонунда кўрсатилган офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар, прапоршчиклар, мичманлар, ҳарбий хизматни шартнома бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчилар тоифасидаги субъектларнинг фақат чекланган доирасигагина қўлланиладиган жазонинг махсус тури ҳисобланади. Бошқа шахслар, шу жумладан, чақирув бўйича хизматни ўтайдиган ҳарбий хизматчилар жазонинг мазкур тури қўлланадиган субъектлар тариқасида кўриб чиқилиши мумкин эмас, уларга хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони қўллашга йўл қўйилмайди.


Амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалдаги ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар қуйидагиларга бўлинади: :
* муддатли ҳарбий хизмат;
* сафарбарликка чақирув захирасидаги ҳарбий хизмат;
* шартнома бўйича ҳарбий хизмат;
* Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўтаган заҳирадаги ҳарбий хизматчилар.хизматга бўлинадиган ҳақиқий ҳарбий хизматда турган шахслар ҳарбий хизматчилар ҳисобланади.
Тинчлик пайтида муддатли ҳарбий хизматдаги оддий аскар ва сержант тизими мансабларига, шунингдек, сафарбарлик чақирув заҳираси хизматига Қуролли Кучларда ҳарбий хизматни ўташ учун соғлиги бўйича яроқли ҳисобланган ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган эркак жинсидаги фуқаролар чақирилади.1
Бундан ташқари хизматни:
* фавқулодда вазиятлар вазирлигининг марказий аппаратида ва унга тегишли ташкилотларда;2
* Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Махсус авария-тиклаш бошқармасида;3
* Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг муҳандис-қурилиш қисми таркибида ўтайдиган шахслар тан олинади.
3. Хизмат бўйича чеклаш таркиби шарҳланаётган модданинг учинчи қисми, шунингдек, Жиноят-ижроия кодексида очиб бериладиган муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилишда ифодаланади. Жумладан, хизмат бўйича чеклаш кўринишидаги жазо қўлланган вазиятда маҳкумнинг мансаби, ҳарбий ёки махсус унвони кўтарилмайди. Шарҳланаётган модда мазмунида мансаб деганда фақат ҳарбий мансаб, яъни ҳарбий хизматчининг штатдаги алмаштириладиган мансаби (масалан, омбор мудири, моддий-техника таъминоти бошлиғи, ҳарбий тайёргарлик бўйича раҳбар ва бошқа мансаблар) тушунилиши керак.
Ҳарбий унвон - ҳар бир ҳарбий хизматчига. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг заҳирадаги ҳарбий хизматчисига унинг хизмат мавқеи, иш тажрибаси, ҳарбий ва умумий маълумоти, ҳарбий кучлар, қўшин турларига мансублиги ва шахсий хизматига қараб махсус бериладиган унвондир. Ўзбекистонда ҳарбий унвонлар ҳарбий ва кемага оид унвонларга бўлинади6.
Махсус унвон - Мудофаа вазирлиги, Ички Ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий ўқув юртлари, шунингдек, Давлат божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг ўрта махсус ва касб бўйича ҳарбийлаштирилган билим юртида курсант (тингловчи) сифатида хизматни ўтаганда, офицерлик лавозимига ҳарбий хизматда бериладиган унвондир. Бундан ташқари, махсус унвон Фавқулодда вазиятлар вазирлигида, махсус авария тиклаш бошқармасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий муҳандис-қурилиш қисмида хизматни ўтган шахсларга берилади.
4. Хизмат бўйича чеклаш - суд ҳукмида кўрсатилган муддат давомида маҳкумнинг мансаби кўтарилиши мумкин эмаслигинигина назарда тутади. Маҳкум хизмат бўйича жазосини ўташи давомида турли хил рағбатлантириш ва имтиёзли ҳуқуқлардан вақтинча маҳрум қилинади. Шу билан бир вақтда, ҳарбий қисм доирасидаги бошқа тенг даражадаги мансабга ёки бошқа қисмга ўтказилишига йўл қўйилади. Бошқа қисмга ўтказилганда, бу ҳақда. албатта судга маълум қилиниши керак.
5. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ даври маҳкумга унинг кўп йиллик меҳнатига, навбатдаги ҳарбий ёки махсус унвонига, шунингдек, умумий меҳнат стажига, давлат пенсиясини тайинлаш муддатига қўшилмайди.
6. Хизмат бўйича чеклашда ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиш тизимида маҳкумнинг пул таъминотидан давлат ҳисобига ушлаб қолиш марказий ўрин эгаллайди. Суд ҳукми билан тайинланган чегирма суммаси мансаб ва ҳарбий унвонга доир маошдан ҳисоблаб чиқарилади. Шу билан бирга чегирма маҳкумнинг бошқа тўловлар, шу жумладан, алимент тариқасидаги пул суммасини ундиришдан қатъи назар, фуқаролик даъвоси ва бошқа мажбуриятлар ҳисобига бажарилади.
7. Жазонинг ушбу тури тайинланаётганда суд ушлаб қолиш миқдори жазони индивидуалаштиришнинг самарали воситаси эканлиги учун уни белгилаш ҳақидаги масалага алоҳида эътибор қилиши керак. Жиноят кодексига мувофиқ, ушлаб қолиш миқдори маҳкум пул таъминотининг ўн фоизидан ўттиз фоизигача бўлган миқдорда тайинланади. Ушлаб қолишнинг кўрсатилган миқдори охирги чегара ҳисобланиб, суд томонидан мутлақо оширилиши мумкин эмас, чегараланиш энг кам миқдоридан камини белгилаш ҳоллари ҳам бундан мустасно эмас. Ушлаб қолишнинг аниқ миқдорини белгилашда судлар аҳлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазони тайинлашда. ушлаб қолиш миқдорини тайинлашга оид қоидаларга риоя қилиши керак (ЖКнинг 46-моддаси шарҳларига қаранг). Жумладан, судлар маҳкумнинг моддий аҳволини, унинг бошқа даромадлари бор-йўқлигини, шахсини ва содир этган хатти-ҳаракатини тавсифловчи бошқа ҳолатларни ҳисобга олиши лозим. Ушлаб қолишнинг аниқ фоизи маҳкумнинг бадал воситасига айланмайдиган ва унга моддий жафо етказилмаган даражада белгиланиши лозим.
8. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони тайинлашда қонунда белгиланган энг кам ва энг кўп чегарадаги муддати, жумладан, икки ой ва уч йил ҳам асосий шарти ҳисобланиб, хатто алоҳида ҳолатларда, масалан, энг кам чегарадан ҳам кам жазо тайинланганда ҳам, оширилиши мумкин эмас. Ҳукмда хизмат бўйича чеклаш муддати бўлмаса, жиноят қонунининг келгусида ҳукмни бекор қилишга олиб келувчи даражадаги бузилиши ҳисобланади, ҳарбий хизмат бўйича чеклаш муддати - икки ойдан уч йилгача - ойлар ва йиллар миқдори бўйича умумий тартибда ҳисобга олинади. Бунда шуни назарда тутиш керакки, хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ муддати ҳукм ижроси амалга ошириладиган ҳарбий қисм командири томонидан ҳукмни ижро этиш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Шу билан бир вақтда, бошқа жиноят содир этганлиги муносабати билан маҳкум ҳарбий хизматчи ҳибсда ушлаб турилган вақт, жазони ўташ муддатига қўшилмайди.
9. Шуни қайд этиш керакки, шарҳланаётган моддада кўрсатилган маҳкумнинг ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум қилиш қатъий тавсиф бўлиб, кенгайтирилиб талқин қилинишига йўл қўйилмайди. Шунинг учун, жазони ўташ вақти кўп йиллик меҳнат фаолиятининг умумий йилини тўхтатмайди. Шунингдек, хизмат бўйича чеклаш вақти хизмат ва жазо муддатига қўшиб ҳисобланадиган асосий ва қўшимча таътиллар, шунингдек, ҳарбий хизматчи ва унинг оила аъзоларига санатория-курорт учун ва асосий таътилини ўтказилган жойгача йўл ҳақи кабилар учун моддий ёрдам ва компенсациялар берилишига тўсқинлик қилмайди.
10. Хизмат бўйича чеклаш жазонинг асосий тури ҳисобланади, яъни у давомий мажбурловнинг мазкур чораси фақат Жиноят кодексининг тегишли моддаси санкциясида тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳоллардагина тайинланиши мумкин (масалан, ЖКнинг 284-моддасига мувофиқ, бўйсунувчининг ўз бошлиғини, шунингдек, бошлиқнинг ўзига бўйсунувчини ҳақорат қилганлиги учун икки йилгача хизмат бўйича чеклаш ёки уч ойгача қамоқ ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш) билан жазоланади. Шу билан бир вақтда шахс ижтимоий хавфи ката бўлмаган ёки оғир оқибатларни келтириб чиқармаган эҳтиётсизлик орқасида содир этилган жиноят учун суд иш ҳолатлари ва маҳкумнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга хизмат бўйича чеклаш жазосини тайинлаши мумкин (ЖК 15-моддаси шарҳларига қаранг).
11. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, хизмат бўйича чеклаш жазоси фақат ҳарбий хизматчиларга тайинланади, шунинг учун маҳкум ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳолда хизмат бўйича чеклашнинг ўтамаган қисмини давлат мажбурловининг бошқа чораси билан алмаштириш ёки жазодан озод қилиш тўғрисидаги масала суд томонидан ҳал қилиниши лозим


48-модда. Қамоқ


Қамоқ - шахсни батамом ажратган шароит остида сақлашдан иборат бўлиб, бир ойдан олти ойгача муддатга белгиланади.

1. Қамоқ жазоси Жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларига янги киритилган жазо чораларидан бири ҳисобланади. Жарима ва ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазолар сингари қамоқ жазоси суд амалиётида маҳкумларни тузатишнинг самарали шаклларидан бири эканлигини кўриш мумкин. Қамоқнинг самарадорлиги ўзида ушлаб туришнинг етарли даражадаги оғир шарт-шароитларда қисқа муддатли озодликдан маҳрум қилишда намоён бўладиган шаклидир. Маълумки, жазонинг муҳим хусусиятларидан бири қўрқитишдир. Биринчи марта жиноят содир этганларга қўлланилган бу жазо жиноятнинг қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини жуда аниқ кўрсатиб, шахсда жазодан қўрқишни шакллантириши ва шахс тавба қилиб, иккинчи марта ўз-ўзига аҳд қилиши мумкин. Шунинг учун, судлар озодликдан маҳрум қилишнинг альтернатив тариқасидаги қамоқ жазосини кенгроқ қўллаши керак.


2. Қамоқ жазонинг асосий тури ҳисобланади. Шунинг учун, мазкур жазо, агар Жиноят кодексининг тегишли моддалари санкцияларида тўғридан-тўғри назарда тутилмаган бўлса, бошқа асосий жазолардан мустақил тарзда тайинланиши мумкин. Шу билан бир вақтда, Жиноят кодекси нормаси санкциясида кўрсатилмагн ҳолларда ҳам қамоқ жазоси тайинланиши мумкин: ЖКнинг 57-моддасига кўра енгилроқ жазо тайинланганда; Жиноят кодексининг 44-моддаси учинчи қисмига кўра, айбдор жарима жазосини ижро этишдан бўйин товлаганда, у қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Бошқа ҳолатларда қамоқ жазосини тайинлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.
3. Жазонинг шарҳланаётган тури мазмуни маҳкумни Жиноят-ижроия кодексида очиб берилган қаттиқ ҳибсхона шароитида ушлаб туриш ҳисобланади. Жумладан, ушбу жазога ҳукм этилган шахслар шароити маҳкумларни озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида ушлаб туриладиган шароитга ўхшаш махсус қамоқ уйларида сақланадиган (қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳарбий хизматчилар жазони гарнизон гаупвахтасида ўтайдилар). Бундан ташқари маҳбусларга Жиноят-ижроия кодексида назарда тутилган ҳоллардан ташқари учрашиш, телефонда суҳбатлашиш, посилка олиш, озиқ-овқат олишга рухсат этилмайди.
4. Қамоқ жазосининг мажбурий шарти тегишлича бир ойдан олти ойгача деб қонунда энг кам ва энг кўп чегараси белгиланган муддат ҳисобланади. Шу билан бирга, шуни назарда тутиш керакки, ушбу моддада кўрсатилган муддатлар хатто энг кам чегарадан ҳам кам жазо тайинланган ҳолда ҳам суд томонидан унинг бузилиши мутлақо мумкин эмас. Суд қамоқ жазосини тайинлар экан, ҳукмда унинг муддатини албатта кўрсатиши керак. Мазкур жазо муддатини кўрсатмаслик жиноят қонунининг бузилиши ҳисобланиб, ҳукмнинг бекор қилинишига олиб келади.
5. Суд қамоқ жазосини тайинлар экан, уни қатъий муайян шахслар доирасига қўллаш зарурати билан боғланган эмас. Мазкур модда таҳририга мувофиқ, қамоқ меҳнатга лаёқатли ва меҳнатга лаёқатсиз, шунингдек, судланганлиги мавжуд бўлишидан қатъи назар, эркак ва аёлларга қўлланиши мумкин. Шунингдек, қамоқнинг жазо чораси тариқасида қўлланиши содир этилган жиноятнинг оғирлиги ва ҳақиқий ҳарбий хизматдаги ҳолатига боғлиқ эмас. Қамоқ жазосини тайинлашда судлар ушбу жазони белгилашни судланганнинг дастлабки тергов босқичида қамоқда сақланганлиги билан асосламасликлари ёки боғламасликлари лозим. Ушбу жазо тури озодликдан маҳрум қилиш жазоси каби судланганни қайта тарбиялашга, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда эришиш мумкин бўлмаган ҳоллардагина қўлланилиши мумкин.


49-модда. Интизомий қисмга жўнатиш


Интизомий қисмга жўнатиш - муддатли ҳарбий хизматчиларни суд томонидан белгиланган муддат мобайнида ички тартиби анча қаттиқ бўлган махсус ҳарбий қисмга жойлаштириш орқали, муайян ҳуқуқ ва имтиёзлардан маҳрум этишдир.
Интизомий қисмга жўнатиш жазоси ушбу Кодекс махсус қисмини моддасида назарда тутилган ҳолларда уч ойдан бир йилгача муддатга қўлланилади. Суд иш ҳолатлари ва маҳкумнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига шу муддатга интизомий қисмга жўнатиш жазосини қўллаши мумкин.

1. Интизомий қисмга жўнатиш фақат муддатли ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланиладиган асосий жазо туридир. Жазонинг ушбу тури жиноятнинг махсус субъектига нисбатан қўлланилади. Унинг бошқа шаклларига нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.


Шу билан бир вақтда жазонинг бу турини фақат ҳарбий жиноят содир этишдагина эмас, балки ҳарбий хизматчилар томонидан амалга оширилган ҳуқуққа зид бошқа тажовузларга ҳам қўллаш мумкин. Айбдор шахсни озодликдан маҳрум қилишга таянмай махсус ҳарбий қисм шароитида тузатиш мумкин бўлган ҳолларда давлат мажбурловининг мазкур чорасини тайинлашни ишга солиши керак.
2. Муддатли ҳарбий хизматчиларга умумий сафарбарлик асосида ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оддий аскарлар, сержантлар, шунингдек, офицерлар таркибида хизматни ўтаётганлар киради. Ҳарбий хизмат бошқа асосларда ўтайдиган шахслар шартнома бўйича, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида, офицер таркибидаги ва бошқалар) бу тоифага кирмайди. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахс муддатли хизматнинг ҳарбий хизматчига мансуб эканлигини белгилашда судлар муддатли ҳарбий хизматда турмайдиган шахсга жазонинг ушбу тури тайинлашига тўғри келмаслигини эътиборга олиб, унинг мазкур хизматда турган муддатининг бошланиши ва тугалланиши вақтини эътиборда тутиши лозим. Муддатли ҳарбий хизматда бўлиш муддати Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунида белгиланади ва у ҳарбий хизматга жўнатиш учун мудофаа ишлари органига келган кундан бошланиб ҳарбий қисм командирининг ҳарбий хизматчининг бўшатиши муносабати билан уни шахсий таркиб рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги буйруғи чиққан кунгача ҳисобланади.
Шуни назарда тутиш керакки, интизомий қисмга жўнатиш жазосини қўллаш бирон бир бошқа ҳолатлар билан боғлиқ эмас. Шунинг учун, бу жазо илгари судланган шахсларга ҳам, давлат мажбурловининг мазкур чорасига илгари ҳукм қилинганларга ҳам қўлланиши мумкин.
3. Интизомий қисмга жўнатиш асосий жазо тури бўлиб, яъни у фақат мустақил қўлланиши мумкин ва уни бошқа асосий жазолар билан бирга қўллашга йўл қўйилмайди. (Масалан: жарима ва интизомий қисмга жўнатишни тайинлаш мумкин эмас ва ҳоказо). Шунингдек, Жиноят кодекси махсус қисмининг тегишли моддалари санкцияларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина тайинланиши талаб этилади. Шу билан бир вақтда интизомий қисмга жўнатиш жазоси санкцияларда у кўрсатилмаган ҳолларда, чунончи жазони енгилроқ билан алмаштириш, шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш жазосини алмаштириш ҳолларида ҳам қўллашга йўл қўйилади.
4. Шарҳланаётган жазо маҳкумни муайян ҳуқуқлар ва имтиёзлардан маҳрум қилиш ҳарбий хизматчини суд ҳукмида кўрсатилган муддатга махсус ички тартиби анча қаттиқ бўлган ҳарбий қисмга жўнатишда ифодаланади. Бу жазони ўташда махсус ички тартиб қоида амал қилинади. Ушбу маҳрум қилиш хусусиятлари Жиноят ижроия кодексида кўрсатилган бўлиб, жазони интизомий қисмда ўташ даврида барча маҳкумлар, ҳарбий унвонлари, мансаблари ва аввалги хизматлари хусусиятидан қатъи назар оддий аскар (матрослар) ҳолатида бўладилар ва белгиланган кўринишидаги махсус кийимда юрадилар, тафовут белгиларини тақадилар, чекланмаган миқдорда хат ва телеграммалар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин. Маҳкумга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти, мусибат) муносабати билан ҳарбий қисм доирасида четга чиқиш ҳуқуқини берадиган қисқа муддатли-етти суткагача таътил берилиши мумкин. Муддатли хизмат ҳарбий хизматчилар учун назарда тутилган таътил маҳкумларга берилмайди.
5. Маҳкумларнинг интизомий қисмда жазони ўташ вақти ҳарбий хизмат муддатига қўшилмайди. Жазони ўтагандан сўнг маҳкум ҳарбий қисмга жўнатилади. Жазони ўташ вақтида ҳарбий хизмат муддати ўтмаганлиги сабабли, бошқа турдаги жазо билан алмаштиришга йўл қўйиб бўлмайди. Агар жазони ўташ давомида маҳкум ҳарбий хизматга лаёқатсиз деб топилса, унга нисбатан бу жазо чорасининг ижро этилиши тўхтатилиши ва суд жазони ўталмаган қисмини енгилроғи билан алмаштириш ёки жазодан озод қилиш масаласини кўриб чиқиши лозим.
6. Қонун томонидан уч ойдан бир йилгача меъёр деб белгиланган муддат интизомий қисмга жўнатиш жазосининг асосий шарти ҳисобланади. Судлар интизомий қисмга жўнатиш муддатини белгилар экан, у жазони индивидуаллаштиришнинг муҳим воситаси эканлигини эътиборга олиши лозим. Шу билан бирга шуни қайд этиш керакки, шарҳланаётган моддада кўрсатилган муддат қатъий ҳисобланиб, хатто меъёрнинг энг камидан паст жазо тайинланган холда ҳам суд томонидан у оширилиши мумкин эмас. Шу билан бир вақтда, интизомий қисмга жўнатиш жазосининг юқори меъёри шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми қоидаларига кўра мазкур жазони озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига алмаштирилган ҳолатда уч йилгача оширилиши мумкин.
Шуни назарда тутиш керакки, мазкур жазони қўллаш лозим бўлган муддатнинг ҳукмда кўрсатилмаганлиги жиноят қонунини бузиш ҳисобланади ва ҳукмнинг бекор қилинишига асос бўлади.
7. Шарҳланаётган модданинг иккинчи қисми интизомий қисмга жўнатиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига тайинланиши мумкинлиги мавжуд шартларини қонуний томонидан аниқ белгилайди. Мазкур қисм қоидаларига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жазосини интизомий қисмга жўнатиш жазосига алмаштиришда суд иш ҳолатини, шунингдек, маҳкумнинг шахсни тавсифловчи белгилар эътиборга олиниши керак.
Озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилганда эътиборга олиниши керак бўлган иш ҳолатлари деганда, жиноятнинг оғирлиги, унинг оқибатлари, унинг хусусияти ва бошқа ҳолатлар тушунилади. Суд асосий эътиборни жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга қаратиши зарур. Маҳкумнинг шахсини хусусиятловчи белгиларга, давлат мукофотлари олганлиги, судланганлиги, судланганлигининг тугаганлиги ёки олиб ташланганлиги ёхуд жазони озодликдан маҳрум этиш жойларида ўтаганлиги эътиборга олинади. Озодликдан маҳрум қилиш жазоси интизомий қисмга жўнатиш жазосига алмаштирилган ҳолларда ҳукмнинг тавсиф қисмида суд жазонинг мазкур турини ЖКнинг 49-моддаси 2-қисмига ҳавола қилиб асослаши ва ҳукмнинг қарор қисмида кўрсатиши керак.
8. Шуни назарда тутиш керакки, интизомий қисмга жўнатиш озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига тайинланса, ҳарбий қисмда бўлиш муддатининг бир куни озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштирилади. Шу билан бирга суд мазкур жазонинг умумий юқори меъёри билан боғлиқ эмас, уни уч ойдан - уч йилгача муддатгача қўллаши мумкин. Шуни қайд этиш керакки, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазони қўллаш фақат маҳкумга уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш тайинланган ҳоллардагина йўл қўйилади. Бунда тегишли модда санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш меъёрининг аҳамияти йўқ. Бундан ташқари, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазони тайинлаш мазкур мажбурлов чораси тегишли моддалар санкцияларида назарда тутилган тутилмаганлиги аҳамиятга эга эмас. Шунингдек, таъкидлаш керакки, озодликдан маҳрум қилиш жазосини интизомий қисмга жўнатиш жазосига алмаштириш, бир нечта жиноят содир этилган ҳолатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тариқасида тайинланган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Бундай холда судлар фақат тайинланган жазонинг умумий муддати уч йилдан ошмаслигига эътибор бериши керак.
9. Жиноят-ижроия Кодексига мувофиқ, мазкур жазонинг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус мўлжалланган ҳарбий қисмлари зиммасига юклатилган.



Download 6,47 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   305




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish