42-модда. Жазо тушунчаси ва мақсадлари
Жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир.
Жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, жиноий фаолиятни давом эттиришга тўсқинлик қилиш, ҳамда маҳкум, шунингдек, бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.
1. Жазо - бу жиноят ҳуқуқининг муҳим интститутлардан бири ҳисобланиб, у жиноий жавобгарликка татбиқ этишнинг етакчи шаклидир. Айнан жиноятларнинг жазоланиши жиноий қонунни ижтимоий алоқаларга таъсир кўрсатувчи восита қилади ва ҳуқуқий нормаларни шахс, жамият ва давлатни ноқонуний тажовузлардан ҳимоя этувчи ҳақикий механизмга айлантиради. Жиноий жавобгарлик масаласи сезиларли тарзда жиноий жазо масаласига такалади. Жазонинг самаралилиги ўз навбатида унинг белгиланишига бевосита боғлиқдир, чунки жазонинг роли ва моҳияти қанчалик тўғри тушунилса, шунчалик жиноят содир этган шахсларга таъсир ўтказиш усул ва методларини танлаш самарали бўлади. Бу эса жиноий жавобгарликни ижтимоий алоқаларни бошқаришдаги таъсири ортади дегани бўлади.
2.Шарҳланаётган модда жиноий жазо институти учун асосий аҳамиятга эга бўлиб, ўзида жазо деб тан олиниши учун давлат томонидан ижтимоий алоқаларга таъсир ўтказиш сифатида танланган усулларнинг белги ва хусусиятларини қонуний шаклда қайд қилади. Жазонинг максадлари ва тушунчасини норматив суратда белгиланиши нафақат жиноят қонунини бир хил шаклда қўлланишига, балки юридик техниканинг такомиллашувига ҳам кўмак беради ва жиноий қонунчиликнинг босқичма-босқич, бир асосда ривожланишини таъминлайди.
3. Тузилиши жиҳатдан, шарҳланаётган модда икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисми жазо тушунчасини, иккинчи қисми эса унинг мақсадларини аниқлаб беради. Шарҳланаётган модданинг бундай тахрири кўрсатилган жиноятларни янада аниқрок белгилаб беришга ва жазонинг моҳияти ва ролини англашдаги кийинчиликларни бартараф этишга кўмак беради.
4.Шарҳланаётган модданинг биринчи қисми жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат томонидан суд ҳуқми асосида қўлланиладиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир. Шундай қилиб, жазо қонунда унинг муҳим белгиларини кўрсатиш орқали аниқланади ва ушбу белгиларнинг мавжуд бўлиши у ёки бу таъсир усулини жиноий жазо сифатида баҳолашга имкон беради. Бунда, шуни эътиборга олиш лозимки, у ёки бу таъсир чорасини жазо сифатида тан олиниши учун барча белгилар мавжуд бўлиши талаб этилади, чунки улардан лоақал бири мавжуд бўлмаганда унинг жазо сифатида тан олинишига тўсқинлик қилади.
Жиноий жазо қуйидаги шартларга жавоб бериши лозим:
* жиноий жазо давлатнинг мажбурлов чораси ҳисобланади;
* давлат томонидан ва давлат номидан унинг органлари амалга оширилади;
* жиноий жазо чораси фақат суд томонидан тайинланади;
* жазо тайинлаш учун жиноий қилмишнинг содир этилганлиги асос бўлади;
* жазо фақат жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсга нисбатан тайинланади;
* жазо муайян ҳуқуқ ва эркинликни чеклашда ифодаланади;
* махсус ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш фақат жиноят қонунида кўрсатилади.
Жиноий жазо муайян сифат ва миқдор хусусиятига эга бўлган таъсир кўрсатиш усулидир.
Сифат белгиси сифатида жиноий жазо чораси орқали таъсир этишнинг мазмуний жиҳати тушунилади. (масалан, жарима жазоси тайинлаш орқали жиноятчи шахсига таъсир кўрсатиш).
Миқдор хусусияти сифатида у ёки бу даражада таъсир этишнинг чегараси тушунилади (масалан, жарима жазосини белгилашда унинг суммаси, озодликдан маҳрум этишда эса унинг муддат ва ҳоказолар).
Ҳеч кимга жиноят қонунида белгиланган сифат ва миқдор белгисидан четга чиқиб жазо тайинланиши мумкин эмас. Фақат судгина белгиланган жазо доирасида жиноят қонунига мувофиқ жазо муддати ва режимини белгилаш орқали қандай миқдорда ва сифатда жазо қўлланилишини белгилаши мумкин.
6. Жазо сифатида фақат мажбурлов хусусиятига эга бўлган таъсир чораси тан олинади, яъни жазо қўлланилаётган ёки бошқа шахсларнинг ихтиёридан қатъи назар ижро этилади. Бу ўринда жазо қўлланилаётган шахсга нисбатан субъектив муносабатда бўлиш, унинг мажбурий хусусиятига таъсир этмайди. Жазо айбдор томонидан ихтиёрий тарзда ёки унинг ихтиёрига қарши мажбурий равишда ижро этилади, яъни бу ўринда унинг мажбурий эканлиги намоён бўлади.
Жазонинг мажбурий хусусияти, жазони айбдор томонидан, шунингдек, жазони ижро этувчи орган ходимлари, муассасалар маъмурияти томонидан ижро этилишини билдиради. Айни пайтда, ушбу характер қандайдир субъектив омилларга боғлиқ бўлган ва амалга оширилиши лозим бўлмаган бошқача таъсир ўтказиш чораларини жазо чораси сифатида тан олинмайди, хусусан, кўндириш, тарбиявий характерга эга бўлган чоралар ва ҳоказолар жазо сифатида ҳисобга олинмайди.
7. Ижтимоий муносабатларга таъсир кўрсатиш усулини жазо сифатида тан олиниши учун мажбурлов чораси давлат номидан қўлланилади.
Жазони қўллаш фақат давлатнинг ваколати бўлиб, бундай ҳуқуқ хусусий ёки турли ижтимоий корхона ва ташкилотларга берилмайди. Фақат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли жазони ижро этиш органлари жазонинг ижросини амалга оширадилар, улар ўз номидан эмас, балки Жиноят кодексининг 42-моддасига кўра давлат номидан ҳаракат қиладилар. Мажбурлаш чоралари ҳам давлат органлари (башарти, уларга жазони қўллаш ҳуқуқи берилмаган бўлса) ҳам бошқа тузилмалар сифатида намоён бўлувчи структуралар томонидан амалга оширилса, ушбу чоралар жиноий жазо сифатида тан олинмайди. Айни пайтда, шундай тузилмаларнинг раҳбарлари қонун томонидан белгиланган тартибда жавобгарликка, жумладан, жиноий жавобгарликка ҳам тортилишлари лозим бўлади.
8. Жазони тайинлаш, яъни Жиноят кодексининг Махсус қисмидаги тегишли модда доирасида жазонинг аниқ тури ва ҳажмини танлаш фақат судга берилган ҳуқуқдир. Фақат суд - давлат ҳокимиятининг алоҳида бир бўлаги сифатида содир этилган жиноят учун жазо тайинлаш ҳуқуқига эга. Давлатнинг бошқа органлари хусусан, ижро этувчи ва қонун чиқарувчи органлар бундай ваколатларга эга эмас.
Айни пайтда, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, жазони тайинлаш ҳуқуқи истаган суд органига эмас, балки шундай ваколат берилган жиноят ишлари бўйича судларга берилган.
9. Жазони белгилаш суд томонидан махсус ҳуқуқий акт - ҳукм чиқариш йўли орқали амалга оширилади яъни, ҳукм жиноий ишни кўриб чиқиш натижаси бўлган қарорнинг махсус туридир. Ҳукмда судланувчининг айбдор ёки айбдор эмаслигини, жазонинг аниқ тури, ҳажми ва бошқа ҳуқуқий оқибатларини ўз ичига олган ҳуқуқий ҳужжатдир. Шундай қилиб, ҳукм жиноят ишлари бўйича адолатли амалга оширишнинг махсус шакли сифатида намоён бўлиб, у қонунда кўрсатилган маълум талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
Унга риоя этмаслик умуман жиноий ишларни ҳал этишда ва хусусан жазони тайинлашда ноқонуний ҳолатни юзага келтиради. Ушбу ҳолатда тайин этилган жазо шарҳланаётган модданинг тартибларига биноан умуман жазо сифатида ҳисобга олинмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳукм давлат номидан чиқарилади.
Жазо давлат номидан тайинланади, яъни суд жиноятни ва унинг қилмишига нисбатан давлатнинг салбий муносабатини ифода этади. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, жазо ошкора характерга эга ҳуқуқий таъсир чорасидир.
10. Жиноят содир этиш жиноий жазо қўллашга асос бўлиб хизмат қилади. Содир этилган қилмишда жиноят белгилари мавжуд бўлмаса, жиноий жазо тайинланишига асос бўлмайди, жумладан, жиноий жазо сифатида маъмурий ундириш чоралари, интизомий жавобгарликка оид (масалан, жарима, қўлга олиш, махсус ҳуқуқлардан маҳрум этиш ва ҳоказолар) ҳам. Шундай қилиб, жиноий жазо жиноят содир қилишнинг ҳуқуқий оқибати ҳисобланади.
11.Жиноий жазо ўта шахсий характерга эга бўлиб, жиноий жазо фақат жиноят содир қилишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан тайинланади. Жиноий жазо жиноятчининг шахсига қаратилган бўлиб, ҳатто у жавобгарликдан қочган вақтда ҳам, ундан бошқа шахсга нисбатан қўлланилмайди. Шахс айби исботланган қилмиши учунгина жиноий жавобгарликка тортилади. Жиноий жазо шахсий хусусиятга эга бўлиб, фақат жиноят содир этишда айбдор, деб топилган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин. Жиноий жазо фақат жиноят содир қилган шахснинг ўзигагина қўлланади, маҳкум жазонинг ижросидан қочганда ҳам жазо унинг оила аъзоларига ёки оила аъзоларидан бирига нисбатан қўлланиши мумкин эмас.
12.Жиноий жазонинг мазмуни жиноят содир этишда айбдор, деб топилган шахснинг муайян ҳуқуқ ва эркинлигини чеклаш ёки улардан маҳрум этишда ифодаланади. Бунда, ушбу кўрсатилган мажбурлов чоралари орасидаги фарқ уларнинг даражасига, миқдорига боғлиқдир. Хусусан, ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум этиш ҳолатида давлат судланувчи томонидан қандайдир ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлишни тўла (масалан, маълум турдаги мансабни эгаллаш ҳуқуқи, ҳаракат қилиш ҳуқуқи ва ҳоказо) ёки қисман чеклаб қўяди.
13.Жиноят қонуни доирасида таъсир этиш усули Жиноят ҳуқуқига кўра жиноий жазо чоралари фақат Жиноят кодексида тўғридан - тўғри кўрсатилган ҳолларда қўлланилади. Жиноят қонунида кўрсатилмаган жазо чоралари қўлланилиши мумкин эмас. Шу сабаб, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, тарбиявий таъсир чоралари ва бошқа ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чоралари жазо сифатида бу тарзда намоён бўлмайди.
Жиноятга таъсир этиш чораси сифатида жазонинг белгиланган хусусиятлари қуйидагиларни талаб этади:
- биринчидан, ушбу жазо чораси Жиноят кодексининг жазо тизимида мавжуд бўлиши;
- иккинчидан, жиноят содир этганлик учун қўлланиладиган норманинг санкциясида кўрсатилган бўлиши лозим.
Шуни назарда тутиш лозимки, жазони қўллаш пайтида ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш ёки улардан маҳрум этишнинг характери ва миқдори, нафақат Жиноят кодексининг, балки Жиноят - ижроия Кодексининг нормалари билан ҳам кўрсатилади. Бироқ, жазо миқдорининг чегаралари ва асосининг кўрсаткичлари ҳамда унинг турларини белгиловчи Жиноят кодексидан фарқли, Жиноят - ижроя Кодекси жазо мазмунини тўлдиради ва унинг амалга ошириш тартиб-қоидаларини белгилайди.
14. Жиноят содир этишда айбдор, деб топилган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш жиноий жазо чорасининг жазоловчи белгисини ифодалайди. Жиноят кодексининг 7-модаасида белгиланишича, жиноий жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламайди. Бошқача қилиб айтганда, қўлланилаётган ҳуқуқ ва эркинликларни чеклаш ёки улардан маҳрум этиш чоралари уларнинг мақсадидан қатъи назар ўзида қасдни мужассам этган бўлиб, содир этилган ноқонуний тажовуз оқибатидир.
15.Жиноят-ҳуқуқий назария ва қонунни татбиқ этиш амалиёти томонидан ишлаб чиқилган жазо мақсадлари жамланган шаклда шарҳланаётган модданинг иккинчи қисмида қайд этилган. Жазони танлаш ва қўллашда эришишига ҳаракат қилинадиган натижаларнинг норматив-ҳуқуқий намоён бўлиши, жиноят тўғрисида қонун ҳужжатларининг бир хил татбиқ этилишига ҳамда унинг босқичма - босқич, мунтазам равишда ривож топишига кўмак беради. Жиноий жазо давлат мажбурловининг алоҳида шакли сифатида юридик адабиётларда ҳуқуқий категория сифатида баҳоланади. Жазо маҳкумнинг аҳлоқини тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади
Do'stlaringiz bilan baham: |