227-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар,бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш
Корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларнинг қатъий ҳисобидаги ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, шунингдек, уларни нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда содир этилган бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳум аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган бўлса;
б) оғир оқибатларга сабаб бўлса, -
энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
1. Жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, у расмий ҳужжатларни юритиш тартибини бузиб, бунинг оқибатида фуқаролар, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқларига зарар етказади. Кўпинча ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки яшириш бошқа жиноятларни содир этиш учун шарт-шароит яратиб беради (масалан, талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, контрабанда ва ҳоказо).
2. Жиноятнинг объекти сифатида қонунчилик ва давлат ҳокимияти ҳамда бошқарув органларининг талабларига биноан ўрнатилган расмий ҳужжатларни қайд этиш, юритиш ва сақлаш тартиби бўйича муносабатлар ҳамда фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари тушунилади. Шарҳланаётган жиноят предметлари ҳужжат, штамп, муҳр ва бланкалар ҳисобланади. Қонунда кўрсатилган предметлардан асосийси “ҳужжат” тушунчасидир, чунки штамплар, муҳр ва бланкалар айни ҳужжатларни тайёрлаш ва расмийлаштириш учун мўлжалланган.
3. Ҳужжат - юридик аҳамиятга эга бўлган маълумотлар мавжуд ёзма актдир. Жиноят предмети сифатида қонун, шунингдек, паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа муҳим шахсий ҳужжатни қайд этиб ўтади (Ҳужжат, расмий ҳужжат тушунчалари ҳақида ЖК 209-моддаси шарҳига қаранг).
4. Шарҳланаётган жиноят предметига, шунингдек, электрон ҳужжатни ҳам киритиш мақсадга мувофиқ.
Электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатларнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган ахборот электрон ҳужжат дейилади. Электрон ҳужжат техника воситаларидан ва ахборот тизимлари хизматларидан ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланилган ҳолда яратилади, ишлов берилади ва сақланади. Шу муносабат билан, тегишли шарт-шароитлар мавжудлигида электрон ҳужжатни эгаллаш, нобуд қилиш, унга шикаст етказиш ёки яширишда айбдор шахс жиноятлар мажмуи тариқасида шарҳланаётган модда ва ЖК 174-моддаси бўйича жавобгарликка тортилиши керак. Бироқ, агар электрон ҳужжатга нисбатан жиноят компьютер тизимига кирмасдан содир этилса, айбдорнинг ҳаракатлари фақат ЖК 227-моддаси бўйича квалификация қилиниши керак.
5. Штамп - уларга нисбатан тайёрлаш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланган ахборотни тасдиқлаш ёки ҳужжатларни рўйхатга олиш воситаси. Штамплар бурчак, рўйхатга олиш (ҳисоб), ахборот, шунингдек, шахсий штампларга бўлинади.
Бурчак штамп - юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахсни ташкил этмайдиган деҳқон хўжалиги номидан чиқадиган ҳужжатларга қўйиладиган штамп.
Рўйхатга олиш (ҳисоб) штампи - ҳужжатларни рўйхатга олиш ва ҳисобга қўйиш учун ишлатиладиган штамп, шу жумладан расмий штамп.
Ахборот штамплари - юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор, юридик шахсни ташкил этмайдиган деҳқон хўжалигининг, шунингдек, божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг ахборий тусдаги, бурчак ва рўйхатга олиш штампларига кирмайдиган бошқа штамплари.
Шахсий штамп - жисмоний шахслар ўз эҳтиёжлари учун ишлатадиган, номли ёки номсиз штамп.
6. Муҳр - юридик ёки жисмоний шахснинг тўлиқ номи ёзилмаган матннинг рельефли ёки ўйма тасвирдан иборат ва қоғозда, сақичда, пластилинда ёки бошқа материалларда ўзидан нусха қолдириш учун хизмат қилувчи босма қолипдир. Штампнинг босмасидан фарқли ўлароқ, муҳрнинг босмасига тузатиш ва қўшимчалар киритиш мумкин эмас.
Муҳр ваколатли шахс томонидан у билдирган истак-хоҳишнинг ёки унга нисбатан тайёрлаш, сақлаш ва фойдаланишнинг алоҳида тартиби белгиланган бошқа ахборотнинг ҳақиқийлигини қўшимча равишда расман тасдиқлаш учун ишлатиладиган восита. Муҳрлар асосий, таркибий, шахсий ва ёрдамчи муҳрларга бўлинади.
Асосий муҳр - юридик шахс, якка тартибдаги тадбиркор, юридик шахсни ташкил этмайдиган деҳқон хўжалиги номидан чиқадиган ҳужжатларни тасдиқлаш учун ишлатиладиган муҳр. Бунда шартномалар, ишончномалар, банк ҳужжатлари ва пул ҳамда моддий маблағларни тасарруф этиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар фақат асосий муҳрлар билан тасдиқланади.
Таркибий муҳр - бевосита юридик шахснинг таркибий бўлинмаси номидан чиқадиган ҳужжатларни тасдиқлаш учун ишлатиладиган муҳр.
Шахсий муҳр - хусусий амалиёт билан шуғулланадиган ёки даволаш муассасаларида ишлайдиган шифокорлар томонидан тиббий ҳужжатларни тасдиқлаш учун ишлатиладиган муҳр, шунингдек, нотариуслар ишлатадиган муҳр.
Ёрдамчи муҳр - юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсни ташкил этмайдиган деҳқон хўжаликларининг уларнинг асосий муҳр билан тасдиқлашни талаб этмайдиган ички ҳужжатларини тасдиқлаш учун ишлатиладиган муҳр.
Муҳрларнинг алоҳида турини давлат герби туширилган доира шаклига эга бўлган гербли муҳрлар ташкил этади.
Муҳрлар турли хил жисмлар (резина, каучук, пластмасса)дан тайёрланади, турли конфигурацияга ва бошқа ўзига хос белгиларга эга. Муҳрлар жумласига, шунингдек, хоналар, омборхоналар, ўрамлар ва ҳоказоларни хатлаш мақсадида сақичда, пластилинда муҳр ўрнида босиладиган босма қолиплар ҳам киради.
7. Бланка - бу бурчак ёки марказда штамп босмаси туширилган ёки исталган усулда штамп матни босилган ёки бошқа матнли (матнли расм) бўлган ҳамда ҳужжатни тайёрлаш учун фойдаланиладиган қоғоз варағи (лицензия, паспорт, гувоҳнома, сўровнома, ариза ва бошқалар бланкаси). Булар орасида қатъий ҳисобдаги бланкалар ажралиб туради, улар алоҳида тартиб рақами (серияси), махсус фойдаланиш режимига эга. Шарҳланаётган жиноят предметига фақат қатъий ҳисобдаги бланкалар киради.
8. Паспорт - Ўзбекистон Республикасида ва қатор чет эл мамлакатларида шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи умумий расмий ҳужжат (фуқаро паспорти, умумфуқаро хорижий паспорти, хизмат хорижий паспорти). Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини ва унинг эгаси шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.
Ҳарбий билет - Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ҳарбий хизматга муносабатини, унинг шахсини ва ҳарбий унвонини тасдиқловчи ҳужжат.
9. Бошқа муҳим шахсий ҳужжатларга: алоҳида категорияли фуқаролар учун паспорт вазифасини бажарувчи ҳужжатлар (ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқловчи гувоҳнома, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома, ҳарбий билет, пенсия гувоҳномаси ва ҳоказо); айрим хорижий юртларда паспорт вазифасини бажарувчи ҳужжатлар (ҳайдовчи гувоҳномаси, суғурта карточкаси ва бошқалар); шаклланган ҳуқуқий татбиқ этиш амалиётига кўра муҳим шахсий ҳужжатлар сирасига кирадиган бошқа ҳужжатлар (олий ўқув юртини битирганлик тўғрисидаги диплом, илмий даража ва илмий унвонларни тасдиқловчи диплом ва аттестатлар, хизмат гувоҳномаси, меҳнат дафтарчаси ва ҳоказолар).
10. ЖК 227-моддаси 1-қисмида жавобгарлик кўзда тутилган жиноятнинг объектив томони ҳужжат, штамп, муҳр ва бланк билан шарҳланаётган модданинг диспозициясида берилган қуйидаги альтернатив ҳаракатларни содир этиш билан тавсифланади: эгаллаш, нобуд қилиш, шикаст етказиш, яшириш. Бу ҳаракатлардан бирон-бири модданинг диспозициясидаги предметлардан бирига нисбатан содир этилиши жиноий жазога лойиқ топилиб, қонун бўйича таъқиб этилади.
11. Ҳужжатни (штамп, муҳр ва ҳоказоларни) эгаллаш деганда, кўрсатилган предметларни расмий ҳужжат айланишидан ёки эгаликдан исталган усул орқали ғайриқонуний чиқариш ва уларни тамагирлик ёки бошқа паст ниятларда ўзининг ёхуд бошқа шахснинг фойдасига ўзлаштириш тушунилади. Ҳужжатларни, муҳрларни ва бошқа қонунда кўрсатилган предметларни эгаллаш пайтида зўрлик ишлатилган ҳолларда қилмишни шахсга қарши жиноятнинг тегишли моддаси билан жиноятлар мажмуи тариқасида квалификация қилиш зарур.
Жиноят ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар ҳақиқатда ҳам айбдор ихтиёрига ўтган пайтдан эътиборан тугалланган ҳисобланади.
12. Ҳужжатни (штамп, муҳр ва ҳоказоларни) нобуд қилиш - бу айтиб ўтилган предметларни идентификация қилиш ва улардан хизмат мақсадида фойдаланиш имкониятининг қолдирилмаганлигидир. Нобуд қилиш деб натижада жиноят предметлари моддий, жисмонан мутлақо йўқолиб кетишига сабаб бўлган ҳар қандай ҳаракатларни тан олиш керак.
Кўрсатиб ўтилган предметларни айбдор шундай ҳолатга келтирган пайтдан эътиборан жиноят тугалланган ҳисобланади.
13. Ҳужжатга (штамп, муҳр ва ҳоказоларга) шикаст етказиш - бу айтиб ўтилган предметларни идентификация қилиш мумкин бўлган, аммо уларни қайта тикламай туриб, хизмат мақсадларида фойдаланиш анча қийин ёки мумкин бўлмайдиган ҳолатга келтирган зарар етказишдир.
Ҳужжатни ўзгартирилган шаклда фойдаланиш учун унинг мазмунини қасддан ўзгартириб етказилган шикаст ЖК 209-моддаси ёки ЖК 228-моддаси бўйича квалификация қилинади.
14. Ҳужжатни (штамп, муҳр ва ҳоказоларни) яшириш - айтиб ўтилган предметларнинг улардан адресатга, эгасига, ижрочига хизмат мақсадларида фойдаланиш имконини бермайдиган даражда яшириб қўйилишидир.
Жиноят яшириб қўйилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.
Жиноятни ЖК 227-моддаси бўйича квалификация қилиш учун шарҳланаётган қилмиш предметлари кимнинг тасарруфида эканлигининг аҳамияти йўқ. Улар юридик шахс, муассаса, корхона ёки оддий шахснинг тасарруфида бўлиши мумкин.
16. Жиноятнинг субъектив томони айб тўғри қасд шаклида, ғаразли ёки бошқа паст ниятлар (қасос, рашк ва бошқалар) мавжуд бўлиши шартлиги билан тавсифланади.
17. (Ғаразли мақсад ва бошқа шахсий манфаатдорлик тушунчалари ҳақида ЖК 205, 209-моддалари шарҳларига қаранг).
18. Субъект ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай ақли расо шахс бўлиши мумкин. Агар ЖК 227-моддаси диспозициясида қайд этилган ҳаракатларнинг бирон-бири мансабдор шахс томонидан ўзининг хизмат ваколатларидан фойдаланган ҳолда содир этилса, унинг ҳаракатларини жиноятлар мажмуи тариқасида ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиисътемол қилиш сифатида ва шарҳланаётган модданинг тегишли қисми бўйича квалификация қилиш зарур.
19. Шарҳланаётган модданинг 2-қисмида:
а) паспорт, ҳарбий билет ёки бошқа ўта муҳим шахсий ҳужжатларга нисбатан ёхуд ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларга нисбатан содир этилган;
б) оғир оқибатларга сабаб бўлган жиноят предметларини эгаллаш, нобуд қилиш, шикаст етказиш ёки яшириш учун жавобгарлик белгиланган.
Ҳужжатларнинг ўта муҳимлиги ва келиб чиққан оқибатларнинг оғир ёки оғирмаслиги суд томонидан ҳар бир муайян ҳолатда алоҳида ҳал этилади.
20. Ўта муҳим ҳужжатлар деб, жумладан, давлат сири, ҳарбий сир, тадбиркорлик ёки банк сирларини ўз ичига олган ҳужжатларни, жиноят ишида мавжуд бўлган процессуал ҳужжатларни тан олиш керак.
Ўта муҳим бланкаларга олий давлат ҳокимияти ва бошқарув органининг бланкалари, масалан, хусусийлаштириш ордери, савдо қилиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар бланкалари киради.
Оғир оқибатларга давлат сирларининг ошкор этилиши, корхона, муассаса, ташкилотлар фаолиятидаги тўхташлар, уларга жуда кўп зарарлар келтириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зиён етказишларни киритиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |