I боб. Жиноят Кодексининг вазифалари ва принциплари


-модда. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш



Download 6,47 Mb.
bet38/305
Sana23.02.2022
Hajmi6,47 Mb.
#157285
TuriКодекс
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   305
Bog'liq
ЖК шархлар.

39-модда. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш
Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.
Ушлаш воситалари ва усулларига, қилмишнинг ҳамда уни содир этган шахснинг хавфлилик даражасига, шунингдек ушлаш шароитига бутунлай мос келмайдиган, ушлаш зарурати тақозо этмаган ҳолда ушланаётган шахсга қасддан зарар етказиш ушлаш чоралари чегарасидан четга чиқиш деб топилади.
Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида унга етказилган зарарнинг қонунийлигини баҳолашда, қилмишни содир этган шахснинг ушланишдан қочиш мақсадида қилган ҳаракатлари, ушловчининг кучи ва имкониятлари, руҳий ҳолати ва ушлаш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳолатлар ҳисобга олинади.
Махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар.

1. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш одил судловнинг амалга оширилишини таъминлаш, шахснинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш унинг қочиб кетиши, даллиларни яшириши ёки йўқ қилиб юборилишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.


Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш Жиноят кодекси олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Айнан шу сабабли, жиноят қонун тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мазкур институтни, гарчи у ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларига маълум бир даражада зарар етказилган тақдирда ҳам, ижтимоий фойдали деб ҳисоблайди. Бундай ҳолларда, ушлаш четдан қараганда жиноятдан ҳеч қандай фарқи йўқдек туюлади, бироқ аслида у жиноят эмасдир. Шу сабабли, ушловчи шахснинг ҳаракатларига тўғри баҳо, бериш уларни жиноий ҳаракатларидан чеклаш учун Жиноят кодексининг шарҳ қилинаётган моддасида бириктирилган зарар етказишнинг қонунийлиги шарт ва талаблари ҳамда ушловчининг ҳаракатлар ўртасида мувофиқлик бўлиши талаб этилади.
2. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказишнинг ҳуқуқийлиги шартлари - бир томондан, ушлаш ҳуқуқининг амалга оширилишини, иккинчи томондан, ғайриқонуний қилмишларни бартараф этилишини кафолатлайди. Бундай шартлар икки институтга: ушлашга ва ушлаш вақтида етказилган зарарга тегишлидир.
3.Ушлашнинг қонунийлик шартлари бу қисқа муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳақ-ҳуқуқ берадиган етарли ва керакли асослар сифатида қонун томонидан тан олинган ҳолатларнинг тўлиқ тавсифини беради. Ушбу ҳолатлар ушлашнинг деярли барча асосий масалаларини жиноий - ҳуқуқий тарафдан ёритиб беради. Айнан, ушлаш учун асосларнинг мавжудлиги ва субъектлари; уни амалга оширишнинг усули ва воситалари; ушлашнинг мақсади ва вақти; унинг бажарилган деб ҳисобланиши каби элементларнинг мавжудлигига боғлиқдир.
4.Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқи бундай қилмиш содир этилиши билан вужудга келади ва амалга оширилади.Ушлаш ҳақ-ҳуқуқини амалга оширишга асос сифатида шахс томонидан ижтимоий хавфли қилмишни содир этганигина тан олинади. Бу ҳақда (Жиноят кодексининг 39-моддасининг биринчи қисми) қонунда аниқ маълумот берилган. Ушлаш ҳуқуқи ҳар қандай ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш пайтида кучга киради. (Ижтимоий хавфли қилмиш ҳақида Жиноят кодексининг 14 - моддаси шарҳларга қаралсин).
5.Ушлаш ҳуқуқи фақат ижтимоий хавфли қилмиш қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида содир этилганлигига эътибор қаратмайди. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказишнинг ҳуқуқийлиги элементларини изоҳлаш билан бирга, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, айбнинг шакли, жиноятнинг тугалланган ёки тугалланмаганлиги, шунингдек, иштирокчилик шакли ҳам инобатга олиниши лозим (Жиноят содир этишга суиқасд ва тайёргарлик кўриш). Бундан ташқари, жиноят содир этишга ёрдам бериш, амалга ошириш, унга тарғиб қилиш, айниқса, жиноятни уюштириш каби биргаликда содир этиладиган ҳаракатлар ҳам ижтимоий хавфли қилмиш сирасига киради.
Ушлаш ҳуқуқини амалга ошириш учун асос сифатида тан олишга содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси аҳамиятга эга эмас. Айни пайтда, содир этилган ҳаракатнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ушбу шахсни ҳокимият органларига келтириш заруратига, унга зарар етказишга тегишли ушлаш усули ва имкониятларни ишга солишга таъсир қилади.
6. Шуни айтиш лозимки, ижтимоий хавфли ҳисобланмаган маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки интизомий қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказишга йўл қўйилмайди. “Фараз” қилинган қасднинг мавжудлиги, жиноий жавобгарликни истисно қилади, шунингдек, ушлашга бўлган ҳуқуқни ҳам инкор этади.
Ушлаш жиноий - процессуал хусусиятга ҳам эга бўлиб, шахсни ижтимоий хавфли қилмиш содир этган, деб топишнинг асослари қуйидагиларда намоён бўлади:
* шахснинг жиноят устида ёки бевосита уни содир этишидан кейин қўлга тушганлиги;
* жиноят шоҳидлари, шу жумладан, жабрланувчилар томонидан жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан - тўғри кўрсатилганлиги;
* унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилганлиги;
* шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотларнинг мавжудлиги, унинг қочмоқчи бўлганлиги ёки доимий яшаш жойининг йўқлиги ёхуд шахсининг аниқланмаганлиги ҳисобланади1;
7. Шуни кўрсатиб ўтиш лозимки, ушлашнинг субъектлари, яъни ушланиши мумкин бўлган шахслар деганда, ижтимоий қилмишни содир этган, лекин алоҳида иммунитетга эга бўлмаган шахслар тушунилади. Хусусан, депутатлар, судьялар, прокурорлар, ҳамда дипломатик ёки бошқа турдаги дахлсизликка эга бўлган шахслар ушлаб турилиши ҳамда милицияга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниши мумкин эмас (улар жиноят устида ёки бевосита уни содир этгандан кейин қўлга тушган ҳолатлар бундан мустасно).2 Мазкур ҳолатда юқорида келтириб ўтилган мақомдаги шахсларни ушлаб туриш уларнинг шахси аниқлангунга қадар (масалан, у ёки бу турдаги дахлсизликка эга эканлигини тасдиқловчи дипломатик ёки консуллик ҳужжати, хизмат гувоҳномаси, шунга ўхшаш бошқа ҳужжатларни тақдим қилиш орқали амалга оширилади) давом этади. Шахсни ушлаш субъекти сифатида тан олинишига у томондан содир этилган жиноий ҳаракат фактигина тан олинади. Шунингдек, қилмишга ҳеч қандай боғлиқлик, жойи бўлмаган шахснинг ёши, ақли расолиги, ижтимоий аҳволи каби ҳолатлар эътиборга олинмайди.
8. Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашнинг ҳуқуқийлигининг мустақил шартларидан бири белгиланган услуб ва воситаларни қўллашдир.
Ушлаш услуби деганда, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш мақсадида унга таъсир этишнинг турли хил тактик усуллари (масалан, жисмоний ёки руҳий зўрлик ишлатиб, алдаш ёки ишонтириш йўли билан) тушунилса, ушлаш воситалари эса ушлаш жараёнида ишлатиладиган турли хил қуроллар, предметлар, ва техник анжомлар йиғиндисидан (қўл кишани, ўқ отар қурол, арқон ва ҳоказолар) иборатдир.
У ёки бу усул ёки воситалардан фойдаланиш шакли ва даражаси - аниқ ҳолларда ижтимоий хавфлилик даражаси, шахснинг ижтимоий хавфлилиги, ҳамда ушлашдаги вазият ва шарт - шароитлар билан боғлиқ бўлади.
Хусусан, оғир ва ўта оғир жиноят содир этган шахсни (масалан, қотиллик, қароқчилик ва бошқалар) қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилиш учун қўл кишанларни ишлатиш қонуний саналади. Лекин, унча оғир бўлмаган жиноят содир этган шахсни (масалан, ҳақорат қилиш, туҳмат қилиш) ушлашда худди шундай усулни қўллаш қонунга хилоф деб топилади.
Юқоридаги мезонларга тўғри келмайдиган усул ва воситалардан фойдаланган ҳолда ушлаш ғайриқонуний деб, қаршилик кўрсатувчи шахснинг қилмиши эса жиноий эмас, деб баҳоланиши мумкин. Бу ҳолат эса унга зарар етказишга асос деб ҳисобланиши керак эмас. Шу сабаб, агар шахс жабрланувчини ҳақорат қилса ва бунда у шахсни ушлаш учун махсус воситалар (тўқмоқ, кўзни вақтинча кўр қиладиган газ ва бошқалар) ни ишга солса, бу албатта, ушланган шахснинг шахси, у содир этган қилмишнинг оғирлигига, айниқса, қўлга олиш ҳолатига номутаносибдир. Шу сабабли, ушланган шахс бу ҳолатда қаршилик кўрсатишга қонун бўйича ҳақлидир.
9. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг эркинлигини қисқа муддатга чеклаш тарзидаги ушлаб туриш шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида амалга ошрилганида қонуний ҳисобланади, бошқа мақсад кўзланган тақдирда шахснинг бундай қилмиши жиноят деб топилади.
10. Тергов ва суд органлари жиноят содир этган шахсни ушлашда субъект ҳаракатларининг мақсадларни аниқлашга алоҳида эътибор беришлари лозим бўлиб, бунда улар ушлаш жараёнининг қисқа муддатлилиги, ушланган шахсни ҳокимият органларига тезлик билан етказилиши лозимлигини англанишини аниқлаб беради. Бунда, ушлаш жараёнининг қисқа давомийлиги ва унинг лозимлиги ҳар қайси ҳолда иш бўйича барча ҳолатларни жамлаган ҳолда аниқланади (ушлаш ҳолати ҳукумат органининг яқинлиги, ушловчи ушланган шахсни ушбу органларга етказилишидаги имкониятлари, у аниқланган вақтда жиноятчи ўзини қандай тутган, содир этилган қилмишнинг оғирлиги ва ҳоказо). Ушловчи шахс томонидан юқорида эслатилган мезонлар бузилганини кўрсатувчи иш ҳолатлари юзага келганда (масалан, оқланмаган тарзда узоқ муддат ушлаб туриш ёки шахсга ундан аввал қўлга олинганлар ҳақли равишда очиқда юргани маълум бўлса, тегишли тўхтатиш чораси белгиланган вақтда жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланса) тергов ва суд ходимлари ушбу шахснинг ниятлари ҳақидаги масалани муҳокама қилишлари ва зарур асослар мавжуд бўлганда, уни тегишли жиноят учун жавобгарликка тортишлари лозим бўлади.
11. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашда, ушловчи уни фақат ҳокимият органлари қўлига топширишни мақсад қилиши керак. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, айнан қайси ҳокимият органларига эканлиги қонунда кўрсатиб ўтилмаган. Шу сабабли, жиноятчини ҳуқуқ тартибот органлари, ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд органлари қўлига ҳамда тегишли ташкилот, корхона (ташкилот директори, корхона раҳбари) маъмурияти қўлига топширган ҳар икки ҳолда ҳам ушбу ҳаракатнинг мақсадлари қонуний деб тан олиниши лозим. Ушланган шахсни кўрсатилган органлар ёки мансабдор шахсларга топширишни мақсад қилган ҳолда, ушловчи шуни англайдики, ушбу шахс тегишли ҳокимият органлари қўлига етказилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, ушланган шахсни ҳокимият органларига топшириш сифатида, тегишли ҳокимият вакилларига етказишни ҳам назарда тутиш керак (масалан, милиция ходимлари, МХХ вакиллари ва бошқалар). Ушланган шахсни ноконститутициявий органларга топширишни мақсад қилиш айни пайтда ноқонуний саналади.
12. Шуни назарда тутиш керакки, ушлаш мақсадларини қонуний деб тан олиниши учун, тергов ва суд ходимлари ушловчи шахснинг ҳаракатларидаги тегишли йўналишни аниқлашлари кифоя. Бу борада ушланган шахсни ҳокимият органларига топшириш каби амалий натижа талаб этилмайди (масалан, қўлланилган чораларга карамасдан, ушланган шахс қочиб кетган, бекиниб олган ҳолларда ва бошқалар).
Кўрсатилган ҳолларда фуқарода тегишли қонуний мақсад мавжуд бўлгани эътиборга олинади, эришилган натижа эмас.
13. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш элементларидан яна бири ушлашни амалга оширилиш вақти ҳсиобланади. Ижтимоий хавфли қилиш содир этган шахсни ушлашга бўлган ҳуқуқ жиноят ишини юритишга тўсқинлик қиладиган қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда ҳисобга олинмайди:
* иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
* шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;
* шахснинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса;
* эълон қилинган амнистия акти содир этилган жиноятга ёки шахсга дахли бўлса;
* шахсга нисбатан айнан шу айблов бўйича ишни тугатиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ажрими (қарори) ёки ваколатли мансабдор шахснинг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ёхуд ишни тугатиш ҳақида бекор қилинмаган қарори бўлса;
* иш фақат жабрланувчининг шикояти билан қўзғатилган ҳолларда унинг шикояти бўлмаса, ЖПКнинг 325 -моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ёшга тўлмаган бўлса
14. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида унга етказилган зарар Жиноят кодексининг шарҳланаётган моддасида қайд этилган ва жиноят ҳуқуқи назарияси томонидан ишлаб чиқилган қонунийликнинг тегишли шартларига жавоб берган ҳолатлардагина ҳуқуқий (қонуний) деб тан олинади.
Ушбу шартлар етказилган зарарнинг қонунийлигини қуйидаги шароитлардан келиб чиққан ҳолда аниқлайди: унинг ижтимоий фойдалилиги, зарарни фақат қонунда кўрсатилган шахсларга нисбатан етказишга ҳаракат қилинганлги, етказилган зарарнинг мутаносиблиги ва мажбурийлиги. Бундан ташқари, етказилган зарарнинг қонунийлигини алоҳида шарти сифатида ушлаш чорасини ошириб юбормаслик кўрсатилади. Қилмиш юқорида белгиланган шартларнинг барчасига жавоб берганда, зарар етказиш жиноий ҳаракатни тўхтатувчи ҳолат сифатида тан олиниши лозим бўлади.
15. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказишнинг қонунийлик даражасини белгиловчи бирламчи шартлардан бири ижтимоий фойдалилиги. Ижтимоий фойдалилик тушунчаси ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш зарурати билан бирга шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида зарар етказиш ҳолатини ҳам ўз ичига олади..
Жиноят содир этган шахсни ушлаш вақтида ўч олиш мақсадида унга зарар етказган бўлса, бундай ҳолларда ушлаб берган шахс етказган зарари учун умумий асосларда жавобгарликка тортилади.
16. Шахсни ушлаш мақсадида аниқлаш учун конкрет иш бўйича барча ҳолатларни, хусусан, ушлашни амалга оширган шахс фаолиятининг мотивлари, ушлашда танланган усул ва воситалар, шарт-шароит, еткзилган зарарнинг характери ва оғирлик даражаси, шунингдек, қасднинг йўналтирилганлигини ифодаловчи бошқа ҳолатлар таҳлил қилиниши керак.
17. Ижмтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга зарар етказишнинг шартлардан яна бири ушланиши мумкин бўлган шахслар доирасининг белгиланганлигидир. Бошқача қилиб айтганда, қонунда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларнигина ушлаш мумкинлиги белгилаб берилган. . Айбдор шахсни қисқа муддатга озодликдан маҳрум этиш мақсадида содир этилган жиноятга алоқаси бўлмаганлиги ушловчига маълум бўлган шахсларга нисбатан зарар етказилиши ўта мажбурий ҳолатлар қоидаси асосида баҳоланади. Ушловчи шахс ушбу ҳолатни англамасдан ҳаракат қилганда, унинг ҳаракатлари факттик хатолар қоидаси бўйича баҳоланиши лозим.
Шуни назарда тутиш лозимки, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашда унинг ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам зарар етказилиши мумкин. Хусусан, ушланаётган шахснинг соғлиғи ва мулкига муайян зарар етказилишига йўл қўйилади. Албатта шахсни ушлаётганда уни ҳаётидан маҳрум этиш мумкин эмас, лекин агар инсониятга қарши ёки террористик хати-ҳаракатларни бир неча марта содир этган, жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдирган шахсни ушлаш вақтида вазиятга қараб унинг ҳаётига зарар етказилиши мумкин. Бироқ, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида унинг ўлими юз берган ҳолатларда, суд ва тергов органлари етказилган зарарнинг мутаносиблигини, етказилган зарар содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ва характерига ушлаш ҳолатига нисбатан тўғри келиш - келмаслигини аниқлашлари лозим.
18.Зарар етказиш ушловчи учун, ушбу чорасиз ушловчи ҳамда бошқа учинчи шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари хавф остида коладиган ҳолатларда мажбурий чора бўлиши лозим. Бу эса ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашда зарар етказишнинг қонунийлигини белгиловчи яна бир шартдир. Зарар етказиш ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг энг сўнгги имкони, мажбурий чора бўлишиш керак. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, зарар етказишга мажбур бўлиш - бу доимо фактларга асосланади, яъни у маълум ишнинг ҳолатларига боғлиқдир. Зарар етказишнинг мажбурийлик ҳолатини аниқлаш мақсадида тергов ва суд органлари қуйидагиларни таҳлил қилишлари шарт.
* ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахснинг жиноий жавобгарликдан қочиш имкониятига эга ёки эга эмаслиги;. Бунда, суд ва тергов органлари ўз эътиборини ушлашга қаршилик кўрсатувчи шахснинг фаоллиги, қаршилик кўрсатиш чоралари, қилмиш содир этилган жойдан қочиши, шунингдек, огоҳлантирилгандан кейин ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаслиги каби ҳолатларни инобатга олишлари лозим.
* ушлашни амалга оширувчи шахснинг имконияти, ушлашни зарар етказмасдан амалга ошириши эътиборга олиниши лозим. Бундай имкониятни аниқлаш учун ушлашни амалга ошируви ва ушланувчи шахсларнинг сони, ёши, жинси, қуролланганлиги, жисмоний кучи ва шу кабилар инобатга олиниши керак.
19. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга зарар етказишнинг қонунийлиги етказилган зарар мутаносиб бўлган ҳоллардагина тан олинади. Бошқача айтганда, ушлаш вақтида етказилган зарар содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ва характерига ушлаш ҳолатига нисбатан тўғри келмаслиги мумкин эмас.
Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида унга етказилган зарарнинг қонунийлигини баҳолашда ушлаш вақтидаги шарт-шароитлар ва вазият, қилмишни содир этган шахснинг ушланишдан қочиш мақсдида қилган ҳарактлари, ушловчининг кучи ва имкониятлари, хавфлилик даражаси, руҳий ҳолати билан боғлиқ бўлган бошқа ҳолатлар ҳисобга олинади.
20. Шуни эътиборда тутиш жоизки, етказилган зарарнинг мутаносиблиги қонунда белгиланган барча шартларга, айнан, шахс ва жиноятнинг хавфлилиги ва ушлаш ҳолатига мувофиқ келиши шарт. Лекин, бу шартларнинг зарар мутаносиблигига таъсири ҳар хил бўлиб, хусусан, шахс ва жиноятнинг хавфлилиги энг юқори чегарани ёки бошқача айтганда, рухсат берилган зарарнинг энг юқори чегарасини белгилаб беради. Бунга биноан, жиноий ҳаракат қанчалик хавфли бўлса, уни содир этган шахсга шунчалик катта зарар етказилиши мумкин ва аксинча. Етказилган зарарни ушлаш ҳолатига мувофиқлиги бошқача маънога эга мезон бўлиб, у ушлаш учун фақат зарур ва кифоя бўлган зарарни етказиш лозимлигини белгилаб беради. Бунда шуни эътиборга олиш лозимки, шарт-шароитлар ушловчи учун қанчалик ноқулай бўлса, етказилиши кифоя бўлган зарарнинг даражаси шунчалик юқори бўлади, хатто, баъзи ҳолларда, рухсат этилган даражага ҳам тенг бўлиши мумкин ёки аксинча.
Шуни кўрсатиш лозимки, шарт-шароитни қулай ёки ноқулайлиги ҳар қайси ишда алоҳида баҳоланадиган фактларга боғлиқдир. Ушбу баҳолаш жараёнида ноқулай шарт-шароитлар сифатида ушловчи ва ушланган шахснинг куч, имконият ва воситалари ўзаро кам ёки кўп даражада тенг бўлган ҳолат ёки ушбу таққослаш ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахс фойдасига ҳал бўлган ҳолатлар қабул қилиниши лозим.
21. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашга қаратилган чора-тадбирлар қилмиш ва шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига мос келиши керак. Айбдор ва ушлаган шахснинг ҳаракатларида тенглик бўлмаган бўлса, ушлаш чоралари чегарасидан четга чиқиш ҳолати мавжуд бўлади. Зарурий чоралар чегарасидан четга чиқиш, деб топиш учун жиноятчини ушлаган шахс етказган зарар ва жиноятчи томонидан етказилган зарарларнинг тенг эмаслиги шарт, лекин бу тенгсизлик жиноятчини ушлаган шахс учун етарлича аниқ ва равшан бўлган бўлиши лозим. Ушлаш чоралари чегарасидан четга чиқиш оқибатида етказилган зарар нафақат очиқ ва равшан, балки ушлаш заруриятининг оқибатида вужудга келган бўлиши зарур. Айни пайтда, худди шундай ҳолатда шахс қаттиқ қаршилик кўрсатса ва қонун томонидан ҳимояланадиган ҳуқуқ ва эркинликларга зарар етказиш хавфини туғдирса, бу ҳолда етказиладиган зарар рухсат этилган чегарадан четга чиқмаслиги лозимдир. Бироқ, ушланишдан қочиш мақсадида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахс ушловчига ҳужум қилса, бу ҳолда у рухсат берилган чегарадан четга чиқувчи зарарни етказишга ҳақлидир. Лекин бу ҳолат шарҳланаётган модда қоидалари эмас, балки зарурий ўз-ўзини ҳимоя қилиш қоидалари асосида таҳлил этилади.
Шуни эътиборга олиш лозимки, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашда етказиладиган зарарнинг мутаносиблиги ушбу зарар жиноятчи етказган зарардан ошиб кетмаслигини талаб этмайди. Ушлаш вақтида етказиладиган зарар шахс ижтимоий хавфли қилмиш содир этиш натижасида етказган зарардан кам, унга тенг ёки ундан ошган бўлиши мумкин. Фақат шуни белгилаш лозимки, етказиладиган зарар ижтимоий хавфли қилмиш етказиши мумкин бўлган ва конкрет етказган зарарларга номутаносиб бўлмаслиги лозим, яъни шахсни ушлаш учун зарур бўлган чоралар белгиланган чегаралардан четга чиқмаган бўлиши зарур.
22. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида етказилган зарарнинг қонунийлигини белгиловчи алоҳида шарт сифатида ушлаш чораларини қўллашда чегарадан чиқиб кетмаслик. Ушлаш чоралари чегарасидан четга чиқиш деганда ушлаш воситалари ва усулларига, қилмиш ва уни содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилик даражасига, шунингдек, ушлаш шароитига бутунлай мос келмайдиган ва натижада ушланаётган шахсга қасддан зарар етказилишини тушуниш лозим. Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш чораларидан четга чиқиш - зарар етказишнинг мажбурийлиги ва нисбатан тенглик белгиларидан ташқари юқорида санаб ўтилган бошқа шартлар мавжуд бўлгандагина ҳуқуқий ҳисобланади. Албатта, кўп ҳолларда жиноятчини ушлаш вақтида унга маълум бир зарар етказилиши мумкин.
24. Жиноят кодексига биноан, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш учун зарур бўлган чораларни ошириб юбориш деб қўлланган чораларни ушлаш ҳолатига, ҳамда шахс ва у содир этган жиноятнинг хавфлилигига очиқ номутаносиблиги айтилади. Бунда, очиқ номутаносиблик тушунчаси тавсифий маънога эга бўлиб, ҳар қайси ҳолатда у алоҳида аниқланади. Айни ушлаш чоралари баъзи ҳолларда қонуний бўлса, бошқа ҳолларда чораларни ошириб юбориш сифатида баҳоланади. Суд ва тергов органлари ушлаш чораларидан четга чиқиш билан боғлиқ бўлган қилмишни квалификация қилишда унинг субъектив томонига эътибор қаратишлари шарт. Ушлаш чораларидан четга чиқишда эҳтиётсизлик билан ҳар қандай даражадаги шикаст етказиш ҳамда тажовуз қилаётган шахсни эҳтиётсизлик орқасида ўлдирганлиги учун мудофааланувчи жавобгарликка тортилмайди.
25. Жиноятчини ушлаб бериш ҳуқуқи жиноятчиликка қарши курашишнинг фойдали воситалардан биридир. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига ёши, ижтимоий келиб чиқиши, жинси ва мансабидан қатъи назар ҳар қандай жисмоний шахс эгадир. Айни пайтда, алоҳида бир гуруҳ шахсларга, яъни қонун томонидан махсус вакил этиб тайинланган шахсларга ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш уларнинг касб ёки хизмат бурчлари ҳисобланиб, улар ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашдан чекинишлари мумкин эмас. Бу гуруҳдаги шахсларга милиция, МХХ, прокуратура ва бошқа орган хизматчилари, яъни хавфсизлик ва жамоат тартибини сақлашга масъул шахслар киради. Махсус ваколатли шахслар билан бир қаторда жабрланувчи ва бошқа фуқаролар ҳам ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқига эгадирлар. Агар ҳар бир фуқаро жиноят содир қилган шахсларни ушлаб бериш ҳуқуқидан фаол фойдалансалар, ҳуқуққа хилоф қилмишларга кўз юмиб турмасалар, жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлиги ошади.
26. Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлашнинг қонунийлигини кўрсатувчи у ёки бу белгиларни ушловчи ҳаракатларида объектив томоннинг йўқлиги алоҳида эътиборга лойиқ масаладир. Хусусан, ушбу белгининг мавжуд эмаслиги ушлашнинг қонунийлигини (ушлаш субъекти, вақт чегаралари ва бошқалар), демакки, зарар етказишнинг қонунийлигини (зарар етказишга мажбур бўлиш ва уни ушлаш ҳолатига мувофиқлиги ва бошқалар) белгилашга тааллуқлидир. Бундай ҳолларда суд ва тергов ходимлари ушловчи шахснинг мавжуд фактик хатони аниқлашлари ва шунга боғлиқ тарзда, уни қуйидагича баҳолашлари лозимдир:
* шарҳланаётган модда қоидалари бўйича, вужудга келган шарт-шароитларда айбдор ўз тахминларининг хато эканлигини англамаган ва англаши мумкин бўлмаган ҳолатларда;
* эҳтиётсизлик орқасида содир этилган тегишли жиноят сифатида башарти ушбу ҳолатда шахс ўз тахмини нотўғри эканлигини англаши лозим бўлган лекин, англамаганлиги аниқланса;
* тегишли қасддан содир этилган жиноят сифатида, айбдор ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфини англаган тарзда уларни амалга оширишни истаган бўлса.
26. Тергов ва суд амалиётида у ёки бу қилмишни зарурий мудофаа, охирги зарурат ёки ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш, деб топишда уларни содир этилиш белгиларига кўра, фарқлаш масаласида айрим қийинчиликлар мавжуд. Шу билан бирга, қилмишни тўғри квалификация қила олиш - биринчидан, жиноий жавобгарликка тортилувчи шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилаш; иккинчидан, Жиноят кодекси олдида турган вазифаларни бажарилишини таъминлаш; учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг обрў-эътибори ва нуфузини кўтариш учун муҳимдир. Шу сабабли тергов ва суд органлари ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш вақтида зарар етказиш институтини зарурий мудофаа ва охирги заруратдан фарқлашда қуйидагиларга эътибор беришлари лозим:
* ушлашга бўлган ҳуқуқ ижтимоий хавфли қилмиш содир этилиши билан вужудга келса, зарурий мудофаа мудофааланувчи шахсга қарши йўналтирилган тажовуз содир этилиши билан, охирги заруратга бўлган ҳуқуқ эса нафақат шахсдан, балки хоҳлаган манбадан келиб чиқувчи хавфнинг пайдо бўлиши натижасида юзага келади;
* ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш бўйича ташаббус барча ҳолларда бундай ҳуқуққа эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади, зарурий мудофаа ва охирги заруратда эса шахс бундай шароитга кириб қолиши туфайли мажбур бўлади;
* ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ушлаш ҳуқуқи бундай қилмиш содир этилиши билан вужудга келади ва амалга оширилади, зарурий мудофаа ва охирги зарурат эса тажовуз ёки хавфнинг амалга оширилиши факти билан шартланган бўлади;
* ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлашдан асосий мақсад - бундай шахсни ҳокимият органларига топшириш бўлса, зарурий мудофаа ва охирги заруратда эса тажовузчини енгиш ва хавфни баратараф этиш ҳисобланади.



Download 6,47 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   34   35   36   37   38   39   40   41   ...   305




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish