274-модда. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш
Гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга жалб этиш -
уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ жойларида;
в) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан содир этилган бўлса, -
олти ойгача қамоқ ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноят объекти аҳолининг cиҳат-саломатлиги, жамоат хавфсизлиги соҳасида амал қиладиган ва кишиларнинг ақл-идрокига таъсир этадиган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан муомала қилишнинг белгиланган тартибини таъминлайдиган ижтимоий муносабатлардир.
2. Жиноят предмети ақл-иродавий фаолиятга таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалардир.
3. 1999 йил 19 августдаги “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Қонун қуйидагиларга аниқлик киритади:
* гиёҳвандлик воситалари - гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган препаратлар ва ўсимликлар;
* психотроп моддалар - психотроп моддалар рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
* гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг аналоглари - кимёвий тузилиши ва хоссаларига кўра гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга ўхшаш, улар сингари руҳиятга фаол таъсир этувчи, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар;
* препарат - моддаларнинг ҳар қандай физик ҳолатдаги, таркибида битта ёки бир нечта гиёҳвандлик воситалари ёхуд психотроп моддалар бўлган аралашмаси.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961, 1971, 1998 йилги тавсияларига мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки прекурсорлар таснифи (рўйхати)” Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш давлат комиссиясининг 1995 йил 1 апрелдаги 13-4-1-сонли Қарорига мувофиқ маъқулланган.
Бу таснифга қуйидагилар киритилган: амалдаги халқаро конвенцияларда қўлланиладиган халқаро рўйхатга олинган ёки олинмаган атамали моддалар; изомерлар, уларнинг мавжудлиги бу моддаларнинг кимёвий формуласи доирасида мавжуд бўлиб, барча ҳолларда изомерлар истисно этилмаган бўлса; бу моддаларнинг мураккаб ёки оддий эфирлари, агарда уларнинг мавжудлиги мумкин бўлса; мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳолларда мураккаб, оддий ва изомерлар тузлари; қонунда кўзда тутилган истиснолардан ташқари бўлган модда ва препаратлар.
1999 йил 19 август куни қабул қилиниб, 2000 йил 1 январь кунидан кучга кирган «Ўзбекистон Республикасининг гиёхвандлик воситалари ва психотроп моддалари» тўғрисидаги Қонунининг 4-моддасида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961, 1971, 1988 йиллардаги Конвенцияларининг талабларини бажариш мақсадида, 4 хил рўйхатлар кўрсатиб ўтилган:
1- рўйхат - Ўзбекистон Республикасида муомаласи ман этилган гиёхвандлик воситалари рўйхати.
2 -рўйхат -Ўзбекистон Республикасида муомаласи чекланган гиёвандлик воситалари рўйхати.
3 - рўйхат - Ўзбекистон Республикасида муомаласи
чекланган психотроп моддалари рўйхати. -
4 - рўйхат - Ўзбекистон Республикасида муомаласи
чекланган прекурсорлар рўйхати.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали гиёвандлик воситалари, психотроп моддалари ва прекурсорларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит қилиш тўғрисидаги» 2000 йил 31 октябрь кунидаги 293 -сонли Қарорининг 1 - банди 2 -қисмига кўра юқорида кўрсатиб ўтилган 4 дона рўйхатлар тасдиқланиб, қарорга 2 - 5 илова этилган.
2 -иловада 1-рўйхат эълон қилинган бўлиб, унга 159 та гиёвандлик воситалари киритилган.
3 -иловада 2 -рўйхат эълон қилинган бўлиб, унга 61 та гиёвандлик воситалари киритилган.
4 -иловада 3 -рўйхат эълон қилинган бўлиб, унга 83 та психотроп моддалар киритилган.
5 -иловада 4 -рўйхат эълон қилинган бўлиб, унга 26 та прекурсорлар киритилган.(ИИВ)
Тасниф тўрт жадвалдан иборат. Гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати I ва II жадвалларда келтирилган.
I жадвал ўта хавфли бўлган ва тиббий мақсадларда фойдаланилмайдиган ўсимликлар ва моддалар номини ўз ичига олади. Моддаларнинг бу гуруҳи ўта хавфли бўлиб, передозировкага мойиллик ҳамда мутеликни келтириб чиқаради.
II жадвал 1961 йилги Гиёҳвандлик воситалари тўғрисидаги Конвенция тавсиялари I ва II рўйхатидан иборат бўлиб, ўта хавфли ҳамда тиббий мақсадларда қўлланиладиган ўсимлик ва моддалардан иборат. II жадвалнинг I рўйхати 77 атамани ўз ичига олади. (Р.М.Х.)
4. 1971 йилги Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенцияга кўра, психотроп моддалар рўйхатига фақат патологик мутеликни, аҳоли соғлиғига хавф ва ижтимоий муаммолар келтириб чиқарувчи, инсоннинг марказий асаб тизимига депрессив таъсир қилувчи, галлюцинация келтириб чиқарувчи, ҳаракат функцияси, фикрлаш, хулқ-атвор, англашнинг бузилишига олиб келувчи моддалар киритилган. Психотроп моддалар ҳам гиёҳвандлик воситалари каби уч (тиббий, ижтимоий ва норматив) мезоннинг мажмуаси билан тавсифланади. Уларга нисбатан муомаланинг махсус ҳуқуқий тартиби (режими) белгиланган.
5. Психотроп моддалар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг гиёхвандлик воситалари ва психотроп моддалари» тўғрисидаги Қонунининг 4-моддасида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1961, 1971, 1988 йиллардаги Конвенцияларининг талабларини бажариш мақсадида, 4 хил рўйхатлар кўрсатиб ўтилган.(ИИВ)
Гиёҳвандлик моддаларини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси давлат комиссиясининг 13-4-1-сонли Қарорига 2-иловада келтирилган. Бу рўйхат 1971 йилги Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция тавсияларига асосан тузилган I, II, III, IV рўйхатларни ўз ичига олувчи I, II, III жадвалларда берилган.
III жадвалда III ва IV рўйхатлар мавжуд.
III рўйхат амобарбитал, бупренорфин (морфин), буталбитал, катин, циклобарбитал, глутетимид, пентазоцин, пентобарбиталдан иборат.
IV рўйхат 24 атамадан иборат бўлиб, барбитал, бенамфетамин, бромазепам, фенкамфамин, галазепам, нимитазепам, пемолин, фенобарбитал кабиларни ўз ичига олади. Бу жадвалларга тиббий мақсадларда фойдаланиладиган ва муайян хавф туғдирадиган ўсимлик ва моддалар номи киритилган. Булар транквилизаторлар, антидепрессантлар, тез таъсир қилувчи барбитуратлар ҳамда кенг қўлланиладиган, мутелик келтириб чиқаришда ўрта даражадаги хавфли бошқа дори-дармон моддалардир.(Р.М.Х.)
6. Ақл-идрокга таъсир қилувчи бошқа моддаларга, онгни заҳарлайдиган, маиший ҳаётда, ишлаб чиқаришда, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда кенг қўлланиладиган мутеликни келтириб чиқарувчи препаратлар кириб, улар билан муомалада бўлишнинг алоҳида тартиби белгиланган эмас. Бу моддалар ва воситалар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги халқаро конвенциялар ва ички давлат нормаларида ифодаланмаган бўлса, улар ақл-идрокка таъсир қилувчи бошқа моддалар сифатида кўрилиши керак.
7. Шарҳланаётган модданинг объектив томони бошқа шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки бошқа моддаларни ҳар қандай шаклда истеъмол қилишга йўналтирилган фаол хулқ-атвори (хатти-ҳаракати) билан тавсифланади.
8. “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш деганда, шахсда уларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳар қандай қасддан қилинган ҳаракатлар (унатиш, таклиф қилиш, маслаҳат бериш ва шу кабилар), шунингдек, таъсир ўтказилаётган шахсни гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилдириш мақсадида алдаш, руҳий ёки жисмоний зўрлик ишлатиш, озодлигини чеклаш ва ҳоказолар тушунилиши лозим”1. (буни ўзгартириш керак)
9. Ақл-идрокка таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни истеъмол қилишга жалб қилиш ишонтириш ва мажбурлаш йўли билан амалга оширилиши мумкин.
10. Ишонтириш йўли билан жалб қилиш руҳий таъсирдан иборат бўлиб, бошқа шахсда гиёҳвандлик воситалари ва бошқа моддаларни таклиф, илтимос қилиш, маслаҳат, ваъдалар бериш, руҳлантириш, мазаҳ қилиш, хушомад, мукофот ваъда қилиш (сотиб олиш) ва бошқа йўллар билан хоҳиш уйғотишдир.
11. Мажбурлаш йўли билан жалб қилиш руҳий ёки жисмоний зўрлик ишлатиш бўлиб, у жабрланувчининг иродасини синдиришга йўналтирилгандир. Бундан мақсад - дўқ-пўписа, қўрқитув, алдов, эркини чеклаш, дўппослаш, калтаклаш, қийноққа солиш, ҳар хил даражадаги тан жароҳатлари етказиш ва бошқа зўрлик усуллари воситасида жабрланувчини қонунда кўзда тутилган моддаларни истеъмол қилишга мажбур этишдир.
12. Жисмоний зўрлик йўли билан жалб қилишда жабрланувчи баданига енгил ёки ўртача оғирликда шикаст етказилса, айбдор қилмиши ЖК 274-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилинади. Бироқ жабрланувчига оғир шикаст етказилган тақдирда, айбдор қилмиши жиноятлар мажмуи тариқасида ЖК 104-моддаси ва ЖК 274-моддаси 1-қисми бўйича квалификация қилиниши лозим.
13. Жабрланувчини келтирилган моддаларни истеъмол қилишга жалб қилган шахс, уларни ўтказган, қонунга хилоф равишда эгаллаган, тайёрлаган, сақлаган, жўнатган, олиб ўтган бўлса, унинг қилмиши ЖК 274, 271, 273-моддалари билан жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилинади.
14. Жиноят айбдор томонидан шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки инсоннинг ақл-идрокига таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этишга қаратилган ҳаракат содир этилган вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади. Бунда шахснинг бу моддаларни истеъмол қилган-қилмаганлиги аҳамиятсиз.
15. Жиноятнинг субъектив томони айбнинг тўғри қасд шаклида ифодаланади. Айбдор шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки инсоннинг ақл-идрокига таъсир қилувчи моддаларни истеъмол қилишга жалб этаётганлигини англайди ва шуни хоҳлайди.
16. Ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти бўлади.
17. Вояга етган шахс вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситаларини, психотроп ва ақл-идрокка таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб қилган ҳолатларда қилмиш ЖК 127-моддаси бўйича квалификация қилинади.
18. Вояга етмаган шахснинг вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки ақл-идрокка таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб қилишини ЖК 274-моддаси бўйича квалификация қилиш лозим.
19. Агар субъект илгари Жиноят кодекси Махсус қисмининг XIX бобида ёки ЖК 127-моддасида назарда тутилган гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказишдан иборат жиноятларнинг бирортасини содир этган бўлса, унинг ҳаракатлари, қилмиш учун судланган-судланмаганлигидан қатъи назар, ЖК 274-моддаси 2-қисми “а” банди бўйича квалификация қилинади.
20. Агар гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этадиган бошқа моддаларни истеъмол қилишга жалб этиш озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ўташ жойларида амалга оширилса, қилмиш ЖК 274-моддаси 2-қисмининг “б” банди бўйича квалификация қилинади.
21. “Айбдорнинг икки ёки ундан ортиқ шахсларда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни истеъмол қилиш майлини уйғотишга қаратилган ҳаракатлари, бу ҳаракатлар бир неча шахсларга нисбатан бир вақтнинг ўзида ёки уларнинг ҳар бирига нисбатан турли вақтда содир этилганлигидан қатьи назар, ЖК 274-моддасининг 2-қисми “в” банди билан квалификация қилиниши керак”.
Do'stlaringiz bilan baham: |