276-модда. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш,сақлаш ва бошқа ҳаракатлар
Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмишлар:
а) кўп миқдорда;
б) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса, -
уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
1. Шарҳланаётган жиноятнинг объекти гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар олиб сотилиши соҳасидаги ижтимоий муносабатлар ҳамда аҳоли соғлиғи ва хавфсизлиги ҳисобланади.
2. Жиноят предмети - гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалардир.
3. Жиноят объектив томондан қуйидаги қилмишлардан бирини содир этишда ифодаланади, яъни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни:
* ишлаб чиқариш;
* сақлаш;
* эгаллаш;
* ташиш;
* жўнатиш.
(Бу тушунчалар тўғрисида ЖК 273-моддасининг шарҳига қаранг.)
4. Шарҳланаётган жиноятнинг субъектив томони айбнинг қасд шакли билан тавсифланади. Шахс қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни тайёрлаётганлигини, сотиб олаётганлигини, сақлаётганлигини ва бошқа ҳаракатлар содир этаётганлигини англайди ва мазкур қилмишларни хоҳлайди.
5. Ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти бўлади.
6. ЖК 276-моддасининг 2-қисмида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадисиз тайёрлаш, сақлаш, сотиб олиш, ташиш, жўнатиш:
а) кўп миқдорда;
б) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланади.
7. (Гиёвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг миқдорини кўп бўлмаган, озгинадан кўпроқ ва кўп миқдорларга мансублиги Руйхати Наркотикларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссиясининг 1998 йил 22 май кунидаги 3 -сонли Қарори билан тасдиқланган иловада келтирилган.
Мазкур иловага мувофиқ, кўп миқдорга: 5,0 гр. қуритилган марихуана; 50,0 гр. қуритилмаган марихуана;0,5 гр. гашиш мойи; 0,5 гр. тетрагидроканнабиноллар (барча изомерлари), 1,0 гр. опий,0,01 гр.дан 100 таблетка; 1,0 гр. опий экстракцияси; 0,5 гр. ацетилланган опий;10,0 гр. қуритилган кўкнор сомони, 50,0 гр. қуритилмаган кўкнор сомони; 0,1 гр. морфин (асоси ва тузи) 0,005 гр. героин ; 1,0 гр. кодеин (асоси ва тузи) ёки 0,015 гр. дан 66 та таблетка ва ҳоказолар киради (ИИВ))
Гиёҳвандлик воситалари миқдорини кўп бўлмаган ва кўп миқдорга киритиш рўйхати 1995 йил 1 апрелдаги 13-4-1-сонли Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат комиссияси қарори билан маъқулланган 3-иловада келтирилган.
Мазкур иловага мувофиқ, кўп миқдорга: 500 гр (ҳар қандай усулда қуритилган) марихуана (каннабис), 2,5 кг қуритилмаган марихуана; 100 гр гашиш мойи; 5 гр тетрагидроканнабиоллар, унинг барча изомерлари; 50 гр опий (жумладан, ҳар бири 0,02 гр тиббий таблеткаларнинг 5000 донаси), 50 гр опий экстракцияси; 20 гр ацетилланган опий (қуритилган модда ҳисобида); 1 кг қуритилган кўкнор сомони (ҳар қандай усулда); 5 кг қуритилмагани; 2,5 гр морфий (асоси ва тузи), яъни 1 фоизли суюқ аралашмали 250 ампула; 1 гр героин; 10 гр кодеин (асоси ва тузи) ёки 0,015 гр 670 дона таблетка ва ҳоказолар киради.(Р.М.Х.)
8. (ЖК 276-моддаси 2-қисми “б” бандидаги илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс тушунчаси тўғрисида ЖК 270-моддаси шарҳига қаранг).
Шарҳланаётган модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |